Эр-хотиндан ҳар бирининг ҳақи иккинчисининг зиммасидаги вожибдир. Буни Аллоҳ таоло белгилаб ва очиқ баён қилиб қўйган. “Ҳақ” ва “масъулият” (“вожиб”) ўртасидаги фарқ эса бундай: Ҳақдор ўз ҳақидан кечиши, марҳамат кўрсатиши мумкин. Бунинг учун савоб ҳам олади. Аммо зиммасидаги масъулиятни, вожибни тарк қилиши мумкин эмас. Ҳақдор кечсагина, зиммасидан масъулият тушади.
Хотин эрининг ҳақларини билиб, уларни адо қилганидагина солиҳа хотин бўлади. Эрнинг хотин олдидаги энг муҳим ҳақлари қуйидагилардир: 
 
1. Хотин эрининг ҳақини ўз ҳақидан ва ҳамма яқинларининг ҳақидан ҳам олдинга қўйиши керак. Чунки зиммасидаги эрининг ҳақи жуда каттадир. 
 
2. Ҳайз ва нифос кунларидан бошқа барча ҳолда, эри ундан ором ва лаззат олишни истаган пайтда тайёр бўлиши лозим. Эрига тўсқинлик қилиши, эрининг у билан қўшилиш истагини ҳар қандай вақтда қайтариши мумкин эмас. 
 
3. Хотин эридан рухсат олмай нафл рўза тутиши мумкин эмас. Чунки рўза баҳра олишга тўсиқдир.
 
4. Хотин эрининг уйидан унинг ижозатисиз бирор нарсани ўзининг яқинларига ҳам бериши мумкин эмас. Агар берса хотинга гуноҳ, эрга савоб бўлади. Тўғри, фақат таомидан бузмай, садақа қилса бўлади.
 
5. Хотин Аллоҳ таоло берган насибага рози бўлиши, эрига инжиқлик қилмаслиги керак. Маишат қийинчилиги ё ҳол ночорлиги учун ғазабланмаслиги ва оҳ-воҳ урмаслиги лозим.
 
6. Хотин авратини беркитиши, рухсорини маҳрамларидан бошқага очмаслиги билан ўзини сақлаши лозим. Аёлнинг яланғочланиши, кийимларини эридан ўзгага ечиши ҳаромдир.
 
7. Хотин гўзаллиги билан эрига фахрланмаслиги, эри хунук бўлса, ёмон кўрмаслиги, агар бой бўлса, эри олдида моли билан ғурурланмаслиги керак.
 
8. Хотин фарзандларига раҳм қилиши, уларни ҳурматлаши, фарзандларни уришиб лаънатлашдан, эрига юзсизлик билан мурожаат қилишдан тилини тийиши, унинг хизматлари ва марҳаматларини инкор этмаслиги керак.
 
Дўстларга тавсия этиш
2018 йил 11 мартда эълон қилинган  369 марта кўрилган