Ёшлигимни эсласам, тўрт опа-сингил отамдан, акаларимдан ҳайиқиб яшаган кунларимиз ёдимга тушади. Орамиздаги фарқ бир-икки ёшдан бўлгани учун деярли баравар вояга етдик. Эшикли уй, бир кун биримизга, иккинчи кун бошқамизга совчи келарди. Ўртада воситачи – онам. Совчи қўйган йигитни танисак, яхши-ёмон “сифат”ларини санаб ташлардик. Баъзан “Улар бизнинг тенгимиз эмас”, дердик. Шунда онам:

– Тегмасанг, тегмайман деб айт, бировнинг боласини ёмон дема, – деб гапимизни кесар эди. – Керак бўлса, ўзим суриштираман. Ким кимнинг тенги эканини Худо билади, буни бандаси ҳал қилмайди!

Ёш эканмиз-да, ота-онанинг ичкин истагидан ўзимизнинг ҳавойи орзуларимиз чиройли кўринарди. Билиб-билмай бирор нима деб қўяверардик ва ҳар сафар норозилигимиз қаттиқ гап эшитиш билан якунланарди.

Бирма-бир учирма бўлдик. Энди фарзандларимиз вояга етяпти. Ота-онамнинг хавотирини, қаттиқ гаплари маънисини энди англаб етяпман. Бир куни кийим тиктириш учун яқинда кўчиб келган қўшни чевар келинникига чиқдим. Гаплашиб ўтириб асли қаерданлиги ҳақида сўрадим. У ўзининг тагли-тугли экани, эрининг оиласига адашиб келин бўлганини, булар тенги эмаслигини куюниб гапирди. Чиройли қоракўз ўғилчасига қараб:

– Шукр қилинг, мана, фарзандингиз бор экан, – дейман.

– Тўғри, лекин мен қийинчилик кўрмай ўсганман. Бу хонадонда озмунча азоб чекдимми? Мана, асабийман, камқон бўлиб қолдим...

Гапни қисқа қилдим, ичимда ғашлик билан уйга қайтдим. Яқинда бир ҳамкасбимизнинг тўйи эсимга тушди. Базмда ўтирганимизда келин-куёв бир-бирига муносиб эмас экан, деган гаплар қулоғимга чалинди. Атрофимдагилар униси чиройли, буниси хунук деб бири олиб, бири қўйиб таъриф бериб турганида орамизда ёши каттароқ опа: “Бир-бирига мос, илоҳим, ёшлар бахтли бўлишсин!” деб мавзуга нуқта қўйди.

Яқинда қизимнинг қўлини сўраб бир аёл қўнғироқ қилди. У гап орасида “асл” одамлардан экани, икки қаватли уйлари, машиналари борлигини, қизимни ўғли суриштириб топганини айтиб қолди. Унинг муддаосини билгач, “Биз оддий одамлармиз. Қўпқаватли уйда, икки хонали хонадонда турамиз. Маош ҳисобига яшаймиз. Ҳали қизимиз учун бирор нима йиғмаганмиз. Ўзи институтда шартнома асосида ўқийди. Яна иккита боламиз бор. Топганимизни шуларнинг китоблари, ўқув қуролларига сарфлаймиз. Қиз узатишга маънавий ҳам, моддий ҳам тайёр эмасмиз”, дедим. Унинг нафаси ичига тушиб кетди: “Ҳм-м, ўғлимнинг кўнгли учун сўрагандим-да”.

Бир куни қизим гап топиб келди. Ўша аёл биз ҳақимизда “Тенгимиз эмас экан”, дебди.  Бундан асло кўнглим оғримади. Чунки тенглик тўйгача ўйлаб кўриладиган масала. Майли, онам айтганидек, қизли уй – қўрғон. Қачон бўлсаям, ким бўлсаям инсофли куёв ва қудалар насиб этсин. Фарзандларимизнинг бахту камолини қўша-қўша уйлар, машиналар белгиламайди. Ҳар ҳолда менинг фикрим шундай. Баъзида ажримлар пайтида эр-хотинлар бир-бирлари ҳақида характеримиз тўғри келмади, бир-биримизни тушунмадик, бир-биримизга мос эмас эканмиз, деб қолишади. Бу ҳам бор гап. Бироқ бундай пайтда мен унга муносибманми, менинг ҳам камчиликларим бор-ку, дейиш тўғри бўлади. Ҳикоя ўқигандим, маъноси тахминан бундай. Бир одам хотини ҳақида йигит умрим шу аёл билан ўтяпти, аслида бундан яхшисига муносибман, деб ўйларкан. Шундай хаёллар билан яшаб юрганида туш кўрибди. Тушида аёлининг ўрнида бошқа гўзал хотин эмиш. Бироқ хотини бақириб гапирар, ишида унум, овқатида маза, гапида мазмун йўқ экан. Уйғониб кетибди, ўтириб ўйлаб қолибди. “Ёшлигимда қанча гуноҳлар қилдим. Яхши-ёмонни фарқламадим. Шу аёлга уйлангач, уйимга барака кирди. Рўзғорим тугал бўлди. Фарзандларим ақлли бўлиб вояга етяпти. Мен ношукр учун бу аёл мукофот экан”, дебди.

Азалдан бўлғуси келин ёки куёвнинг насл-насаби бежиз суриштирилмаган. Бу энди алоҳида мавзу. Бироқ тўй ўтганидан кейин кимнинг кимга муносиблиги ҳақида баҳслашиш тўғри эмас.

Манзура Жўрақул қизи

 

Дўстларга тавсия этиш
2018 йил 13 мартда эълон қилинган  295 марта кўрилган