Ғаройиб ўн олтилик

Аллоҳ барчамизга ҳаёт бериб қўйган. У бизга омонат. Уни рисоладагидек, жамият ва оиламиз учун фойдали яшаяпмизми? Албатта, ҳаммамиз учун жон ширин, лекин доим ҳам тўғри йўл тутиш имкони бўлмайди. Қуйида ҳаётимизга мазмун ва ранг-баранглик олиб кирувчи, руҳан ва жисмонан саломатлигимизни мустаҳкамловчи 16 тавсияни сизга илинмоқдамиз:

Танаффус қилинг! Қилаётган ишларингиздан бироз фориғ бўлиб, нимадир бошқача иш қилинг: ўқиган мактабингизга боринг, саёҳатга отланинг, анчадан бери кўришмаган қариндошингизникига боринг ва ҳоказо.

“Йўқ” дейишни ўрганинг! Бировнинг илтимосига рад жавобини бериш мушкул. Аммо сиз қўлингиздан келмайдиган ишга “ҳа” деб қўйиб, ортиқча ташвиш орттирасиз. Йўқ жойдан ўзингизга муаммо чиқариб, ўнғайсиз аҳволга тушиб қолмаслик учун, аввал ўйлаб, кейин ваъда берганингиз маъқул. Одамлар олдида ноқулай ҳолатга тушавериш стрессга олиб бориши мумкин.

Машқ қилинг! Қанча кўп жисмоний машқларни бажарсангиз, шунча ёш ва кўркам бўласиз. Олимларнинг айтишича, кунига 15 минутлик машқлар инсон умрини ўртача 3 йилга узайтирар экан.

Хатоларингиздан хулоса чиқаринг! Бирор хатога йўл қўйганингизда уни янги нарса ўрганиш учун имконият деб билинг. Битта хатони қайта-қайта такрорлайверманг. Бу атрофдагиларнинг ишнчини ва ўзингизнинг ўзингизга бўлган ишончингизни емиради.

Ҳаётингизни соддалаштиринг! Одамларда одатда керагидан ошиқроқ нарсалар бўлади. Уйингиз, умуман, атрофингиздаги сизга керак бўлмаган нарсаларни камайтиринг. Анча енгиллашасиз!

Яхшилик қилиб туринг! Атрофдагиларга беғараз кўмак беришни канда қилманг. Тадқиқотлар кўрсатишича, одамларга ёрдам бериб яшайдиган инсонлар бахтлироқ ва узоқроқ умр кечирадилар.

Яхши тарафни кўришга ҳаракат қилинг! Олимларнинг таъкидлашича, оптимистлар пессимистларга нисбатан 7.5 йил узоқ яшаркан. Қувноқ инсонларнинг дўст орттириши осон бўлиши ҳам бор гап.

Уйқунгиз маромида бўлсин! Қулай ётоқ ва маромидаги уйқу ҳаётимизга ёрқин ранглар қўшиши аниқ.

Пул жамғаринг! Пул жамғаришнинг кечи йўқ. Кўп бўлиши шартмас. Иложи борича эртароқ бошланг жамғаришни. Зарур пайтда бировнинг қўлига қараб қолмайсиз.

Яхши овқатланинг! Мева ва сабзавотларнинг кўп истеъол қилиш, парҳез тутиб туриш танамизга кони фойда.

Ташланг! Ҳа, ичиш ва чекишни ташланг. Ташлаганингизни жисмингиз 24 соат ичида сезади. Бундан танангиз ҳам, кармонингиз ҳам наф кўради.

Тишларингизни текширтиринг! Кўпчилиик стоматологни хушламайди, лекин вақтида бормасангиз, кейин афсус қиласиз. Йилда икки бор стоматолог қабулида бўлинг.

Жилмайинг! Самимий табассум ва беозор кулгу инсон умрини узайтириши сир эмас. Кулгу яхшигина жисмоний машқ ҳамдир.

Сув ичинг! Сув сизни соғлом, чиройли ва хотиржам қилади.

Хавотирланманг! Ўзингизда йўқ нарса учун ташвиш чекманг. Ҳозир йўқлигининг боиси – ҳали мавриди эмас. Агар Аллоҳ истаса, вақти келиб, бўлади.

Асосийси, тақдирингиздан асло нолиманг! Бу сизга ҳеч қандай наф бермайди! Ҳаётингизда бор одамлар ва нарсалар учун Парвардигорга ҳамду санолар айтинг.

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: