“Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир. (Аёллар ичида) солиҳалари – бу (Аллоҳга ва эрига) итоатли, ғойибга Аллоҳ сақлаганича ҳимоятли (яъни, эрларининг сирлари, мулклари ва обрўларини сақловчи)лардир. Хотинларнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало уларга насиҳат қилинг, сўнгра (бу таъсир қилмаса,) уларни ўринларда (алоқасиз) тарк этинг, сўнгра (бу ҳам кор қилмаса) уларни (мажруҳ бўлмагудек даражада) уринг. Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши (бошқача) йўл ахтарманг. Албатта, Аллоҳ олий ва улуғ зотдир” (Нисо, 34).

Бу оятнинг тушишига қуйидаги воқеа сабаб бўлган. Дастлабки ансор саҳобаларидан Саъд ибн Робиъага аёли Ҳабиба бинти Зайд қайсидир масалада қаршилик қилади. Бундан жаҳли чиққан эри уни уради. Кейин аёлнинг отаси қизини уйига олиб кетиб, Пайғамбаримиз ҳузурига шикоят қилиб боради. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Бориб, албатта, ундан қасдингизни олинг!” дейдилар. Шу пайтда мазкур оят нозил бўлади. Кейин у зот: “Биз бир нарсани хоҳладик, Аллоҳ бошқа нарсани ирода қилди. Шубҳасиз, яхшилик Аллоҳ хоҳлаган нарсададир”, дея марҳамат қилдилар (“Ал-Жомиъ лиаҳкомил Қуръон”).

“Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир”. Араб тилида “қаввам” ва “қайюм” деб бирор ташкилотни бошқарадиган, ишларини юритадиган унга бошчилик қиладиган кишига айтилади. Шунга кўра, эркаклар аёлларга берилмаган ёки озроқ берилган баъзи куч ва имкониятларга эгалиги учун ҳам аёллардан устундир. Лекин бундан устунлик шараф ва фазилат жиҳатидан, деган маъно чиқмайди. Эркак ўзи эга бўлган баъзи устунликлар туфайли оилада бошлиқ; аёл эса хилқатидаги нозиклик, заифлик сабабли эрига тобедир. Бу оятда мутлоқ устунлик эркакларга хос қилинмаган. Бундан яширин маъно шуки, улар ҳар бирини маълум бир хусусият билан бошқасидан устун қилган. Бу эса, эркак яратилишидан аёлларда бўлмаган баъзи устунликларга; айни пайтда, аёлнинг ҳам эркакда йўқ бўлган айрим афзалликка эгалигини ва шу сабабдан уларнинг ҳар иккиси бир-бирига эҳтиёж сезишларини кўрсатади.

Тафсирларда, жумладан, қуйидаги шаръий нуқтаи назардан эркакларга хос хусусиятлар қайд этилган: пайғамбарлик, халифалик, жисмоний куч-қувват, оила нафақасига масъуллик, ақлу идрок, хотира ва тафаккурнинг зиёдалиги, имом-хатиблик, муаззинлик, жамоат билан намоз ўқиш, жума намозининг вожиб бўлиши, ташриқ такбирини айтиш, жангларда қатнашиш, тўлиқ гувоҳлик, талоқ бериш ҳуқуқига эга бўлиш, оила номини унга нисбат берилиши, намоз ва рўзани узрсиз адо этиш ва бошқалар. Шу ва бошқа жиҳатларини ҳисобга олиб, аёл кишининг эрига нисбатан итоатли, ҳимоятли ва иффатли бўлиб, оила тотувлиги йўлида доимий ҳаракатда бўлиши диёнат жиҳатидан талаб этилган (Шайх Абдулазиз Мансур).

“Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир”. Эркакларнинг “аёллар устидан бошлиқ” бўлиб, оилада бошқарувчилик қилишининг биринчи сабаби яратилиш жиҳатидан устунлиги бўлса, иккинчиси, молларидан бир қисмини маҳр ва рўзғор нафақаси учун сарфлашларидир.

Шу ўринда бир нарсани таъкидлаш керак, аёлининг ҳақини бермаган, унинг молига кўз олайтирадиган ва рўзғор юритишга ҳаракат қилмайдиган эркак эркак ҳисобланмайди. Шубҳасизки, ушбу вазифаларини бажарган эркаклар аёллар устидан бошлиқ бўлишга ва улардан итоатни талаб қилишга ҳақли.

