Хотиннинг эри зиммасидаги ҳақи эрнинг ўзига ҳам, молига ҳам тегишли. Хотиннинг эри зимма­сида маҳр ва нафақа сингари молиявий ва шахсий хақлари бор.

1. Эр хотинига хушфеъл бўлиши, у билан яхши му­омала қилиши, бирга фаровон ҳаёт кечириши, унга озор етказмаслиги керак.

2. Эркак хотини билан ўз қадрини туширмайдиган даражада ҳазиллашиши, чақчақлашиши ва ўйнамоғи керак. Бу ишлар аёл қалбини кўтаради.

3. Эркак аёлини қизғаниши, унинг ор-номусини сақлаши керак. Оқибати бузуқ бўладиган ҳар қандай ҳолга бепарво бўлмаслиги лозим.

4. Эр хотиннинг ўзига алоҳида жой қилиб бериши, унда эрнинг яқинларидан ҳеч ким бўлмаслиги керак.

5. Эр хотинга бериши лозим бўлган маҳрни, қанча бўлсада, тўла бериши керак. Маҳр танҳо хотиннинг ҳақидир.

6. Эр хотинининг етарли озиқ-овқат ва кийим-бош каби эҳтиёжларини, исроф этмай, таъминлаши ке­рак. Эр харжлари учун ажр ва савобга эришади.

7. Қўшилиш чоғида эр хотини рухсат қилмаса, суғу­риб ташламаслиги керак.

8. Эр, агар хотини исён ва ахлоқсизлик қилса, уни тўғри йўлга солиш учун одоб ўргатиши керак. Бу хо­тинни ўзига бўйсунишга ундаш учунгина эмас, бал­ки биринчи навбатда Аллоҳ таолога итоат этишга ундаш мақсадида бўлиши зарур.

9. Эр хотинининг иффатини сақлаши лозим. Хо­тинни ҳаромдан ҳимоя қилиш эрга вожибдир.

10. Эр хотинни на сўз билан ва на феъл билан сўкиб, айблаб, ҳақоратлаб, ёмонлаб пастга уриши, унинг жисмию хулқини, оиласию яқинларини кам­ситмаслиги керак. Зеро, бу мусулмон ахлоқига мут­лақо тўғри келмайди.

11. Эр хотинининг озорини кўтариши, у ғазабланганида ва жаҳли чиққанида мулойим бўлиши, унинг хатоларини кечириши керак.

12. Эр хотинини яхши кўрса, ҳурматлаши, ёмон кўрса, зулм қилмаслиги керак. Истаса, чидаб яшасин ё яхшиликча ажралсин.

 

Дўстларга тавсия этиш
2018 йил 13 мартда эълон қилинган  503 марта кўрилган