Сабр қилувчиларга хушхабар беринг Муҳим

«Сизларни бироз хавф, очлик билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй, Муҳаммад)! Уларга мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳнинг мулкимиз ва албатта, биз Унинг сари қайтувчилармиз», – дейдилар» (Бақара, 155-156).

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло бу дунёнинг имтиҳон дунёси эканини, ҳар бир банданинг оятда кўрсатилгани каби машаққатлар билан синалишини баён этмоқда.

Оятдаги «хавф» сўзини Ибн Аббос «душман ҳужумидан қўрқиш» дея тафсир қилган бўлса, Шофеъий уни «Аллоҳдан қўрқиш» деб таърифлаган. «Очлик»ни Ибн Аббос «очарчилик, қаҳатчилик» деган. Шофеъий эса унинг рамазондаги очлик эканини айтади.

Шунингдек, оятдаги «молга нуқсон етиши»ни Шофеъий закот бериш орқали мол-дунёнинг камайиши тарзида тафсир қилади.

«Жонга зарар етиши» дейилганда Шофеъий «турли касалликлар натижасида жонга зарар етиши кўзда тутилган», дейди.

Оятдаги «мевалар»дан мурод, Шофеъийга кўра фарзандлардир. Зеро, фарзанд инсон қалбининг самараси-мевасидир.

Ибн Аббос «мевалар»ни ўз маъносида қабул қилиб, «меваларга нуқсон етиши»ни экин-тикинлардан ҳосил кам бўлиб, барака кўтарилиши тарзида шарҳлайди.

Аллоҳ таолонинг «…сабр қилувчиларга хушхабар беринг…» де­йишида сабрнинг мукофоти кўзда тутилган. Ажр-мукофот бериладиган сабр эса, Анас (р.а.)дан Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда айтилгани каби, мусибатнинг аввалида қилинган сабрдир. Бу борада Имом Муслим ҳам ушбу ҳадисни тўлдирадиган бошқа бир ҳадисни келтириб айтадиларки: «Тақдирланадиган сабр кишини мусибат ўртаб турганда кўрсатган матонатидир. Зеро, бу ўртаниш, бу оташ сўнаркан, ҳамма ҳам сабр қилади. Бироқ у «сабр» эмас, «кўникиш» деб аталади».

Уламолар сабрга турлича таъриф берганлар. Зуннун Мисрийга кўра сабр Аллоҳдан мадад сўрашдир. Рувайм эса сабрни «шикоятни тарк этиш», дея таърифлайди. Абу Али айтади: «Сабр тақдирга тан бериш, унга эътироз билдирмасликдир. Аммо бошига тушган мусибатни шикоят қилмай, изҳор этиш сабр сарҳадларини бузмайди». Чунончи Аллоҳ таоло Айюб (а.с.) қиссаларини баён қила туриб: «Парвардигорим, менга мусибат етишди» (Анбиё, 83), деганларига қарамай у зот (а.с.) ҳақларида: «Дарҳақиқат, Биз (Айюбни) сабр қилувчи деб топдик. У нақадар яхши бандадир!» – дея марҳамат қилади (Сод, 44).

«Мусибат» сўзи тилимиздаги истеъмолидан кўра кенгроқ маънони англатади. Яъни, ҳадисларда айтилгани каби мўминга озор етказадиган барча нарса мусибатдир (Муслим ривояти).

«Албатта, биз Аллоҳнинг мулкимиз ва албатта, биз Унинг сари қайтувчилармиз», – дейдилар». Аллоҳ таоло бу сўзларни мусибатга учраганлар учун тасалли манбаи қилди. Мўминлар машаққат онида ушбу сўзлар билан таскин топадилар. Уни фақат тил билан эмас, яратилиш ғоясини тафаккур қилиб, бутун қалб билан такрорлайдилар.

«…биз Аллоҳнинг мулкимиз…» деган сўзларда моли, жони ва ҳамма нарсаси Аллоҳники экани, Аллоҳ ўз мулкини хоҳлаганича тасарруф этишини қабул қилиш ҳамда унга таслим бўлиб, Унинг қазо ва қадарига рози бўлиш каби маънолар мужассамдир. Бу жуда улуғ мақом бўлиб, унга эришган нафсга «нафси розия» – «Аллоҳнинг амрига рози бўлган нафс» дейилади.

