У зотга салавот ва салом айтинг!

«Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтурлар. Эй мўминлар, (сизлар ҳам) унга салавот ва салом айтинглар!» (Аҳзоб, 56).

Аллоҳ таоло ушбу оят билан Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг нақадар шарафли эканликларини, қадрлари Яратган ҳузурида қай даражада юксаклигини кўрсатиб берди. Ҳаётлик чоғларида ҳам, вафотларидан кейин ҳам, олдиларида ҳам, орт­ларидан ҳам у зотга салавот ва салом йўллашни таълим бермоқда Аллоҳ таоло. Чунки Аллоҳнинг Ўзи ҳам, Унинг итоаткор фаришталари ҳам Набий (а.с.)га салавот йўллайдилар. Имом Қуртубий айтадилар: «Аллоҳнинг салавоти Унинг раҳмати ва ризоси демакдир. Фаришталарнинг салавоти эса, дуо ва истиғфор маъносидадир. Умматнинг салавоти бўлса дуо ва у зотнинг амрларига ҳурмат кўрсатишни билдиради».

Бу оят, юқорида айтилганидек, Пайғамбар (а.с.)нинг аввалги ва кейинги барча инсониятнинг энг хайрлиси эканликларини кўрсатиб турибди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ оятда бизларга марҳамат қилмоқдаки, эй мўминлар, сиз ҳам Пайғамбар (а.с.)га кўп-кўп салавот айтингиз, чунки зиммангизда у зотнинг ҳаққи бисёрдир. Чунончи, сизларни Аллоҳ ёрдамида зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга олиб чиққан у зот (с.а.в.)дир. Шунинг учун ҳам у зотнинг муборак номлари тилга олингани ҳамоно: «Аллоҳумма солли ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад» («Аллоҳим, Муҳаммадга ва у зотнинг оилаларига марҳамат кўрсат, у зотга кўп салом йўлла»), деб айтинг!

Каъб ибн Ужрадан шундай ривоят қилинади: «Биз Расулуллоҳ (с.а.в.)дан: «Эй Аллоҳнинг расули, Сизга салом беришни биламиз, аммо салавот қандай айтилади?» – деб сўрадик. Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай жавоб бердилар: «Эй Аллоҳим! Иброҳимга салавот айтганинг каби, Муҳаммад ва оилаларига ҳам салавот айт…», денг» (Бухорий ривояти)

Савий айтади: «Малоикалар ва мўминларнинг Пайғамбар (а.с.)га салавот айтишларининг ҳикмати, уларнинг бу иш орқали шараф топишларидир. Зеро, улар Пайғамбар (а.с.)га салавот йўллаш, у зотни улуғлаш ҳақидаги Аллоҳнинг амрига бўйсунганлар. Айни пайтда салавот Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг уммат зиммасидаги ҳақлари эвазига мукофотдир. Чунки у зот (с.а.в.) умматларга берилган барча неъматларнинг асосий сабабчисидирлар. Киши бировдан бир яхшилик кўрса, унга яхшилик билан жавоб қайтаришга, уни тақдирлашга бурчли бўлиб қолади. Аммо инсонлар Расулуллоҳ (с.а.в.)ни муносиб тақдирлашга имконлари етмаслиги сабабли, барча нарсанинг мутлақ эгаси ва ҳар ишга қодир Аллоҳдан у зотни тақдирлашини сўрайдилар. «Аллоҳим, Муҳаммадга салавот йўлла», сўзларининг маъноси шудир».

Тафсир китоблари асосида Нўъмон Абдулмажид тайёрлади

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: