Энди совринингиз уйингизга боради!

Ассалому алайкум, саҳифамизнинг қадрли мухлислари! Бизга ишонишда давом этганингиз ва эринмай манбалар ахтариб, жавоб мактублари битганингиздан миннатдормиз. Охирги икки-уч сондан бери манзилимиз ўзгариб тургани учун сизлар билан тўғридан-тўғри алоқа қуриш бироз қийин бўлаётганди. Хусусан, совриндорларга совғаларини етказишда айрим муаммолар юзага келган эди. Аллоҳга шукр, Ўзи бизга бу борада ҳам тўғри ечим кўрсатди. Энди ғолиблар ютуқни олиш учун узоқ-яқиндан азим пойтахтимизга, таҳририятга келишларига ҳожат қолмади. Чунки совриннинг ўзи уйингизга боради! Бунинг учун сиз жавоб мактубида манзилингизни тўғри ва тўлиқ кўрсатишингиз, жумладан, почта индексингизни ва телефон рақамингизни ҳам ёзишингиз керак, холос.

Сизлардан кўплаб жавоб мактублари олдик. Аммо, атиги 4 нафар иштирокчи ҳамма саволга тўғри жавоб топган.

Қоидамизга кўра, қуръа асосида улардан уч нафарига соврин    беришимиз керак эди. Аммо мустақиллигимизнинг 25 йиллик тўйи муносабати билан уларнинг ҳаммасини тақдирлашни лозим топдик. Демак, совриндорлар билан танишинг:

1. Муфаззалхон Мубашшир қизи, Наманган шаҳридан;

2. Салимахон Иброҳим қизи, Фарғона вилояти, Қува туманидан;

3. Нодирбек Нишонов, Фарғона шаҳридан;

4. Хурсаной Азимова, Фарғона вилояти, Данғара туманидан.

Ғолибларни қутлаймиз ва совринларини уйларида кутиб олишлари учун бизга зудлик билан почта индекс рақамларини ва тўлиқ манзилларини ёзиб юборишларини сўраймиз.

Энди эса тўғри жавоблар билан танишинг:

1. Аллоҳ таолони ақл билан таниш вожибми, нақл биланми?

Бу масалада Имом Мотуридий ҳазратлари “ақл билан” деганлар (“Ақоид матнлари”).

2. Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг номлари Қуръонда неча марта, қайси ўринларда зикр қилинган?

Ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг муборак номлари Қуръонда тўрт ўринда “Муҳаммад” (Оли Имрон, 144; Аҳзоб, 40; Муҳаммад, 2; Фатҳ, 29), бир ўринда эса “Аҳмад” деб (Соф, 6), жами беш ўринда зикр қилинган.

2. Имом жаҳрий (овоз чиқариб) қироат қилаётганида унга иқтидо қилган киши ниятдан сўнг санони ўқийдими?

Намозга кеч келиб қўшилган киши (масбуқ), агар имом товуш чиқариб (жаҳрий) қироат қилаётган бўлса, “таҳрима такбири”ни айтиб иқтидо қилади. Лекин “сано” ўқимайди. Намоз охирида қолган қисмини ўқиш олдидан сано билан “аъузу”ни ўқиб қироат қилади. Имом товушсиз қироат қилаётганда иқтидо қилган одам “сано” ўқийди. Абу Юсуф (рҳ.) “аъузу”ни санодан кейин ҳам, қироатдан олдин ҳам ўқийди, деган эканлар (“Минг бир фатво”).

4. Ҳадис истилоҳида “мажҳул” нима?

Ровийсининг кимлиги, адолати маълум бўлмаган ҳадисга мажҳул ҳадис дейилади. Хатиб Бағдодийга кўра, муҳаддислар назарида ўзи илм талабида машҳур бўлмаган, ҳадис олимлари танимайдиган, ҳадислари фақатгина битта ровий жиҳатидан билинган ровийга “мажҳул” дейилади (“Мусталаҳул ҳадис”).

5. Пайғамбаримиз Ҳиро ғорида илк ваҳийни қай ҳолатда қабул қилганлар?

Уйғоқ ҳолларида. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг Ҳиро ғорида илк ваҳийни қабул қилишлари ҳақидаги барча саҳиҳ маълумотлар мана шунга далолат қилади (“Сиз пайғамбарни кўрганмисиз?” , 1-китоб).

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: