Билимдонлар кўпайди, соврин миқдори ҳам!

Ассалому алайкум, саҳифамизнинг доимий иштирокчилари ва самимий мухлислари! Соврин ғолиблар манзилига етказилиши ҳақидаги хушхабаримиз сизларга манзур бўлган кўринади – тўғри жавоблар сони кескин кўпайди. Биз ҳам ўз навбатида соврин миқдорини оширдик.
Шундай қилиб, 25 иштирокчи ҳамма саволларга тўғри жавоб йўллаган: Икромжон Турсунов, Алишер Шаропов, Хурсаной  Азимова, Юнусхўжа Орифахон, Дилдора Иброҳим қизи, Матлуба Икромова, Нилуфар Мусаева, Ҳабибуллоҳ Маҳмудов, Назокат Каримова, Гулирайҳон Адилова, Саидакбар Саидов, Бобур Содиқов, Зайниддин Парпихўжаев, Ёқутхон Кенжаева, Нигора Тўраева, Жаҳонгир Муҳамедов,  Сойибжон Ёқубов, Тоҳиржон Нишонбоев, Маҳлиё Зарипова, Адиба Дусиярова, Дилмурод Исмоилов, Миркамол Мирҳабибов ва Каримахон Холхўжаева.
Қоидага кўра, улардан 3 нафарини қуръа ташлаш асосида танладик. Демак, ғолиблар билан танишинг:
 
1. Гулирайҳон Адилова, Наманган вилояти, Косонсой туманидан;
2. Тоҳиржон Нишонбоев, Фарғона вилояти, Қува туманидан;
3.  Юнусхўжа Орифахон, Тошкент шаҳридан.
 
Ғолибларни қутлаймиз ва совринларини уйларида кутиб олишларини эслатиб ўтамиз.
 
1. Бировнинг ризқини биров еб қўйиши мумкинми?
Ҳар бир инсон ўз ризқини, хоҳ ҳалол, хоҳ ҳаром бўлсин, тўла истеъмол қилади. Бирор инсон ўз ризқини емади ёки унинг ризқини биров еб қўйди, деб тасаввур қилинмайди (“Ақоид матнлари”).
 
2. Қуръони каримда зикр қилинган “ўрта намоз” қайси намоз?
“(Беш вақт фарз қилинган) намозларни, хусусан ўрта намозни сақланг (ўз вақтида ўқинг) ва (намозда) Аллоҳга бўйин сунган ҳолатда (камтарлик билан) туринг!” (Бақара, 238).
 Ўрта намоз қайсилиги тўғрисида турли ривоятлар мавжуд. Унинг аср намози эканига далил кўпроқ. Ҳанафий мазҳабида ҳам у аср намози  деб ҳисобланади (Шайх Абдулазиз Мансур).
 
3. Имомдан олдин “такбири таҳрима”ни айтган кишининг намози дуруст бўладими?
Агар намозхон “такбири таҳрима”ни имомдан олдин айтиб қўйса, имомга иқтидо қилган бўлса, намози дуруст эмас. Иқтидо қилмаган бўлса, якка ўқувчи сифатида намозни бошлаган бўлади (“Оламгирия”,  “Муҳит”).
 
4. Ҳадис истилоҳида “Мўъжам” деб нимага айтилади?
“Мўъжам” сўзи луғатда алифбога кўра тартибланган деган маънони билдиради. Ҳадис истилоҳида ҳадисларни ривоят этган шайхларининг исмига кўра таснифланган ҳадис китобига айтилади. Имом Сулаймон ибн Аҳмад Табаронийнинг “Мўъжамул кабир”, “Мўъжамул авсат”, “Мўъжамус сағир” номли учта тўплами шу турдаги ҳадис китобларининг энг машҳурларидандир.
Бу тур тўпламларда ҳадислар мавзу бўйича тартибланмагани сабабли ичидан керакли ҳадисни топиш жуда қийин (“Мусталаҳул ҳадис”).
 
5. Мадинага биринчи ҳижрат қилган саҳобий ким эди?
Мадинага биринчи ҳижрат қилган саҳобий Абу Салама ибн Абдул Асад Махзумийдир. Унинг исми Абдуллоҳ бўлиб, Ҳабашистондан Маккага қайтиб келганида, мушриклар яна азият беришни бошлаган. Ясрибликларнинг мусулмон бўлаётганини эшитгач, “Иккинчи Ақаба байъати”дан бир йил олдин ҳижрат қилиб кетган эди (Заҳабий, “Тарихи ислом”).

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: