Ибодатда ўртачалик

Ибодат қилишда ҳам ифрот ва тафрит бўлади. Кечалари ухламасдан намоз ўқиш, кундузлари доим рўзадор юриш, жинсий ҳаётни буткул тўхтатиш – ифрот, ибодат қилмаслик ёхуд кам ибодат қилиш тафритдир.

“Дин енгилликдир. Мўътадилликдан айрилиб ҳаддан ошганни дин мағлуб этади” (Насаий ривояти).

“Исломда роҳиблик йўқдир. Гўшт енг, аёлларингиз кўнглини олинг. (Нафл) рўза тутинг. Тутмайдиган кунларингиз ҳам бўлсин. (Нафл) намоз ҳам ўқинг, ухланг ҳам. Менга шулар буюрилди” (Табароний ривояти).

Киши ибодат қилиш мобайнида малоллик, зерикишни туйса, тўхтатмоғи афзал. Расулуллоҳ (с.а.в.) таҳажжуд намози ҳақида бундай деганлар: “Бирортангиз хоҳиши бор бўлса (таҳажжуд) намоз ўқисин, дангасалик ёхуд чарчоқ ҳис қилса, тин олсин ё ухласин” (Муттафақун алайҳ).

Қуввати етмайдиган ибодатларни қилишга уринган кишида Аллоҳга ибодат қилишга қарши нафрат пайдо бўлади. Кучи етганидан озроғини қилган одам эса, Аллоҳ унга насиб қилиши мумкин бўлган ҳиссадан маҳрум бўлади.

Расулуллоҳ (с.а.в.) динда ҳаддидан ошишни ёқтирмасдилар. Абдуллоҳ ибн Амрнинг кечаси билан намоз ўқиб чиқиши, кундузлари муттасил рўза тутиб, уйланишдан воз кечганини хушламай эшитган ва унга: “Менинг суннатимдан юз ўгиряпсанми?!”, деб танбеҳ берган ва “Мен баъзида рўза тутаман, баъзида тутмайман. Аёлларга уйланаман. Суннатимдан юз ўгирган мендан эмас”, деб айтган эдилар (Муттафақун алайҳ).

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: