Соврин муборак, ғолиблар! Муҳим

Ассалому алайкум, саҳифамизнинг қадрли мухлислари! Сиз билан яна ғойибона дийдорлашиб турганимиздан мамнунмиз. Сўзимиз аввалида бир нарсани афсус билан маълум қилмоқчимиз: келган жавоб мактубларини олгани алоқа бўлимига борганимизда уларнинг кўплигидан ҳайратландик. Аммо ҳайратимиз узоққа чўзилмади. Маълум бўлишича, хатларнинг ярмидан кўпи ўтган 3-чорак учун юборилган. Биз бу бўйича алоқа бўлими мутасаддиларидан сўраб-суриштирдик. Маълум бўлишича, мактуб эгалари почта индексимизни хато ёзишган ва натижада хатлари турли манзилларда сарсон бўлиб, охири бизни “топиб келган”. Лекин унда анча кеч бўлган эди… Шунинг учун сиз азизлардан манзил ва индекс рақамларини ёзаётганда эътиборлироқ бўлишингизни илтимос қиламиз, токи барчамиз учун ноқулайлик, тушунмовчилик юзага келмасин.

Сизлардан келган мактубларда ҳамма саволга тўғри жавоб топганлар талайгина. Бу қувонарли ҳол, албатта. Қоидага кўра, улардан уч нафарини қуръа ташлаш асосида танлаб олдик. Демак, ғолиблар билан танишинг:

1. Гулноза Охунжонова, Наманган вилояти, Косонсой туманидан;

2. Асадуллоҳ Дусиёров, Тошкент шаҳридан;

3. Азизбек Азимбоев, Фарғона вилояти, Олтиариқ туманидан.

Ғолибларни қутлаймиз ва совринларини уйларида кутиб олишлари маълум қиламиз.

Энди эса тўғри жавоблар билан танишинг:

1. Ақидавий масалаларда ақлий далил устунми ёки нақлий далилми?

Бизнинг мотуридийлик эътиқодимизга кўра, барча шаръий масалаларда нақлий далил ақлий далидан устундир (“Ақоид матнлари”).

2. Аллоҳдан ўликларни қандай қайта тирилтиришини кўрсатиб беришини сўраган ва бунга шоҳид бўлган пайғамбар ким?

Аллоҳдан ўликларни қандай қайта тирилтиришини кўрсатиб беришини сўраган ва бунга шоҳид бўлган пайғамбар Иброҳим (а.с.)дир (Қаранг: Бақара, 206).

2. Ота билан ўғилда таҳорат учун фақат бир кишига етадиган сув бўлса, қандай йўл тутилади?

Ота билан ўғилда фақат бир кишига етадиган сув бўлса, у билан ота таҳорат қилади, ўғил эса, таяммум билан кифояланади  (“Оламгирия”).

4. Ҳадис истилоҳида “муновала” нима?

Муновала шайх ўз китобини талабага бериб, унга: “бу фалончидан ривоятим, уни мендан ривоят қилгин”, дейишидир. Бу ривоятни таҳаммул қилишнинг саҳиҳ йўли. Уни адо қилишда “менга фалончи тутқазди ва ижоза берди”, дейиш энг афзал сўздир. Шунингдек, талабага “менга тутқазиш ила ҳадис айтди”, “тутқазиш ҳамда ижоза бериш ила хабар берди”, дейиш жоиздир (“Мусталаҳул ҳадис”).

5. Масжидул Ҳаромдаги “Мақоми Иброҳим” ҳақида маълумот беринг.

“Мақоми Иброҳим” ҳазрат Иброҳим (а.с.) турган жой деган маънода бўлиб, Иброҳим (а.с.) ўғиллари Исмоил (а.с.) билан Каъбани қураётганларида устига чиқиб турган тошга ва ўша ерда туриб дуо қилган ўринга айтилади. Бу мақомнинг фазилати улуғлиги Қуръони каримда ҳам таъкидланган (Бақара, 125). Ушбу оятдаги “Иброҳим Мақоми” иборасини Шайх Абдулазиз Мансур бундай изоҳлаганлар: «“Иброҳим мақоми” Каъба дарвозасидан тахминан 20 қадам нарида махсус жой бўлиб, Иброҳим (а.с.) шу ерда туриб дуо қилганлар. Ҳозиргача ўша жой осори атиқалардан саналиб, бир тош устига Иброҳим (а.с.) оёқ излари рамзий акс эттирилган ва ойнали қубба билан ёпиб қўйилган».

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: