«Адаштирадиган бойликдан… паноҳ сўрайман» Муҳим

Дуонинг сўзларига қулоқ тутаман: «Раббим, ожизликдан, фақирликдан, бахилликдан, қўрқоқликдан, дангасаликдан, ҳийлакор дўстдан, фойдасиз илмдан, қабр азобидан, йиғлай олмайдиган кўздан, ғам ва қайғудан, қўрқмайдиган қаттиқ қалбдан, ҳар турли касалликдан, ҳаётнинг фитналаридан, қарздорликдан, қабул бўлмайдиган дуодан, тўймайдиган нафсдан, мункиллаб, бировларнинг қўлига қараб қолишдан, золимликдан, зулмга учрашдан, исёнга бошлайдиган фақирликдан ва адаштирадиган бойликдан, ўтмишдан афсусланишдан ва келажакни ўйлаб ғамга тушишдан Ўзингга сиғинаман, паноҳ сўрайман».

Дуонинг ҳар бир жумласини ихлос билан такрорлайман, бироқ… “адаштирадиган бойликдан”, деган сўзларга бир оз тутилиб қоламан. Инсонман, бу сўзларни айтгани кўпда нафсим йўл қўявермайди. Ахир бадавлат бўлишни, яхши яшашни ким ҳам истамайди дейсиз?!

Бироқ ақлим менга бир-бир эслатадики:

– Қўлига уч-тўрт танга тушгач, бандалиги ҳам эсидан чиқаётганлар қанча?!

– Уйимни кўтариб олай, битта машина олай дея ғаниматдан-ғанимат ота-онасини озиқ-оватдан сиқаётганлар кўз ўнгимизда.

– Берилган бойликни абадий деб ўйлаб гуноҳлар домида қолиб кетаётганлар, Яратганнинг омонат берган сарватини маъсият ишларга сарфлаётганлар бор-ку!

Маҳалламиздан бир онахоннинг зорланиб айтганлари ёдимга тушади: “Ўғилларимнинг уччови ҳам четда. Ишлаяпти, мол-мулк орттираяпти. Бироқ бунинг нима кераги бор. Бири туғилганига бир йил бўлган боласини ҳали кўргани йўқ. Бошқалари болаларининг улғайишини, биринчи марта мактабга борганини … кўра олишмайди. Ҳаёт пулнинг ортидан қувиш билан ўтиб кетади-ку бунақада!”

Бобом раҳматли иккала кўрсаткич бармоқларини бир-бирига етказиб-етказмай дерди: «Одамнинг ҳаёти шунақа тарзда ўтиши керак: етиб-етмай, етиб-етмай. Шунда адашишлардан узоқ бўлади. Бойлик инсоннинг нафсини қутуртиради. Шу сабаб Худойим берган бойликни ўз ўрнига сарф этиб, савоб қозониш жуда камчиликка насиб этади. Баъзида буни тушуниб турган илмли одамлар ҳам қиладилар, нафсларининг сўзидан чиқа олмайдилар! Аслида шу яшашимиз, ўртаҳоллигимизда ҳикмат бор!»

Мулоҳазаларим, онгимнинг қатида турган фикрларни тадаббур қилгач, дуога қўл очдим: «Эй Қодиру Қаҳҳор Аллоҳ! Исёнга бошлайдиган фақирликдан ва адаштирадиган бойликдан паноҳ беришингни сўрайман! Менга хайрли ҳаёт бер!»

 

Нигора Мирзаева

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: