Тенгсиз неъмат

У осмондан сув (ёмғир) туширган зотдир. У билан ҳар нарсани (ердан) ундириб чиқардик. Ундан яшил гиёҳ (полиз экинлари)ни чиқардик. Ундан (бошоқ каби) зич таркибли донларни чиқарамиз. Хурмодан эса, унинг шохидаги (мева) бошлари (ерга) яқини (ва яқин бўлмаганлари) бор. Шунингдек, узумзор боғлар, бир-бирига ўхшаган ва ўхшамаган зайтун ва анорларни (чиқардик). Уларнинг мевалагандаги (ғўр) мевасига ва пишганига (ибрат кўзи билан) боқинг! Шу (билган)ларингизда, албатта, имон келтирувчи қавмлар учун аломатлар бордир (Анъом, 99).

У осмондан сув (ёмғир) туширган зотдир”. Яъни, Аллоҳ таоло ўзининг раҳмати ўлароқ ўлчовли, баракотли, бандаларга ризқ бўладиган сув – ёмғирни ёғдирувчи зотдир.

У билан ҳар нарсани (ердан) ундириб чиқардик…” Барча ўсимликлар ёмғир билан униб чиқади. Аллоҳ таоло бутун борлиқни сувдан яратганига ушбу ояти карима мазмуни ҳам ишора қилади: “…барча тирик мавжудотни сувдан (пайдо) қилганимизни кўрмадиларми?!” (Анбиё, 30).

Олдин ёмғир суви билан ердан “яшил гиёҳ (полиз экинлари)ни чиқардик”, улардан эса “(бошоқ каби) зич таркибли донларни чиқарамиз”.

Шунингдек, “Хурмодан эса, унинг шохидаги (мева) бошлари (ерга) яқини (ва яқин бўлмаганлари) бор…”. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ояти каримадаги “яқин” сўзини “узилиши яқин”, “пишиб етилган” деган мазмунда тафсир қилган. Яна бошқа бир тафсирда айтилишича, бу сўз “ерга яқин”, “уни турган ҳам, ўтирган ҳам олиши мумкин” деган маъноларни билдиради. Ибн Аббосдан (розияллоҳ анҳу) ривоят қилинган яна бир тафсирга кўра, оятда бўйи паст хурмо дарахтининг мева ғужумлари ерга ёпишиб турадигани назарда тутилган.

Шунингдек, узумзор боғлар, бир-бирига ўхшаган ва ўхшамаган зайтун ва анорларни (чиқардик)”. Муфассирларнинг ёзишларича, ўсимлик ва дон инсон учун асосий, мевалар иккиламчи озуқа бўлгани сабаб ояти каримада ўсимликлар ва дон-дун олдин, мева-чевалар эса кейин зикр қилинган.

…бир-бирига ўхшаган ва ўхшамаган зайтун ва анорларни (чиқардик)…” ояти каримаси тафсирида Қатода ва бошқа муфассирлар айтишади: “Барглари, мевасининг шакли бир-бирига ўхшаб кетади. Аммо таъми бошқа-бошқа”. Мисол учун, оятда келтирилган зайтун ва анор дарахтларининг барги ва кўриниши бир-бирига ўхшайди, аммо мевасининг шакли, таъми ва ранги умуман ўхшамайди. Шунингдек, пояси бир-бирига ўхшайдиган, аммо дони ва меваси ҳар хил бўлган мевалар, ранги ўхшаш, бироқ таъми ҳар-хил мевалар ҳам бор. Буларнинг бари бандалар Аллоҳ таолонинг яратувчилик сифати ҳақида фикр юритиши учундир.

Ояти каримада хурмо ва узумнинг алоҳида зикр қилинишига сабаб, бу икки меванинг Хижоз халқи наздида қадрли эканидир.

Уларнинг мевалагандаги (ғўр) мевасига ва пишганига (ибрат кўзи билан) боқинг!..” Мева туккани ва пишган ҳолига, бир рангдан бошқа рангга ўзгаришига, бир ҳолатдан бошқа ҳолатга ўтишига бир назар ташланг.

Замахшарий тафсирида бундай дейилади: “У мевасини чиқарган пайтда жуда кичик бўлади, ундан деярли фойдаланишнинг иложи йўқ. Энди пишган ва етилган ҳолатига қаранг: у қандай қилиб барча фойдали нарсаларга тўла ва ширин таъм кирган неъматга айланди? Назар солганда ҳам, уни бир ҳолатдан бошқа ҳолатга ўтказган, миқдорини белгилаган Аллоҳнинг қудратига эътибор ва тафаккур назари билан қаранг!”

Ибн Касир тафсирида ёзилишича, Барро ибн Озиб, Ибн Аббос, Заҳҳок, Суддий, Қатода ва бошқалар оятни бундай шарҳлаган: меваларнинг пишиб етилган ҳолатига қаранг, йўқдан бор қилиб яратган Зотнинг қудратига назар солинг! Оддий новдадан узум, хурмо ва шу каби таъми, ранги, шакли ва ҳиди турфа мевалар пайдо бўлмоқда”.

Аллоҳ таоло инсон табиатини, унинг бир хил нарсалардан ва бир хил рангдан зерикишини билади. Шунинг учун меваларнинг тури, таъми ва навини турли хил қилиб қўйган. Аллоҳ таоло бу неъматларни бандалари шукр қилишлари учун шундай мукаммал қилиб яратган.

Шу (билган)ларингизда, албатта, имон келтирувчи қавмлар учун аломатлар бордир”. Айтиб ўтилганидек, Аллоҳ таоло бу оятларни имон келтирган ва ишонганлар учун келтиради, аммо ким юз ўгирса, ажойиб оятлар ва улкан неъматларнинг маъносини тушуна олмайди.

Нўъмон Абдулмажид

Тафсир китоблари асосида тайёрланди.

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: