апрел 16

Паямбар дорида бир кўр гадойи,
Тилар эрди келиб чизи Худойи.
Туруб эрди қарошиб баъзи азвож,
Ғазаб бирлан қароди шоҳи меърож.
Дедилар: «Эй шаҳаншоҳи қабойил,
Биз андин қочмадук, кўр деб бу сойил».
Аларға айди ул султони аброр:
«Агар кўр бўлса ул, сизларда кўз бор!»
Алар: «Биз билмадук», деб зори қилди,
Гуҳарлар кўзларидин жорий қилди.
На сўз Пайғамбар азвожиға, эй хок,
Алар эрди жамиъи шубҳадин пок.
Таажжуб фитналикдур бу замона,
Тушубдур эрлар аҳволи ёмона.
Хирадмандо, эшит мандин неча панд,
Бу сўзга бўлмадим омил агар чанд.
Замона хотунини йўлға солмоқ,
Эрур осон ул ишдин қалъа олмоқ.
Узулмас солмани бўйнунга солма,
Агарчи олмадур рухсори, олма!
Даме айшики, бўлғай охири сард,
Ани хушлаб, қабул этма узун дард.
Бола деб солмағил жонинг балоға,
Бола бирлан бўлурсан мубталоға.
Мусулмон оли бўлсанг олма олин.
Агар олсанг қабул этма ваболин.
Қўйуб Тангри таолонинг ризосин,
Нечук тандур қилур зан муддаосин.
Агар бор олғонингнинг яхши ҳоли,
Дема хотун, дегил диннинг камоли.
Хуш ул зан, билмаса беҳуда дерни,
Сучук лафзи билан шод этса эрни.
Агар ўн йил уйида бўлмаса ун,
Уни чиқмас уни айтурға бир кун.
Агар ўйса кўзин кулфат била шўй,
Туриб уйдин чиқорға айламас ўй.
Сирин фош айламас гар ғамда бўлсун,
Агар танг бўлса айтур: «Бўлса бўлсун!»
Агар занни мунингдек бўлса хишти,
Ани билгил бу дунёни беҳишти.
Иликка тушса мундоғ нозанин гул,
Дегил, бу сандадур бўсанда, ман қул.
Саройи охиратнинг зодидур ул,
Иноят гулшанининг бодидур ул.
Ғанимат кўр, топилса хулқи хуш кўр,
Балодур жонинга моҳи сухан шўр.
Оқизур оқлиғин, гар келса тилга,
Қизил деб олмағил, бадхў қиз элга.
Ёмон бўлса, наъувзу биллаҳ, андин,
Зиёндин ўзга ҳеч келмас ёмондин.
Ёмон хотун шаётин қамчисидур,
Қўлунг боғлагувчи арғамчисидур.
Ду олам нори бўлса нори кетсун,
Кўзунг кўрмасга шум дийдори кетсун.
Агар ул кетмаса сан кет олиб бош,
Кўтариб юрмагил тоғдин оғир тош.

Сўфи Оллоёр

 

Дўстларга тавсия этиш
2018 йил 16 апрелда эълон қилинган  262 марта кўрилган