Битта соврин эгасиз қолди… Муҳим

Ассалому алайкум, саҳифамизнинг азиз иштирокчилари! Ўтган сондаги саволларимиз бироз қийинлик қилдими ёки қишнинг совуғида манба титкилаб, жавоб топиш малол келдими, хуллас, бу гал "шаштингиз" анча паст бўлди! Келган саноқли мактублар орасида атиги икки киши барчасига тўғри жавоб берган:

1. Хурсаной Азимова, Фарғона вилояти, Данғара тумани, Найманча қишлоғидан;

2. Саидакбархон Валиев, Тошкент шаҳридан.

Ғолибларни қутлаймиз ва совринларини уйларида кутиб олишларини яна бир бор эслатиб ўтамиз.

Энди эса ўтган сондаги саволларнинг тўғри жавоблари билан танишинг:

1. Мўмин кишининг имонини шайтон мажбуран суғуриб олиши мумкинми?

Мўмин кишининг имонини шайтон мажбуран суғуриб олмайди, балки банданинг ўзи имонни тарк этган пайтда у олиб қўйилади (“Ақоид матнлари”).

2. Қайси қавм нима гуноҳи учун тўнғизга айланган?

«Айтинг: “Аллоҳ наздида бундан ҳам ёмонроқ “савоб” (жазо олувчилар) тўғрисида сизларни хабардор қилайми? (Улар) Аллоҳ лаънатлаган, ғазаб қилган, улардан (баъзиларини) маймун ва чўчқаларга айлантирган ҳамда шайтонга ибодат қилганлардир» (Моида, 60).

Тафсирларда, ҳазрат Исо (а.с.)га нозил бўлган дастурхон неъматларига ношукурчилик қилган кофирларни Аллоҳ таоло жазолаб, чўчқа шаклига киритиб қўйган, деган ривоят бор (Шайх Абдулазиз Мансур).

3. Ҳайит намозига кеч қолиб, имом рукудалигида қўшилган одам зиёда такбирларни қачон айтади?

Ҳайит намозига кеч келиб, имомни рукуда топган киши тик ҳолда таҳрима такбирини айтгач, қарайди: агар имом рукудан бошини кўтармасидан олдин учта ҳайит такбирини айтишга улгурса, тик ҳолда айтиб, кейин руку қилади. Улгурмайдиган бўлса, рукуга бориб, такбирларни айтиб тугатади. Лекин уч такбирни рукуда айтганида қўлларини кўтармайди. Борди-ю, рукуда такбирларни айтаётганида имом рукудан бошини кўтариб юборса, имомга эргашиб, у ҳам бош кўтараверади. Айтилмай қолган такбирлар соқит бўлади (“Оламгирия”, “ас-Сирож”, “Кофий”).

4. Ҳадис истилоҳида “Машихот” нима?

Бир муҳаддис учрашиб, ҳадис эшитган ёки кўришмай ҳадисларини ривоят қилишга изнини олган шайхларнинг исмлари, таржимаи ҳолларини ўз ичига олган асарларига “Машихот” ёки “Машяха” дейилади. Ровийнинг кўришиб, ҳадис эшитган шайхларини танишда, унинг ривоят иснодини тартиблашда машихот алоҳида ўрин тутади. Ҳижрий тўртинчи асрдан бошлаб кўпгина муҳаддислар шайхларнинг исмлари ва таржимаи ҳоллари баён этилган машихот китобларини тасниф эта бошлашган.

5. Уҳуд куни мусулмонлар билан бир сафда урушган дўзахий ким эди?

Уҳуд куни мусулмонлар билан бир сафда жанг қилган дўзахий кимсанинг исми Қузмон эди. У ушбу сафарга Аллоҳ учун эмас, балки одамлар унинг қандай ботир  ва моҳир жангчи эканини кўриб қўйишлари учун қўшилган. Бу ҳақда ўлим тўшагида ётганида кўргани келганларга шахсан ўзи таъкидлаган. Сўнгги лаҳзаларда яраларининг оғриғига чидай олмай, ўзини ўлдирган (Заҳабий, “Тарихи Ислом”).

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: