Ёз кечаси. Чигирткалар чириллайди, қурбақалар қуриллайди. Оғил тарафдан тўйиб ётиб олган сигирнинг инқиллаши, байталнинг пишқириғи эшитилади. Ота-бола очиқ осмон остида, шифер томли уйнинг олдига тушган супада юлдузларга термулиб ётибди. Бола тўлай деб қолган ойга тез-тез қараб олади. Бошида саволлар ғужғон ўйнайди. Лекин отасининг ўйчан ётганини кўриб, пинжига тиқилади-ю, гап қотишга ботинмайди. Ўзига эътибор тортиш ва баҳонада узилиб қолган суҳбатни давом эттириш пайида отанинг деярли оқариб қолган соқолини силайди. Отанинг кўкка қадар етиб борган нигоҳлари изига қайтиб, хаёли бўлинади. Кенжасига ёнбош бўлиб ётади. Бола имкониятни қўлдан бермайди:

– Ота-а?!

– Лаббай, тойчоғим.

– Оймомо юлдузларнинг энаси-я?

– Ҳа, улим.

– Унда отаси қаерда?

– Ишлагани кетган.

– Қачон келади?

– Эрталаб.

– Отаси қуёшми?

– Ҳмм...

Бола яна юлдузларга термулиб ўйланиб қолади. Элас-элас кўринаётганларини яқинда туққан Зийрак итининг нимжон боласига қиёслайди. Кундузи Зийрак ҳар сафар болаларини эмизишга келганда нимжон кучук энасини эмолмай ғингшиб қолгани эсига тушиб, митти юлдузлар ҳам очликдан йиғлаётгандай туюлади.

– Ота-а?!

– ...

– Ота-а-а!

– Ҳов, улим... – кўзи илинган ота қўл узатиб боласининг бошини силайди.

– Юлдузларга отаси нон олиб келадими?

– Ҳа, улим. Хўрозқанд ҳам олиб келади.

Бола беихтиёр лабини ялайди. Энди юлдузларга ҳавасланиб қарайди.

– Эрта менгаям хўрозқандга пул берасиз-а?

– Ҳа, улим.

– Мактабга қачон бораман?

– Озгина қолди, улим. Худо хоҳласа, кейинги йил.

– Худонинг уйи қаерда, ота?

– Ҳамма жойда, болам.

Ота сергак тортади. Бу мавзуда боласига янглиш тасаввур бериб қўймасликка тиришади. Чарчоқ босиб келаётган бўлса-да, кўзларини очиб ётади. Бола бироз жунжикканини кўриб, ёнидаги чопонини унинг устига ёпади.

– Аллоҳ Худонинг ошнасима? – бола осмондан кўз узмайди.

– Йўқ, болам. Аллоҳ, Худо, Парвардигор деганимиз ҳаммаси Худонинг исмлари. Унинг тўқсон тўққизта исми бор. Лўлилар уйга келганда тожикча гапирганини эшитганмисан?

– Ҳа.

– Уста Толикнинг ўрисча гапирганини-чи?

– Эшитганман.

– Ҳамма Худони ўзининг тилида айтади. Шунинг учун унинг оти кўп, болам. Ўзи эса битта. Уни ҳеч ким туғмаган. Аввалдан бор бўлган. Абадий бор бўлади.

– Унда нега кўринмайди?

– Сен шамолни кўрганмисан, улим?

– Йў-ў-ўқ. У кўринмайди-ку.

– Лекин шамолнинг борлигини биламиз, тўғрими? Худди шундай кўринмас нарсалар дунёда кўп, улим. Худони кўриб, ушлаб бўлганда у Худо бўлармиди?! У ҳеч кимга ўхшамайди. Ҳаммани кўриб туради.

– Қоронғудаямми?

– Қоронғудаям.

– Ҳамма нарсани У яратганми?

– Шундай, улим.

– Кучугимизниямми?

– Ҳа.

– Гидигиниямми?

– Ҳмм.

– Алламанг, гидикларни Зийрак тувди-ку?!

– Ҳали ҳаммасини тушуниб оласан, энди ухла!

– Хў-ўп.

Атрофга сукунат чўкади. Боланинг хаёлларини отанинг хурраги бузади. Бошини кўтариб уй томон қарайди. Ўрта хонада чироқ ёниқ. Демак, ҳали онаси урчуқ йигириб ёки тикиш қилиб ўтирибди. Бола энди тезроқ ухлашга тутинади. Онаси ётгунича ухлашга улгурмаса, бир ўзи уйғоқ қолишдан қўрқади. Лекин отасининг ҳозиргина айтган гапи, Худо уни кўриб тургани эсига тушди. Қўрқуви ариди. Уйқу элитган кўзларини юмди. Жилмайганча ухлаб қолди...

Абдулатиф Абдуллаев

 

Дўстларга тавсия этиш
2018 йил 26 мартда эълон қилинган  311 марта кўрилган