Тажрибаларга кўра, хотунларнинг гўзал хулқли бўлмоқлари сабабли, эрлари ҳам гўзал хулқли бўладилар. Бунинг аксича, агар хотунлар ёмон хулқли бўлсалар, эрларининг хулқлари ҳам шунга кўра бузилади, ёмонланади. Эр билан хотун орасида бўлган турмушда келишув бўлмаса, ҳар иккиси учун ҳам улуғ ҳасрат, зўр машаққат бўлади, бунинг натижасада маишатнинг лаззати тугайди, роҳати кетади, тадбиру чоралар бузилади, натижада хонадон аъзолари орасида бир-бирига душманлик пайдо бўлади, болалар тинчлиги йўқолади, бундан кўп ножўя ишлар келиб чиқади. Шунинг учун ҳам кўркам турмуш кечирмоқ ва унга интилмоқ, биринчи даражада, хотунлар устига тушмоғи лозим ва шундай бўлиши ҳам керакдир.

Эрлар билан кўркам турмуш қурмоқ учун хотунлар ушбу икки турли нарсани эътиборга олмоғи лозим.

Биринчи: эрларнинг табиат-мижозини ва хулқини яхши билмоқ ва бунинг учун уларни кўп мартабалар синамоқ керакдир. Сўнгра ана шунга мувофиқ иш қилмоқ лозим бўлади. Яъни, эр бўлган киши қандай нарсалардан хурсанд бўлади-ю, қандай ишлардан кўнгли қолади. Ёки қандай ишларни севмайди-ю, нимадан кўнгли бузилади. Шунинг учун ҳар вақт хотунлар эрларининг табиатларнни очиқ билиб, уларнинг ёқтирган нарсаларинн қилишлари ва ёқтирмаган нарсаларини қилмасликлари лозим.

Иккинчидан: улар эрларига итоатли хотунлар ҳақида бўлган яхши хабарларни ҳамда итоатсиз хотунлар ҳақида бўлган ёмон хабарларни ҳам билмоқлари лозим бўлади. Шариатимиз эса, итоатли хотунларга “эзгу хотунлар” исмини бериб, амаллари баробарига ҳам кўп савоблар ваъда этган. Итоатсиз хотунларни “ўсал, уятсиз хотунлар” деб атаб, дунёда кўрган машаққатларидан ортиқ, охиратда ҳам бир қадар азоблар бўлажагидан хабар берган.

Эзгу ниятли хотунлар гуноҳ бўлмаган сувратда эрлари буюрган хизматларни қиладилар ва кучлари етган қадар эрларининг сўзларини комил қиладилар.

Лекин юқорида айтганимиздек, агарда эри ўз хотунини бирор тур гуноҳ ишларга буюрса, у вақтда албатта аёл буни қабул этмаслиги зарур. Зеро, Тангри таоло гуноҳ қилган банда ишларини мақбул кўрмас...

Яна хотунларга шулар лозим бўлади: эр бир иш билан банд бўлиб, бехосдан хотунга аччиқланган вақтларида сабр этмоқ, аччиқни ютиб чидамоқ ва бунинг учун ҳам Аллоҳ таолодан эзгуликни умид этмоқ...

Эзгу хотунлар эрларига кўзлари тушганда очиқ чеҳралари билан шодлантирадилар. Топширган юмушларини ихлос билан қабул қиладилар. Эрлари сафарда бўлса, ўзини ҳам, эрининг молини ҳам яхши сақлайдилар, фарз намозларини ўқийдилар, ўзларини ҳарому одобсизликдан пок тутадилар. Қилган хизматлари билан эрларига миннат қилмаслар (“Мен ундай қилдим, бундай қилдим, қадримни билмайсан”, демаслар). Бирга ҳаёт кечирмоқ мумкин бўлган ҳолатда талоқ сўрамаслар. Эрларига ўз вақтида емоқ-ичмоқ ҳозирлайдилар, кийимларини ювадилар, таҳорат суви ҳозирлайдилар. Оилада сарф-харажат хусусида эрларини кўнглига қайғу ва ҳасрат солмаслар, ҳатто эрларига овозларини баланд қилиб сўзламаслар, балки мулойиму очиқ юзлик ва латофат билан сўзларлар. Эрларининг уйларини ташлаб, чиқиб кетмаслар. Ҳаттоки, ота билан онага, бошқа ҳурматли қариндошларга борган вақтда эрларидан сўраб, рухсат олиб борадилар. Пулни бекорга исроф қилмайдилар, ортиқча харажат қилмайдилар, ҳаттоки эрларидан рухсат бўлмаса, унинг молидан хайр-садақа ҳам бермайдилар.

Эрларининг болалари бўлса, уларга жабр-зулм қилмайдилар.

Бу сифатли эзгу хотунлар, гарчи оз бўлсаларда, аммо дунё юзида борлар. Бундай ҳурматли хотунларга тўғри келган эрлардек бахтли кимса ҳеч бўлмас.

Энди эрлар хотунлари эзгу ниятли бўлишларини истасалар, хотунларни бахтли бўлишига рағбат қилсалар, қиз болаларни яхши муаллималарда ўқитишга ва Ислом тарбияси билан тарбия этишга интилсунлар! Ислом тарбиясини кўрган қизлар, вақти келиб эрларига ақлли кенгашчилар бўлурлар, болаларини яхши ўстирувчи она бўлурлар, шу билан бирга, эрларининг ютуқларига сабабчи, мол-мулкларига қоровул, эрларидан ҳам ортиқроқ буюм йиғадиган тиришқоқ одам бўладилар...

“Муошарат одоби”дан

 

Дўстларга тавсия этиш
2018 йил 29 мартда эълон қилинган  313 марта кўрилган