Хайрли анъанага “кўз тегди”!

Ассалому алайкум, саҳифамизнинг қадрли мухлислари! Негадир бу сафар сизлардан камроқ мактуб олдик, баъзи фаол иштирокчилар бу гал “сукут сақлашди”. Шу сабаблими ёки саволларимиз бироз мураккаблик қилдими, ҳар тугул уч-тўрт сондан бери бизни қувонтириб келаётган, яхши анъанага айланиб қолган тўғри жавоблар сони ҳам камайиб кетди. Олдинги сонларда улар кўплигидан қуръа ташлашга тўғри келаётганди. Бу сафар эса… тўғри жавоблар сони атиги иккитани ташкил қилди. Бундан хурсанд бўлмадик, албатта. Аммо начора, битта соврин “музтар” қоладиган бўлди…

Кўпчилик ҳадис имоми (мужтаҳиди) бўлиш шарти ҳақидаги саволга жавоб беришда чалғиб кетиб, фиқҳда мужтаҳидлик даражасининг таърифига ўтиб кетишган. Шундай бўлмаслиги учун олдин саволни диққат билан ўқиш лозим. Зеро, саволни тўғри англаш ярим жавобдир. Демак, ғолиблар билан танишинг:

1. Азизжон Жамолов, Бухоро вилояти Ғиждувон туманидан;

2. Саидакбархон Валиев, Тошкент шаҳридан.

Ғолибларни табриклаймиз ва совринларини 15 январгача таҳририятимиздан олиб кетишлари кераклигини эслатиб ўтамиз.

Энди эса эътиборингизга ўтган сондаги саволларнинг жа-вобларини ҳавола қиламиз:

1. Гуноҳи кабира ва гуноҳи сағиранинг таърифларини айтинг.

Энг кучли ва тўғри гапга биноан, гуноҳи кабира ҳадд жазосига (шариатда белгилаб қўйилган жазога) лойиқ бўлган, дўзахга кириш, лаънат ва ғазабга учраш билан огоҳлантирилган гуноҳдир.

Гуноҳи сағиранинг ҳам энг тўғри таърифи: бу дунёда ҳаддга лойиқ бўлмаган, у дунёда лаънат ва ғазаб билан қўрқитилмаган гуноҳлардир (“Ақийдатут таҳовия” шарҳининг талхийси).

2. Забурнинг қайси ояти бугунгача шак-шубҳасиз етиб келган?

Забурнинг бугунгача шак-шубҳасиз етиб келган сўзлари Анбиё сурасининг 105-оятида зикр қилинган: “Биз Зикрдан сўнг Забурда: “Албатта, (жаннатдек) ерга фақат Менинг солиҳ бандаларим ворис бўлурлар”, деб ёзиб қўйгандирмиз” (Шайх Абдулазиз Мансур, “Қуръони карим маъноларининг таржимаси ва тафсири”).

3. Истибро нима?

“Истибро” сўзи луғатда тозаланиш, покланиш деган маънони билдиради. Эркак киши енгил ҳожатдан сўнг албатта истиб-ро қилиши, яъни қолган-қутган сийдик чиқиб кетиши учун бир муддат ҳаракат қилиши керак. Бу ҳаракат юриш, ўтириб-туриш ёки енгил сакраш кўринишида бўлиши мумкин. Кўпчилик бу масалага аҳамият бермай, ҳожатхонадан чиқа солиб, таҳорат олишга ўтиради. Аммо қолдиқ сийдик чиққач, ҳозиргина олинган таҳорат бузилади ва одам таҳоратсиз намоз ўқиган бўлиб қолади. Бундан ташқари, бундай ҳолатда ички кийимга ўша қолдиқ сийдик тегмаслигига ҳам аҳамият бериш керак, акс ҳолда, кийим нопок бўлиб, ибодатга тўсиқ бўлиб қолади.

4. Ҳадис имоми (мужтаҳиди) бўлишнинг қандай шарти бор?

Ҳадис имоми (мужтаҳиди) бўлиш учун уч юз мингдан кўпроқ ҳадисни ровийлари билан ёд олиш керак (“Мусталаҳул ҳадис”).

5. Пайғамбаримиз (с.а.в.) Хадича (р.а.)га уйланганларида маҳрига нима берганлар?

Пайғамбаримиз (с.а.в.) Хадича онамиз (р.а.)га уйланганларида маҳрга амакилари Абу Толибнинг молидан йигирмата урғочи бўталоқ берганлар (“Ас-сийратун набавийя”; “Нурул басар”).

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: