Ассалому алайкум, муҳтарам мухлислар! Мана, кўз очиб-юмгунча ордан уч ой ўтиб, яна сизлар билан ғойибона суҳбатлашиб турибмиз. Ўтган сафарги ҳолат учун биздан астойдил ранжигансиз шекилли, бу гал мактублар жуда кам келди... Биз бундан ташвишландик, албатта. Зеро, мақсадимиз илмни, изланишни тарғиб этиш. Бу йўлдаги айрим камчиликлар эса, кўп ҳолларда бизга боғлиқ бўлмаган сабаблар ортидан юзага келмоқда. Шунинг учун, келинг, илм йўлида изланишдан тўхтамайлик. Ахир, мусулмоннинг бугуни эртаси билан бир хил ўтиши керак эмас­ку, ҳар куни нимадир ўрганиб, билимларимизни ошириб боришимиз лозимку, тўғрими? Шундай экан, ана шу изланишлар самарасини икки энлик қоғозга тушириб, бизга юборишдан ҳам эринманг, биз эса сизнинг топқирлигингизни тақдирлашдан чарчамайлик, билим йўлидаги бу алоқамиз тобора мустаҳкамланиб борсин!

Мактублар камлиги етмаганидек, тўғри жавоб берганлар ҳам атиги учтани ташкил этди. Табиийки, қуръага ҳожат ҳам бўлмади. Демак, ғолиблар билан танишинг:

1. Бобур Содиқов, Жиззах вилояти, Ш. Рашидов туманидан;

2. Дилдора Пўлатова, Наманган вилояти, Тўрақўрғон туманидан.

3. Сирожиддин Намозов, Самарқанд вилояти, Ургут туманидан.

Ғолибларни қутлаймиз ва совринларини уйларида кутиб олишларини эслатиб қўямиз.

Энди эса, ўтган сондаги саволларнинг тўғри жавоблари билан танишинг:

1. Аллоҳнинг юзи, қўли, ғазаби кабиларни қандай тушунишимиз лозим?

Қуръонда Ўзи зикр этганидек, Аллоҳнинг қўли, юзи, нафси (Ўзи) бор деб биламиз. Булар Унинг сифатларидан, лекин қандай, қанақа дейилмас. Ҳатто, қўли-қудрати ёки неъмати ҳам деб таъвил этилмас. Акс ҳолда унинг бир сифатини йўққа чиқарилган бўлур. Бу эса қадарийлар ва мўътазилийлар сўзидир. Биз айтамизки, қўли ўзига хос, кайфиятсиз сифатдир. Шунингдек, Унинг ғазаби ва ризоси ҳам ўзига хос кайфиятсиз сифатларидандир (“Ақоид Матнлари”).

2. Қийналиб сабоқ олган, савол ва эътирозлари туфайли устозидан ажралган Пайғамбар ким?

Қийналиб сабоқ олган, савол ва эътирозлари туфайли устозидан ажралган Пайғамбар Мусо (а.с.)дирлар (“Қуръони карим маъноларининг таржимаси ва тафсири”).

3. Аёл киши беморликдан ўзи таҳорат қила олмаса, эри таҳорат қилдириб қўйиши керакми?

Аёл киши беморликдан ўзи таҳорат қила олмаса, эрининг зиммасига уни таҳорат қилдириб қўйиш тушмайди. Балки таяммум билан намозини ўқийверади (“Оламгирия”, “Қозихон”).

4. Ҳадис истилоҳида “мақлуб” деб нимага айтилади?

Ҳадис илми истилоҳида “мақлуб” деб ҳадиснинг санади ёки матнида лафзни бошқа лафздан олдинга ўтказиш, орқага ўтказиш ёки шунга ўхшаш йўсинда алмаштиришга айтилади. Мақлуб икки хил бўлади: санаддаги мақлуб ва мантдаги мақлуб. Яъни, бундай алмаштириш санадда ҳам, мантда ҳам бўлиши мумкин (“Мусталаҳул ҳадис”).

5. Пайғамбаримизнинг махфий юришлари ҳақида душманларга хабар етказмоқчи бўлган саҳобий ким эди?

Пайғамбаримизнинг Маккани фатҳ этиш учун уюштирган махфий юришлари ҳақида маккаликларга хабар бермоқчи бўлган саҳобий Хотиб ибн Абу Балтаа (р.а.) эди (“Сиз Пайғамбарни кўрганмисиз?”).

 

Дўстларга тавсия этиш
2018 йил 8 мартда эълон қилинган  209 марта кўрилган