Қурбонлик фазилати

Аллоҳ таоло инсонларни фақат Ўзигагина ибодат қилишга буюради. Дарҳақиқат, ибодат Унга қурбат ҳосил қилишга ва Унинг розилигини топишга бир воситадир. Бандани Аллоҳ таолога яқинлаштирувчи молиявий ибодатлардан бири қурбонликдир. Қурбонлик учун сўйилган ҳайвонлар орқали мўмин киши Аллоҳ таолонинг амри билан ўз молидан воз кеча олиши имтиҳон қилинади.

Қурбонлик қилиш бошқа ибодатлар каби Аллоҳ учун дейилса-да, аслида фойдани инсон кўради. Қурбонлик қилинган ҳайвоннинг гўштидан сўйган одамнинг ўзи ва фақир-фуқаролар манфаатдор бўлади. Аллоҳ таоло эса инсоннинг қалбидаги ниятига кўра муомала қилади. Ояти карима шунга далолат қилади:

“Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли – У зотни улуғлашларингиз учун-уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!” (Ҳаж, 37)

Ҳақиқатан, қурбонликка сўйилган ҳайвонларнинг гўштларига ҳам, қонларига ҳам Аллоҳ таоло муҳтож эмас. Қурбонлик қилишдан мақсад банданинг Яратувчи амрига итоатини ва тақвосини намоён этишдир. Банда ихлос билан қурбонлик қилиб, Аллоҳ йўлида жонлиқ сўймоқдами, демак, ўша банданинг Аллоҳ таолога тақвоси бор экан. Аллоҳнинг розилиги учун борини қурбон қилишга тайёр экан. Шу билан бирга қурбонлик қилиш банданинг Аллоҳ таолони улуғлаши учун бир фурсатдир.

Расулуллоҳ (с.а.в.): “Ким қурби ета туриб, қурбонлик қилмайдиган бўлса, намозгоҳимизга яқинлашмасин”, деганлар.

Бошқа бир ҳадисда келтирилишича, Расулуллоҳ (с.а.в.) Арафотда турган ҳолларида одамларга қараб бундай деганлар: “Эй одамлар! Ҳар бир (бой) хонадон аҳли зиммасида ҳар йили қурбонлик қилиш мажбурияти бордир”. Ушбу ҳадисга кўра қурбонлик ҳар йили такрорланадиган ибодатдир.

Иброҳим (а.с.) узоқ йиллар шавқ билан зўрға етишган фарзандини забҳ этишга, яъни қурбонлик қилишга амр этилди. У зот Аллоҳ таоло розилигини нафс хоҳишидан устун кўрди. Ўғли Исмоил (а.с.) ҳам бу хатарли имтиҳондан шараф билан ўтди. Унинг оғзидан оталаридан ўтган, пайғамбарлик нури билан суғорилган қалб нидоси отилиб чиқди: “Эй ота! Буюрилган ишни бажаринг! Иншааллоҳ, мени сабр қилувчилардан эканимга ишонасиз ”.

Нил сувини ичган Ҳожар онамиз ҳам ягона жигарбанди билан кимсасиз, ҳеч бир наботот ўсмаган саҳрода қолдирганида, улуғ синовдан матонат ила ўтди ва: “Агар Аллоҳ амр этган бўлса, У зот бизларни ноумид қилмайди”, деди. Аллоҳ таоло Исмоил (а.с.) зурриётидан Муҳаммадни (а.с.) элчи ва пайғамбар этиб юбориш учун Исмоилнинг ўрнига катта бир қўйни қурбонлик қилиб юборди ҳамда бу жойни инсонлар ва бутун олам учун муборак бўлишини ирода этиб, Байтуллоҳ билан обод қилди. Бинобарин, унга дунёнинг барча жойларидан минглаб қалблар интилади.

Ушбу фазилатли кунларда дунё мўмин-мусулмонлари қатори юртимиздан ҳам минглаб ватандошларимиз Байтуллоҳда улуғ ҳаж ибодатида ҳозир бўлиб туришибди. Аллоҳ таоло уларга ўз раҳматини ҳайит либоси қилиб кийдирди, уларга фазлу карами билан мағфират нишонини тақди. Юртимиздан ташриф буюрган ҳожилар Минода ҳам бўлишиб, улуғ Раббимизнинг туҳфаларидан шодланишмоқда. Ҳожилар бу муборак жойда Аллоҳ таолодан ўзлари, оилалари ва юртларини ҳифзу ҳимоясида сақлашини сўраб, астойдил дуолар қилишяпти. Байтуллоҳни тавоф этган вақтларида тазарруъ билан кўзларидан тўкилган ёшлар сабабидан Аллоҳ таоло уларга раҳмат ва баракотларини нозил қилгусидир, иншааллоҳу таоло.

“Жума мавъизалари”дан

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: