– Ая, нон егим  келмаяпти, овқа-ат.

– Ана, қаймоқ билан еб тургин, ҳозир шўрва  пишади.

– Қаймоғиз эскириб қопти, емайман.

Онамга хижолатомуз қараб қўйиб, энди қизчамни койимоқчи бўлгандим, оғзимни очгани қўймай, дарров янги қаймоқ солдириб келди.

– Қўй, болам, шугинамнинг кўнгли чўкмасин. Ол, момо қизим, оққанддан ҳам сол.

– Бесабр бўлмасин, деб койийман-да.

Иссиқ чойда қанднинг қум минорадек қулашини берилиб томоша қилаётган неварасининг сочларини силаб, алқар экан, онам бир хўрсиниб қўйди.

– Илоё, биз кўрган кунларни булар кўрмасин, – дея кўрпача четидаги нон ушоғини авайлаб олиб оғзига солди. – Шу ушоқнинг қадри ҳам олтинга тенг эди бир пайтлар.

Болалигимда эшитганим, мени тарбиялаган, шукр тушунчасини илк бор дилимга солган ҳикоялардан бирини борлиқни унутганча тинглай бошладим.

– Ўшанда очарчилик айни авжига чиққан, дадам қазо қилганига анча йил бўлган пайтлар эди. Яна дегин, синглим бетоб, онам шўрлик азонда ўзи емай бизга едириб, катта акаларим билан далага кетарди. Синглим икковимиз Исмат акам билан қолардик. Онам қайтгунича очиқиб кетар, уйда ушоқ ҳам йўқлигини била туриб дас­турхон, қозон-товоқ титкилаб, егулик излайверардик. Шолча ости ёки кавак­лардан дон-дун, буғдой топиб олсак, қувонишимизни кўр!

Исмат акамнинг зиммасида ҳам энагалик, ҳам рўзғор  юмушлари. Устига-устак эрталаб онам “Сен каттасан, ўғил боласан, укаларинг тузукроқ емаса бўлмайди”, деб бурда ноннинг ҳам бир қисмидан бебаҳра қилиб кетган. Ўша куни очлик унинг ҳам жон-жонидан ўтиб кетди шекилли, ун халтани титкилаб қолди. Кейин хонтахтани суриб, кеч кузнинг совуғи туфайли сандалга солинган чўғни бир жойга тўплади. Аввал ухлаб ётган синглимга, кейин менга қараб ўйланиб қолди.

– Сурма, ҳозир ажина келади, сен сандиққа кириб ётиб тур.

Қўрқиб кетдим.

– Нега келаркан? Синглим-чи?

– У ухлаяпти, унга тегмайди. Мен сени ухлаяпти деб айтаман, хўпми?

Юрагим дукурлаб, акам меҳробдаги сандиқни очиши билан ичига кирдиму дадамнинг эски тўни устида мук тушиб ётиб қолдим. Сандиқ ёриқларидан кирган ним шуълаларга термулиб қанча ётдим, билмайман. Ўшандаям ювош эканман, “миқ” этмабман. Бир маҳал димоғимга иссиқ зоғора ноннинг ҳиди “гуп” этиб урилди.  Энтикиб кетдим, ажинани ҳам унутдим.

– Ака, очинг, акўв!

– Жим тур, ажина кетсин.

Сандиқ ёриғидан қарасам, акам кафтдек хамирни юпқа қилиб капгир устига қўйиб, чўғ тепасида ушлаб турар, бўш қўлидаги зоғора кулчани оғзи куйганча чайнаб-чайнамай ютар эди... Энди йиғини бошладим. Дарров сандиқ очилди. Иккинчи кулчани уччовимиз баҳам кўрдик. Ҳар биримизга чорак кафтчалик, хом-хатала зоғора тегди. Сўнг бечора акам кун бўйи “ажина” воқеасини онамга айтмаслигимни уқтириб, ялиниб юрди. Албатта, мен айтмадим. Бироқ яқинда акам бир умр бу воқеани унутолмаганини эшитиб, юрагим эзилиб кетди. Чунки ўша йили қишда буғдойсиз қолиб, шолғом қайнатиб еяверганимиздан синглим шишиб кетиб, нобуд бўлган... Акам гўё ўшанда жигаридан яримта кулчани қизғангани учун шундай бўлгандек, армон қилиб юрган экан. Ҳа, болам, шунақа кунлар ҳам бўлган. У пайтлар овқат танлаш қаёқда, ушоққаям шукур қилардик.

Онам бирдан тўхтаб, қизчамга термулиб қолди. Янги қаймоқ бузилмай турар, эркатойим кўзларини биздан яширганча, кечаги қаймоққа нон ботириб ер эди...

Гулчеҳра Асронова

 

Дўстларга тавсия этиш
2018 йил 11 мартда эълон қилинган  239 марта кўрилган