“Саломатлик бўлсин!”

Раҳмоннинг (суюкли) бандалари ерда тавозе билан юрадиган, жоҳил кимсалар (бемаъни) сўз қотганда “Саломатлик бўлсин”, деб жавоб қиладиган кишилардир” (Фурқон, 63).

Аллоҳ таоло бу ояти каримадан эътиборан Ўзига суюкли бандаларнинг сифатларини зикр қила бошлайди. Ушбу саналган сифатлар кимда бўлса, у Раҳмонга суюкли бандадир ёки ким Раҳмонга суюкли банда бўлишни хоҳласа, бу ва бундан кейинги оятларда санаб ўтилган қатор сифатларга эга бўлиши зарур. Биз бу оят тафсирида ана шу сифатлардан дастлабки иккитаси билан танишамиз.

Раҳмоннинг (суюкли) бандалари тавозе билан юрадиган…” Аллоҳ бу ояти каримасида шундай сифатларга эга мўминларни шарафлантириш учун Ўзига нисбат бермоқда. Аллоҳ таолога итоат этиб, қуллик қиладиган, қулоғини, кўзини, тилини, дилини ўзига буюрилган вазифалари билан машғул қиладиган киши “банда” номини олишга ҳақлидир. Акс ҳолда эса: “Улар ҳайвонлар кабидирлар. Балки, улар (янада) адашганроқдирлар. Ана ўшалар ғофиллардир” (Аъроф, 179), оятида кўзда тутилганлардан бўлиб қолади.

Оятдаги “тавозе билан” сўзи “оғир”, “вазмин” ва “виқор билан” маъносидадир. Оят тафсирида Қози Иёз бундай дейди: “Улар Ер юзида жоҳилларнинг нодонликларига жавоб бермай, тавозе билан, ўртаҳол юрадилар. Ўртача юриш, босиқлик ва гўзал муомала пайғамбарлик ахлоқидандир”. Пайғамбаримиз (с.а.в.) бундай марҳамат қилганлар: “Эй инсонлар! Виқорли, оғир-вазмин бўлинг, зеро яхшилик шошилиб юришда эмас” (Бухорий ривояти).

Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг шамойиллари ҳақидаги ривоятларда ҳам у зотнинг виқор билан, худди тепаликдан тушиб келаётгандек юришлари, оёқларини ердан илдам кўтариб, енгил, хотиржам қадам ташлашлари қайд этилган. Бу эса кибр билан кеккайиб юришдан фарқланади.

Зуҳрий айтади: “Тез юриш юзнинг виқорини кетказади”. Ибн Атийя бу гапни бундай изоҳлайди: “Зуҳрий шошиб-пишиб, суръат билан юришни назарда тутган. Чунки бу ҳол ҳақиқатан ҳам виқор ва ҳайбатни кетказади. Яхшиси эса ўртача юришдир”.

Зайд ибн Аслам айтади: “Мен ушбу оятнинг тафсири ҳақида сўраб-суриштириб юрардим. Бу хусусда қониқарли изоҳ топа олмадим. Шу кунларда туш кўрдим. Тушимда бир киши олдимга келиб: “Улар ер юзида фасод чиқаришни истамайдиганлардир”, деди”.

Қушайрий айтади: “Оятни “Ер юзида бузғунчилик қилиш ва гуноҳ ишлаш учун эмас, балки Аллоҳ талога итоат ва мубоҳ ишлар учун юрадиганлар”, деб ҳам тафсир қилинган”.

Ибн Аббос (р.а.): “Итоат, яхшилик ва тавозе билан юрадилар”, деб тафсир қилган бўлсалар, Ҳасан: “Нодонларга парво қилмайдилар, уларга нодонлик қилинса, нодонлик билан жавоб бермайдилар. Одамлардан ўзларини катта олмай юрадилар”, деб таъвил қилган.

Имом Қуртубий айтади: “Бу тафсирларнинг ҳаммаси бир-бирига яқин маънодадир. Аллоҳ таолони таниш, Ундан қўрқиш, ҳукмларини билиш, азоб ва жазосидан қўрқиш буларнинг ҳаммасини бирлаштиради. Аллоҳ таоло лутф ва карами билан бизни ўша бандаларидан қилсин”.

Пайғамбаримиз (а.с.)нинг: “Сизлардан бир мақсад учун юрган киши аста юрсин”, деган ҳадисларига келсак, бу билан у зот (а.с.) нафснинг ичидаги ниятни назарда тутганлар. Аммо эътибор берсангиз, зоҳирда диндор кўринган ботилчилар фақат юриш шаклига маҳкам ёпишиб олишган.

…жоҳил кимсалар (бемаъни) сўз қотганда “Саломатлик бўлсин”, деб жавоб қиладиган кишилардир”. Наҳҳос айтади: “Бу ўриндаги “салом” салом бериш эмас, балки қарши тарафнинг зараридан саломат бўлиш маъносидадир. Араблар “сендан эсон-омон қутулиб олай” ёки “сендан узоқ бўлай” маъносида “салом” дейишади”.

Ибн Арабий айтади: “Оят нозил бўлган пайтларда мусулмонлар мушрикларга салом беришга буюрилмаган ҳам, ундан қайтарилмаган ҳам эдилар. Аксинча, улардан чиройли муомала билан узоқлашиш буюрилган. Пайғамбаримиз (а.с.) уларнинг мажлисларига борар, саломлашар, яқин муносабатда бўлар, аммо уларга хушомад, тилёғламалик қилмасдилар”.

Ибн Атийя айтади: “Тарих китобларида ушбу қайдларни кўрдим: Иброҳим ибн Маҳдий Али ибн Абу Толиб (к.в.)га қарши бўлганлардан эди. Саройида бир гуруҳ одамлар билан ўтирган халифа Маъмунга бундай деди: “Али ибн Абу Толибни тушимда кўрар ва ундан “Сен кимсан?” деб сўрардим. У: “Али ибн Абу Толибман”, деб жавоб берарди. Биргаликда кўприк олдига келардик, у олдинлаб, кўприкдан мендан бурун ўтарди. “Сен бир аёл (яъни, Фотима (р.а.)) туфайли халифаликка эга бўлдинг, ҳолбуки, бу ишга биз сендан кўра лойиқроқ эдик”, дедим. Лекин унинг берган жавобида мақташга арзигулик бирон ҳикмат топмадим. Ахир у фасоҳатли гапириши билан машҳур бўлган экан-ку”, деди. Маъмун сўради: “У сенга нима деди?” “Салом”, деди холос”, жавоб берди Иброҳим. Ровий фикрича, Иброҳим бу оятни билмасди ёки унутганди. Маъмун унга: “Аллоҳга қасам, эй амаки, сен тушингда аниқ Али ибн Абу Толибни кўрибсан, у сенга жуда балоғатли жавоб берибди!” деди. Бундан Иброҳим ибн Маҳдий қаттиқ уялди. Шубҳасиз, бу солиҳ туш эди”.

Нўъмон Абдулмажид

Имом Қуртубий тафсири асосида тайёрланди.

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: