Икки дунё яхшилиги

“…Одамлар орасида шундай кимса ҳам бўладики, у: “Эй, Раббимиз, бизга шу дунёда бергин”, дейди. Ваҳоланки, унга охиратда насиба йўқдир.

Яна шундайлари ҳам борки, улар: “Эй, Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни дўзах азобидан асрагин”, дейдилар.

Айнан ўшаларга қилган ишларидан насиба (савоб) бордир. Аллоҳ тез ҳисоб (китоб) қилувчидир” (Бақара, 200-202).

Ибн Аббос, Суддий ва Ибн Зайд каби тафсир олимларининг сўзларига кўра, “…Одамлар орасида шундай кимса ҳам бўладики, у: “Эй, Раббимиз, бизга шу дунёда бергин”, дейди” ояти жоҳилиятдаги араблар ҳақида нозил бўлган. Чунки улар ҳажга борганларида вақфа ерига келганда: “Эй Раббимиз, бу йилни ёмғирли, баракотли, серҳосил йил қилгин”, “Аллоҳим, менга қўй, туя бер” ёки “Душманимиз устидан бизни ғолиб қил” каби фақат дунёвий нарсаларни сўраш билан чекланардилар. Зеро, улар охиратни билмасдилар ва унга ишонмасдилар.

Аллоҳ бу тарзда дуо қилишдан мўминларни қайтарди ва бу қайтариқни хабар кўринишида нозил қилди. Фақатгина дунёга тегишли нарсаларни сўраган бандалар охират неъматларидан бебаҳра қолишлари ҳақида: “…Ваҳоланки, унга охиратда насиба йўқдир”, дея огоҳлантирди.

Гарчи бу оят жоҳилият араблари ҳақида тушган бўлса ҳам, унинг қамрови кенг ва ҳукми умумийдир. Бу оят бизга шундай тоифа инсонларни тасвирлаб бермоқдаки, уларнинг бутун фикру зикри дунё, энг катта ғами дунё ғамидир. Шунинг учун ҳам Аллоҳга дуо қилганда диллари ва тиллари дунёвий истаклар билан банд бўлади. Улар ана шу дунёвий муаммолар қобиғида ўралашиб қолган, кўзлари, онгу шуурларига бошқа ташвиш сиғмайди.

Марҳамати кенг Парвардигор уларни ҳам қуруқ қўймайди, ниятига яраша дунёвий истакларини беради. Аммо охиратда улар неъматлардан маҳрум қоладилар.

Яна бошқа тоифа инсонлар борки, улар ҳақиқий мўминдирлар. Олдингилардан кўра кенг фикрлайдилар ва узоқни кўзлайдилар. Чунки булар мунтазам Аллоҳ таолони ёдда тутадилар. Улар дунёдан ҳам насибаларини унутмайдилар, охиратни ҳам эсдан чиқармайдилар. Балки ҳар иккиси учун саъй-ҳаракат қиладилар ва ҳар иккисининг яхшиликларини, неъматини истайдилар. Яна улар ўзлари сўраган яхшилик ва неъматларнинг турини аниқ айтмайдилар, Аллоҳга ҳавола қиладилар. Парвардигорлари улар учун қайси неъматни қай пайтда хайрли деб ато этса, хушнудлик билан қабул қиладилар. Бу каби мўминларни дунё бахтиёрлигидан ташқари охиратда ҳам кечикмайдиган неъматлар ва хурсандчиликлар кутади. Чунки “…Аллоҳ тез ҳисоб (китоб) қилувчидир”.

Оят матнидаги яхшилик – “ҳасана”нинг маъноси борасида турли фикрлар айтилган. Чунончи, Собунийга кўра дунёдаги ҳасана сиҳат-саломатлик, офият, яхши уй, гўзал завжа, мўл ризқ каби кўп нарсаларни ўз ичига олади.

Охиратдаги ҳасанага эса, ҳисоб-китоби енгил бўлиш, жаннатга кириш, Аллоҳнинг жамолини кўриш ва шунга ўхшаш яхшиликлар киради.

Бу оят дунё ва охират яхшиликларини ўзида жамлаган дуо ҳисобланади.

Анас (р.а.)дан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг энг кўп қилган дуоларидан бири: “Эй, Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни дўзах азобидан асрагин” эди. Анас (р.а.) ҳам дуо қилмоқчи бўлсалар шу оятни ўқирдилар. Ҳатто бир гал одамлар дуо сўрашганида ҳам ушбу оятни ўқидилар. Одамлар: “Яна дуо қилинг”, деганларида ҳазрати Анас: “Ахир мен дунё ва охират яхшиликларини сўрадим-ку, яна нима истайсиз?!” – дея жавоб берган эканлар.

Чин юракдан қилган дуоларимизни қабул қилишга ваъда берган меҳрибон Раббимиз бу оятлар орқали нима деб дуо қилишимизни ҳам таълим бермоқда.

Илоҳим барчамизга дунё ва охират яхшиликларини ато этсин ва дўзах азобидан асрасин!

Тафсир китоблари асосида Нўъмон Абдулмажид тайёрлади

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: