Фикрлашда ўртачалик Муҳим

Катталаримиздан эшитиб улғайганим оддий, лекин пурмаъно сўзларни бот-бот эслаб тураман: “Меъёрни унутма!”

Чин сўзим, авваллари бу ибора фақат еб-ичиш-у, ётиб-туришга тааллуқли деб ўйлардим. Ахир болаликда, ёшликда муаммолар асосан шу нарсалар билан боғлиқ бўлади.

Ёш улғайиб, бироз тажриба пайдо бўлгач, “меъёр” тушунчаси анча кенгроқ қамровга эга эканини идрок қиляпман.

Бу қораламада сал ноодатий йўналиш – фикрлаш, ақлни ишлатишдаги меъёр ҳақида мулоҳазаларимни баён этмоқчиман.

Тўғрисини айтсам, бу мавзуга қўл уришга бир синфдошим сабабчи бўлди. Исми Анвар. Ўзбек маҳаллада ўсиб-улғайган. Жаҳоннинг нуфузли университетларида таълим олиб, ҳозирда машҳур ҳалқаро ширкатлардан бирида ишлайди. Инсоний муносабатлар, касбий билимларига фақат ҳавас қилиш мумкин. Лекин ҳаёт, тақдир, эътиқод масалаларида бундай деб бўлмайди. Йўқ, мен уни эътиқодсизлик, худосизликда айбламоқчи эмасман. Шунчаки, нега дунёвий билимлар қандайдир илмий манба, улуғ олимларнинг фикрига асосланган бўлиши кераклигига етган ақли, диний билимларда ҳам шундай бўлишига етмаслигига тушунмайман.

Келинг, охирги фикримни соддалаштирай. Айтайлик, кимё соҳасида Хомченко дарслиги муҳим манба, эр-хотин Кюрилар, Менделеев каби олимлар соҳанинг тан олинган даҳолари. Бирор савол ёхуд муаммога ечим сифатида уларнинг фикрлари биринчи эътиборга олинади. Тўғрими?

Ўша синфдошим ҳам буни тасдиқлайди. Тан олади. Аммо дин ва Худони танишда ўз ақли билан фикр юритишни афзал кўради. Мен ақл тарозусидан фойдаланишга қаршимасман, агар МЕЪЁРИДА фойдаланса.

“Нега у бунақа?”, “Нега бу унақа?” каби саволлари кўп. Саволларига жавобни мўътабар китоблардан топишини билсада ўқимайди. “Зарурати йўқ, менинг ақлим қабул қилмайди барибир”, деган ўй миясига қуйилиб қолган.

Ғайбий масалаларда ақлга таяниб бўлмаслиги, Қуръон ва ҳадисга асосланган мазҳабимизнинг йирик манбаларигина йўл кўрсатиши мумкинлигини айтсангиз дарров: “Нима Исломда ҳур фикрлаш йўқми?!” деган иддаони эшитасиз.

Сергаплигим учун маъзур тутасиз! Шунча гапни сўзлашимдан мақсадим битта эди – фикрлашда ҳам меъёр бўлмоғи лозим. Хусусан, дин ва эътиқод масалаларида эҳтиёт бўлмаган инсон тойилиб кетиб, охиратини барбод қилиб қўйиши ҳеч гапмас. Аллоҳ барча қобилият ва сезгиларимизни чегаралаб, қайсидир нуқтадан ошолмаслигини унутмаслигимиз зарур.

“Дунёда шунча йил умр кўриб, илм ўргандим ва бир нарсани тушуниб етдим: ҳеч нарсани билмас эканман” қабилидаги сўзлар дунёни зир титратган бир неча даҳолар оғзидан янграганини ҳам унутмайлик.

Эринмай ўқиганингиз учун ташаккур! Аллоҳ ҳеч биримизни тўғри йўлидан адаштирмасин! Дуоларингизда камина Жасурбекни ҳам эсланг, илтимос.

Мақолани тугатаётиб ҳазрат Умар ибн Хаттобнинг сўзлари ёдимга келди: “Агар эътиқодингизга кўра яшамаётган бўлсангиз, яшаганингиз каби эътиқод қилишни бошлайсиз”. Жуда-жуда узоқларни кўзлаб айтилган гап…

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: