Набий (а.с.) дедилар: “Аллоҳнинг юзта раҳмати бор. Улардан биттасини жин, инс, ҳайвонот ва ҳашаротлар орасига нозил қилгандир. Бас, ўша ила улар бир-бирларига меҳр ва раҳм кўрсатадилар. Ўша ила ваҳший ҳайвон ўз боласига меҳр кўрсатади. Аллоҳ тўқсон тўққизта раҳматини кейинга қўйган. Улар ила қиёмат куни бандаларига раҳмат кўрсатади” (Муслим ривояти).

Бошқа бир ҳадисда: «Аллоҳ халойиқни халқ қилганда Ўз Китобига: “Албатта, раҳматим азобимдан ғолиб келади”, деб ёзиб қўйди», деганлари ривоят қилинади (Бухорий).

Шундай экан, дуоингиз ижобат бўлмаётган эса, ўкинманг. Абу Саид Худрий (р.а.)дан ривоят қилинади: «Набий (а.с.): “Бир мусулмон гуноҳ қилмай, силаи раҳмни узмай туриб дуо қилса, албатта, Аллоҳ таоло унга уч нарсадан бирини беради. Ё сўраган нарсасини тезда беради. Ёки унинг мукофотини охиратга олиб қўяди. Ёхуд унга тенг ёмонликни ундан даф қилади”, дедилар. “Ундоқ бўлса, кўпайтирилар экан-да?” дейишди. “Аллоҳ кўпайтирувчироқ!” дедилар».

Агар хасталансангиз ёки бирор кўнгилсизликка дучор бўлсангиз, бу Аллоҳ сизга ғазаб қилганини билдирмайди. Бу ҳам раҳмат. Зеро, Ҳақ таоло мусибат орқали бандаларини синаб, Ўзига яқин қилади ва гуноҳларини мағфират этади. Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади: «Набий (а.с.): “Мусулмонга қай бир мусибат – чарчашми, беморликми, ташвишми, хафачиликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки тикан киришми – етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг хатоларини каффорат қилур”, дедилар» (Муттафақун алайҳ).

Агар бир синовга учрасангиз, Аллоҳ сизга ёмонлик истади, дегани эмас. Бу билан У Зот сизга ўзининг яхши кўрган бандаларидан бири бўлиш имконини беради. Пайғамбаримиз (а.с.) айтадилар: “Яхшиликлар катта синовлар билан келади. Қачонки Аллоҳ бир бандасини яхши кўрса, унга синов юборади. Агар банда синовга сабр қилса, Аллоҳнинг раҳматига эришади, аммо сабрсизлик қилса, Унинг ғазабига дучор бўлади”.

Агар бирор савобли амал қилсангиз ҳам, буни Аллоҳнинг фазли ва раҳмати ила адо этганингизни унутманг. Лекин гуноҳ содир этсангиз, дарҳол тавба қилиб, Аллоҳга истиғфор айтинг. Зеро, “Албатта, Аллоҳ одамларга нисбатан меҳрибон ва раҳмлидир” (Бақара, 143).

Даврон Нур

 

Дўстларга тавсия этиш
2018 йил 19 мартда эълон қилинган  468 марта кўрилган