Яна қуръа ташлолмадик…

Ассалому алайкум, муҳтарам мухлислар, саҳифамиз иштирокчилари! Сизлар билан яна ғойибона дийдорлашиб турганимиздан мамнунмиз. Бу сафар ҳам сизлардан кўплаб жавоб мактублари олдик. Аммо, афсуски, тўғри жавоблар фақат учтагина бўлди. Аксарият мактуб эгалари 1-саволга жавоб бераётиб, Аллоҳнинг ягоналиги ҳақида ёзишган. Аммо бу ўринда бир нозик ақидавий жиҳат бор эдики, саволни беришдан айнан ўша жиҳатни билиб олиш, ўзлаштириш кўзланганди.

Демак, ғолиблар билан танишинг:

1. Сирожиддин Намозов, Самарқанд вилояти Ургут тумани, Ғўс қишлоғидан;

2. Орифахон Юнусхўжа, Тошкент шаҳридан;

3. Миркамол Мирҳабибов, Тошкент шаҳридан.

Совриндорларни муборакбод этамиз ва совғаларини уйларида кутиб олишларини яна бир бор эслатиб ўтамиз.

Энди эса, тўғри жавоблар билан танишинг:

1. Аллоҳни қайси жиҳатдан бир деб эътиқод қилиш керак?

Аллоҳ таоло бирдир, лекин саноқ-сон жиҳатидан эмас, балки унга ҳеч қандай шерик йўқлиги жиҳатидандир. Чунончи, «Ихлос» сурасида Ўзи демишким: «(Эй Муҳаммад), айтинг: «У Аллоҳ ягонадир. Аллоҳ Самад (эҳтиёжсиз, ҳожатбарор)дир. У туғмаган ва туғилмаган ҳам. Шунингдек, Унинг ҳеч бир тенги йўқдир» (“Фиқҳи акбар”).

2. Қуръонга кўра рўзадан мақсад, ҳикмат нима?

Қуръонга кўра рўзадан мақсад ва ҳикмат тақво ҳосил қилишдир (Қаранг: Бақара, 183-184).

3. Аёллар намозининг эркаклардан 8та фарқли жиҳатини айтинг.

1) Такбирда аёллар қўлларини елкагача кўтарадилар;

2) Қўл кўтарилган пайтда қўллар енг ичида бўлади;

3) Аёллар қўлларини кўкракларининг устига қўядилар;

4) Эркаклар рукуда тиззаларини букмайдилар, балки ёзиб турадилар, аёллар озроқ букиб турадилар;

5) Эркаклар рукуда тиззаларига суянган вақтларида қўл бармоқларини очиб турадилар, аёллар очмайдилар;

6) Саждада бўлган вақтда эркаклар билакларини ердан ва қовурғаларидан, қоринларини сонларидан ва ердан узоқ тутадилар, аммо хотинлар сонларини қоринларига ёпиштириб, йиғилиброқ сажда қиладилар;

7) Эркаклар қаъдада ўтирган ҳолларида оёқларини тик босиб, бармоқларини қиблага ўгириб турадилар, чап оёқларини ётқизиб, унинг устига ўтирадилар, аммо аёллар икки оёқларининг учларини ўнг тарафга қаратиб, чап думбаларини ерга теккизиб ўтирадилар;

8) Эркаклар фарз намозини азон ва иқомат айтиб жамоат бирла ўқийдилар, аёллар учун азон ва иқомат шарт эмас. Уларга намозни жамоат ва имом бирла ўқиш макруҳ (“Ибодати Исломия”).

4. Ҳадис истилоҳида “мудраж” деб нимага айтилади?

Мудраж деб матнида ёки санадида асли ўзида бўлмаган бирор қўшимча топилган ҳадисга айтилади. Саҳиҳ ва ҳасан ҳадисларнинг ровийлари оз ва оддий (содда) бўлсалар ҳам, ҳадисларида учраган қўшимчаларга диққатни тортадилар ва бу қўшимчанинг кимга оид эканлигини аниқ белгилайдилар. Токи бегона бир сўз Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг сўзларига аралаштирилмасин ва у киши айтмаган бирор сўз у зотга изофа қилинмасин  (“Мусталаҳул ҳадис”).

5. Пайғамбаримиз Меърожда Аллоҳ таоло билан гаплашганмилар?

Ҳа. Энг саҳиҳ қавлга биноан, Пайғамбар (с.а.в.)  Исро ва Меърож кечаси Аллоҳ таоло билан гаплашганлар. Бу ҳақда кўплаб саҳиҳ ҳадисларда келган. Аллоҳнинг каломи (гапириши) масаласида Аҳли сунна ва жамоанинг ақидаси бундай: «Аллоҳнинг калом сифати Аллоҳ таолонинг зотида азалдан қоим бир сифат бўлиб, у билан У зот амр этувчи, наҳий қилувчи ва хабар берувчидир.

Каломнинг Аллоҳ таолодан содир бўлгани маълум, аммо қайси кайфиятда содир бўлгани маълум эмас. Унинг каломи одамларнинг каломига ўхшаб махлуқ эмас. Аллоҳнинг каломи башарнинг каломига ўхшашдан олий, шарафли ва фасоҳатлидир. Аллоҳ таоло қачон хохласа, қандоқ хоҳласа, шундай гапирувчидир. У зот эшитиладиган овоз билан гапиради» (“Сунний ақийдалар”).

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: