март 26

Икки ёш оила қурди. Бироқ ҳеч қанча вақт ўтмай билишдики, турмуш улар ўйлаганларидек енгил, бир текис кечмас экан. Эр-хотин бир-бирини севса-да, арзимаган нарсалар устида тортишиб қолар, ҳатто жанжаллашиб кетарди. Бу ҳол тобора одат тусини ола бошлади.

Бир куни иккови ўтириб, муносабатларини кўздан кечиришга қарор қилишди. Тан олиш керакки, иккови ҳам ажрашишни хоҳламас, лекин бу аҳволда яшаш ҳам тўғри келмасди. Ўйга толган эр ниҳоят мулоҳазасини баён қилди: “Кел, бундай қиламиз. Боғчамизга кўчат экамиз, агар у уч ой ичида кўкариб кетса, муносабатларимизни қайта кўриб чиқамиз. Мабодо, ниҳол қуриб қолса, унда... ажрашамиз. Бу муддат ичида алоҳида хоналарда яшаб турамиз”.

Эрининг таклифи аёлга ҳам маъқул келди. Эртасига улар бозордан мевали дарахт кўчатини олиб келиб, боғчаларига ўтқазишди. Орадан бир ой ўтди. Қоронғу кечаларнинг бирида эр-хотин боғчада бир-бирларига рўбарў келиб қолишди – иккисининг ҳам қўлида сув тўлдирилган идиш бор эди...

Дўстларга тавсия этиш
2018 йил 26 мартда эълон қилинган  318 марта кўрилган