март 16

Отаси ўлиб сағир қолди болакай. Онаси йиғлаб-йиғлаб бошқага турмушга чиқди. Бола янги дадасидан хавфсиради. “Ўгай дадалар ёмон бўлади”, дейишганди ўртоқлари. Уни бағрига тортмоқчи бўлган амакини силтаб қочиб қолди. Ертўлага тушиб, ўз дадасини эслаб кўз ёш тўкди.

– Нега йиғлаяпсан? – уни яширинган жойидан топиб олди янги дадаси.

– Дадамни соғиндим...

– Мен ҳам жуда соғиндим, – унинг елкасини силади янги дада, – отам ўлганида роса йиғлаганман. Ҳалиям қўмсайман.

– Сизнинг ҳам дадангиз йўқми? – унга ҳайрон боқди бола.

– Ҳа, сен каби ёлғизман, болам. Дўст бўласанми мен билан? – кўзлари намланди янги даданинг.

– Бўламан... – узатилган қўлларни тутди бола.

Ҳамдардлар ҳар куни ачомлашиб бирга ухлайдиган бўлишди.

Нодирабегим Иброҳимова

 

Дўстларга тавсия этиш
2018 йил 16 мартда эълон қилинган  277 марта кўрилган