Устунлик белгиларидан бўлган ишлаш ва пул топиш борасида ҳам эркак кишида кўпроқ қобилият ва куч-қудрат мавжуд. Аёл эса хилқатидаги итоаткорлик, нозиклик туфайли эркакларнинг куч-қудрати жиҳатидан уларнинг муҳофазасига муҳтождир.

(Аёллар ичида) солиҳалари – бу (Аллоҳга ва эрига) итоатли, ғойибга Аллоҳ сақлаганича ҳимоятли (яъни, эрларининг сирлари, мулклари ва обрўларини сақловчи)лардир”. Мазкур оятга Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ушбу ҳадислари энг яхши тафсирдир: “Энг яхши хотин – кўрганингизда сизни хушнуд этадиган, амрингизга қулоқ тутадиган, уйда йўқ пайтингизда молингизни ва номусини сақлайдиган хотиндир”.

“Хотинларнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало уларга насиҳат қилинг, сўнгра (бу таъсир қилмаса,) уларни ўринларда (алоқасиз) тарк этинг, сўнгра (бу ҳам кор қилмаса) уларни (мажруҳ бўлмагудек даражада) уринг”. Динимизга тош отадиган айрим ғаразли кимсалар шу оятни пеш қилиб, “Мана, Ислом аёлларни уришга буюради!” дея таъна қилишади. Ҳолбуки, динимизда оила­нинг тотувлигини, бирдамлигини асраб қолиш учун, босқичма-босқич чора кўриш белгилаб қўйилган. Яъни, аёл ахлоқсизлик, итоатсизлик қилса, эри аввало насиҳат қилади, тушунтиради. Агар насиҳат кор қилмаса, ётадиган жойини бошқа қилади. Бу ҳам иш бермаса, озор бермайдиган, ачитмайдиган қилиб уради. Уламолар “уринг” лафзининг шарҳида: “Мисвокка ўхшаш нарса билан уради”, дейишган. Зеро, уришдан мақсад хотинга азият етказиш, жароҳатлаш эмас, балки уни огоҳлантиришдир, яъни: “Эй хотин, ўзингга кел, тўғри йўлга қайт! Акс ҳолда, энди фақат сўнгги чора – талоқ қолди!” деган маънони билдиришдир. Бу – аввалги икки тадбир ҳам яхши натижа бермаган тақдирда, сўнгги чора сифатидагина қўлланадиган Аллоҳ тарафидан берилган таълимот. Яна такрорлаймиз, бу эркаклар учун имтиёз эмас, оила ислоҳи учун сўнгги чора.

Лекин, шуниси ҳам ҳақиқатки, баъзи аёллар то иш шунга етмагунича хатоларини англаб, тузатиб олмайдилар. Шундай ҳолат бўлиб қолганда ҳам, аёлнинг юзига уришдан, баданига жароҳат етказишдан қатъий қайтарилган.

“Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши (бошқача) йўл ахтарманг. Албатта, Аллоҳ олий ва улуғ зотдир”. Шундан кейин агар сизга итоат этсалар, уларга қарши зулм қилиш учун бирор йўл изламанг ва улар йўл қўйган қусурларини худди бўлмагандай унутиб юборинг. Чунки гуноҳдан тавба қилган гуноҳ қилмаган кабидир. Шуни яхши билишимиз лозимки, Аллоҳ таоло буюк ва олий зот. Аллоҳдан қўрққан ҳолда, бизга берилган куч-қудратдан аёлларимизга зулм қилиш билан нотўғри фойдаланмайлик. Зеро, Аллоҳнинг бизга нисбатан қудрати бизнинг аёлларимизга нисбатан кучимиздан минг чандон устун. Бизнинг Аллоҳ олдидаги гуноҳларимиз аёлларимизнинг бизга қилган гуноҳларидан кўплиги эсимиздан чиқмасин. Модомики, Аллоҳ бизнинг тавбаларимизни қабул қилиб, гуноҳларимизни кечар экан, биз ҳам аёлимизни кечирмасликка баҳона ахтармайлик!

Тафсир китоблари асосида тайёрланди.

Дўстларга тавсия этиш
2018 йил 15 февралда эълон қилинган  514 марта кўрилган