«…ва албатта, биз Унинг сари қайтувчилармиз». Яъни, биз аввалбошда йўқ эдик. Аллоҳнинг ҳузуридан келдик. Охир-оқибат яна Унинг ҳузурига қайтамиз. Вужудимиз ҳаёти ўлим билан якун топади. Лекин бу асл ғоя эмас. Муддао шуки, ўлим орқали Яратганнинг ҳузурида жам бўламиз ва қилган амалларимизнинг мукофотини оламиз. Юқоридаги жумлада, шунингдек, Аллоҳ ҳузурида ризолик топиш умиди ҳам яширинган. Ушбу жумлани камоли тасдиқ ва таслим билан мусибат тушган дамдаёқ айта олган нафс «нафси марзия» – «Ризоликка эришган нафс» мақомига етган ҳисобланади. Нафс аввал «нафси аммора» – «Ёмонликка ундовчи нафс» бўлади. Кейин Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг буюк ахлоқлари билан камол топиб юксалади ва «нафси лаввома» – «Ўз-ўзини маломат қилувчи нафс»га айланади. Кейин эса ривожланишнинг навбатдаги «нафси мутмаинна» – «Ёмонликдан тозаланиб, Аллоҳга яқинлашиб, ҳузурга эришган нафс» даражасига кўтарилади. Сўнг «нафси розия» – «Раббидан рози бўлган нафс» ва ниҳоят, «нафси марзия» – «Аллоҳ ҳам ундан рози бўлган нафс» деган даражага етадики, бу энг юксак мақомдир.

Юқорида ҳам айтилганидек, Пайғамбаримиз (с.а.в.) мўминга озор етказадиган ҳар қандай нарса мусибат эканини айтганлар ва шундай онларда қуйидаги дуони ўқишни тавсия қилганлар: «Аллоҳим, мусибатим туфайли менга ажр бергин ва (йўқотганимнинг) ўрнига хайрлироғини ато айлагин». Бу ҳақда Умму Салама онамиз (р.а.) айтадилар: «Бир куни Абу Салама Расулуллоҳ (с.а.в.)дан юқоридаги дуони ўрганиб келганини айтиб, кимки мусибатга йўлиққан вақтида истиржоъ келтириб («Инна лиллаҳи…»ни айтиб), кетидан ушбу дуони ўқиса, албатта, Аллоҳ унга йўқотганидан кўра хайрлироғини ато этар экан», деди. Мен бу дуони ёдлаб олдим. Абу Салама вафот этганида ушбу дуони ўқидим. Кейин бирдан ўзимга келиб: «Мен учун Абу Саламадан ҳам яхшироқ одам бормиди», деб ўйладим. Идда муддатим тугагач, Расулуллоҳ (с.а.в.) мени ўзларига турмушга чиқишимни сўраб, одам юбордилар. Шу тариқа Аллоҳ менга Абу Саламадан яхшироқ бўлмиш Расулуллоҳ (с.а.в.)ни ато этди» (Муслим ривояти).

Шунингдек, мусибатга сабр қилишнинг хосияти борасида ҳам бир қанча ривоятлар бор. Жумладан, Абу Синондан қилинган ривоятда у айтади: «Фарзандим Синон вафот этди. Уни дафн этиб, қабрдан чиқмоқчи эдим, қўлимдан Абу Талҳа Ҳавлоний тортиб чиқарди ва: «Сенга хушхабар айтайми?» – деди. Албатта, дедим. «Абу Мусо (р.а.) Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ривоят қилишича, Аллоҳ таоло ўлим фариштасидан: «Бандамнинг фарзандини қабз қилдингми? Унинг кўз қувончи, қалб мевасининг жонини олдингми?» – деб сўрайди. «Ҳа», деб жавоб беради фаришта. «Бандам нима деди?» – сўрайди Аллоҳ Ўзи билгани ҳолда. «У сенга ҳамд айтди ва истиржоъ келтирди», жавоб беради ўлим фариштаси. Шунда Аллоҳ айтади: «Унга жаннатда бир уй барпо қилинг ва уни «Ҳамд уйи» деб номланг!»

Демак, қандай мушкулотларга рўбарў келмайлик, ҳеч бир иши беҳикмат бўлмаган Зот бундан биз, бандалари учун яхшиликни кўзлайди. Аллоҳ таоло ҳар қандай ҳолатда чиройли сабр қилгувчи мўмин бандалар қаторида бўлмоқликни барчамизга насиб этсин.

Қуртубий ва Ибн Касир тафсирлари асосида Нўъмон Абдулмажид тайёрлади

,

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: