Эр-хотинлик муносабати бир асосга – меҳр ва муҳаббатга таянади. Бу асос мавжуд ва мустаҳкам бўлганида эр-хотинлик ҳаётига, ўртада келишмовчилик чиққанида ҳам, хавф-хатар етмайди. Муаммо жиддий тус олмай, ўзаро келишув билан ҳал қилинади. Аммо мазкур асос бўш ва заиф бўлса, эр-хотинлик муносабатларига хавф-хатар етиши кучаяди. Бу асос йўқолганида эса, муносабат бузилади ва бутунлай узилади. Чунки муҳаббат қалбни тарк этса, ўрнига нафрат жойлашади.

Агар эр-хотин ўртасидаги аҳвол ўзгарса, муносабат бузилса, демак, бу сабабсиз эмас. Уларнинг биридан ногоҳ содир бўлиб, иккинчисини ранжитган ва дилсиёҳ этган бир иллат бўлиши керак. Қисқа қилиб айтадиган бўлсак, эр-хотиндан бирининг иккинчисига озор етказиши эр-хотинлик муносабатини бузадиган энг катта сабабдир. Озор сабабсиз етказилмайди. Мавзуни атрофлича ўрганиш натижасида ана шу сабабларнинг асосий иккитаси аниқланди:

Кўзни тиймаслик. Аллоҳ таоло инсон жисмининг баъзи жойларига қарашни ҳаром қилган. Ўша жойларга қарашдан кўзни тийиш одамни жуда кўп ёмонлик ва зарарлардан тўсадиган биринчи қалқондир. Шу боис Аллоҳ азза ва жалла эркак ва аёлларга кўзни тийишни амр этган (Нур, 30-31). Ҳеч ким “қараш” ва “кўз ташлаш” масаласига бепарво бўлмаслиги керак, зеро, қараш ва кўз ташлаш жуда кўп бузуқликлар калитидир. Шунинг учун Пайғамбаримиз (а.с.) “кўз ташлаш”дан, маҳрам бўлмаган аёлларга қарашдан қайтарганлар. Жарир ибн Абдуллоҳ (р.а.) айтади: “Мен Расулуллоҳ (с.а.в.)дан “бехосдан қараш” ҳақида сўрадим. У зот (с.а.в.): “Кўзингни четга бур”, дедилар (Имом Муслим).

Бу, гуноҳ қилмайин десанг, кўзинг бехосдан тушган нарсага диққат қилма, деганидир.

Авратни очиб юриш. Инсон авратларини беркитиш ва кийим кийиш билан бошқа махлуқлардан фарқланади. Аммо инсонийликка зид ҳолда авратларини очиш ва яланғочланишдек қабиҳ одат асримизда эркак ва аёллар орасида кенг тарқалди.

Яна бир ноўрин ҳолат бор: баъзи аёллар тунги кийимларида, яланғоч ҳам деб бўлмайдиган бир ҳолда, қўшниларининг уйлари қаршисидаги деразалари олдида ўтиришади. Ўзимизнинг уйимиздамиз деб ўйлашади. Инсон ўзининг уйида ҳур, эркин, дейишади.

Бундай пала-партиш ҳаёт фақат аёлларга хос эмас. Эркаклар, айниқса, навқирон йигитлар ҳам оналари, қизлари, опа-сингиллари ё келинлар олдида бемалол юраверадиган бўлиб қолишган.

Динимиз аёлга қорни ва орқасини, киндиги ва тиззалари оралиғини эридан бошқа бирор эркакка, ҳатто у отаси ё ўғли ё акаси бўлса-да, кўрсатишни ман қилган. Аёллар бир-бирларининг киндик ва тиззаларининг оралиғини кўришлари мумкин эмас. Эркаклар ҳам бир-бирларининг худди шу жойларига қарашлари ҳаром. Аёллар ҳам ўзларининг яқин эркак қариндошларининг мазкур ўринларини кўришлари ножо­из. Мусулмон эркак ва аёл Аллоҳ таолонинг ҳукмларига терс иш қилиши мумкин эмас.

Эй одамлар! Зоҳиран сизларга тараққиёт белгиси бўлиб кўринаётган бундайин “эркин” муносабатлар эр-хотинлик ҳаётларингизга қанчалик зарар қилаётганини, неча-неча оилаларни бузаётганини биласизми?! Ахир, эркак ва аёлнинг бир-бирига чиройини намойиш этиши ўртада ношаръий алоқаларни юзага келтиради. Бу ҳол, ўз навбатида, эр-хотинлар муносабатининг издан чиқишига сабаб бўлади.

 

Дўстларга тавсия этиш
2018 йил 8 апрелда эълон қилинган  515 марта кўрилган