Илмга интилиш сўнмасин!

Ассалому алайкум, муҳтарам мухлислар! Вақтнинг учқур отига миниб, кўз очиб-юмгунча яна сизлар билан ғойибона учрашиб турибмиз. Илм йўлида ҳафсала билан китоб титкилаб, маълумот ахтарганингиз ва қимматли вақтингизни аямай бизга жавоб мактуби битганингиз учун ташаккур айтамиз!

Сизлардан кўплаб жавоб мактублари олдик. Ёқутхон Кенжаева, Азизжон Жамолов, Саидакбархон Валиев, Ҳикматилло Эргашев, Мирзоҳид Аминжонов, Нодирбек Нишонов, Алишер Шаропов, Козимжон Эргашев, Жаҳонгир Муҳамедов, Гулбаҳор Ҳошимова, Иқболжон Қамбаров ва Тошкентнинг Бектемир туманидан исмларини ёзмаган бир мухлис барча саволларга тўғри жавоб беришган. Қоидамизга кўра, қуръа асосида уч нафар совриндорни аниқладик:

1. Аминбой Жуманиязов, Хива шаҳридан;

2. Бобур Содиқов, Жиззах туманидан;

3. Саидакбар Саидов, Тошкент шаҳридан.

Ғолибларни қутлаймиз ва совринларини шу йилнинг 15 октябрига қадар таҳририятдан олиб кетишларини сўраймиз.

Энди эса ўтган сондаги саволларнинг тўғри жавоблари билан танишинг:

1. Нафс (жон) билан руҳ бир нарсами ёки алоҳида-алоҳида нарсаларми?

Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, у иккисининг зоти бир, эътибор жиҳатидан икки хилдир. Идрок қилувчи нарсага бадандан ажраган ҳолида “руҳ” дейилади. Баданда турганида эса нафс (жон) дейилади. Улар орасидаги асосий фарқ шу. Гоҳида бирининг ўрнига иккинчиси айтилаверади (“Ақидатут Таҳовия” шарҳининг талхийси”).

2. Қуръонда келган “тоғут”нинг маъноси нима?

Арабчада “тоғут” сўзи ҳаддидан ошганлар учун қўлла-нилади. Қуръонда эса бу калима Аллоҳ таолога исён қилиб, унинг амрларини бажаришдан қайтарадиган кимсаларга айтилади. Шунингдек, бу сўз нафс, шайтонни ҳам англатади (“Файзул Фурқон” тафсири).

3. Таяммумда нечта суннат бор?

Таяммумда олтита суннат бор: 1. “Бисмиллоҳ”ни айтиш; 2. Бармоқларни очиб, кафтни урмоқ; 3. Қўлни тупроққа ургач, бироз вақт қўлни тупроқ узра тутиб турмоқ; 4. Қўлни олдин аввал олдинга келтириб назар ташламоқ сўнгра юзга сурмоқ; 5. Аввал юзга сўнг ўнг қўлга кейин чап қўлга масҳ тортмоқ; 6. Худди таҳоратдагидек, бунда ҳам орага бошқа амалларни қўшмаслик.

Изоҳ: биз кўпчилик мухлисларнинг “Кифоя” китобига асосланиб, таяммумнинг суннатини еттита, деб берган жавобларини ҳам қабул қилдик.

4. Ҳадис истилоҳида “мусаҳҳаф” деб нимага айтилади?

“Мусаҳҳаф” – “тасҳиф” сўзидан олинган исми мафъул бўлиб, саҳифадаги хато деганидир. Ҳадисда истилоҳида ишончли ровийлар ривоят қилган ҳадисдаги бирор сўз ёки лафзнинг алмашиб қолишига айтилади. Бу ҳадис илмидаги ўта нозик жиҳат бўлиб, уни Имом Дорақутний каби улкан билимдон ҳофизларгина фарқлай олишади (“Мусталаҳул ҳадис”).

5. Расулуллоҳ (с. а. в.)га ким доялик қилган?

Расулуллоҳ (с. а. в.)га Абдураҳмон ибн Авф (р. а.)нинг онаси Шифо доялик қилган (“Нурул яқин”).

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: