(Эй Муҳаммад!) Китоб (Қуръон)дан Сизга ваҳий қилинган нарсани тиловат қилинг ва намозни баркамол адо этинг! Албатта, намоз фаҳш ва ёмон ишлардан қайтарур. Албатта, Аллоҳнинг зикри (барча нарсадан) улуғдир. Аллоҳ қилаётган ишларингизни билур” (Анкабут, 45).

Ушбу оятдаги “Китоб”дан мурод Қуръони карим эканига муфассирлар иттифоқ қилишган. Буйруқ, гарчи пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)га қаратилган бўлса ҳам, барча мусулмонларга тааллуқли бўлиб, Қуръонни доимий суратда тиловат қилиб туриш талаб этилган.

“...ва намозни баркамол адо этинг!” Айтиб ўтилганидек, бу ўриндаги хитоб ҳам Пайғамбаримиз (а.с.) ва бутун умматга тегишли. Намозни баркамол адо этиш деганда уни шунчаки ўқиб қўйиш эмас, балки ўз вақтида, қироати, руку ва саждалари, қаъда ва ташаҳҳудлари билан, барча шартларига риоя қилинган ҳолда адо этиш тушунилади.

“Албатта, намоз фаҳш ва ёмон ишлардан қайтарур”. Бу ўринда кўзда тутилган намоз кундалик беш вақт намоздир. Бу намозлар вақтлар орасида содир этилган кичик гуноҳларга каффорат бўлади. Пайғамбаримиз (а.с.) саҳобаларидан сўрадилар: “Биронтангиз эшиги олдидан оқиб ўтадиган ариқда кунига беш маҳал чўмилса, (баданида) кир қоладими?” “Йўқ, қолмайди”, жавоб беришди саҳобалар.  “Беш маҳал намоз ҳам шундай, – дедилар Расулуллоҳ (с.а.в.) – Аллоҳ таоло улар туфайли бандаларнинг гуноҳларини кетказади” (Термизий ривояти).

Ибн Умар (р.а.) бу оятдаги намоздан мурод Қуръони карим экани, намозда ўқиладиган ояти карималар ҳаёсизликдан ва мункар ишлардан, зинодан ва маъсиятлардан қайтаришини айтади.

Ҳаммод ибн Абу Сулаймон, Ибн Журайж ва Калбий айтадилар: “Банда намоздалик вақтида ҳаёсизлик ҳам, ёмон-мункар ишлар ҳам қилмайди. Ўқиётган намозинг бундай ишлардан сени сақлайди. Оятдан шу маъно кўзланган”.

Ибн Атийя айтади: «Бу тушунарсиз гаплар! Бу гаплар қаёқдаю, Анас ибн Моликдан нақл қилинган ушбу ҳадис қаёқда: “Ансор (мадиналик) бир йигит бор эди. У Пайғамбаримиз (а.с.) билан намоз ўқир, айни пайтда қанча беҳаёлик, ўғрилик бўлса, барини тап тортмай қиларди. У ҳақида Расулуллоҳ (с.а.в.)га айтишганида у зот: “Шубҳасиз, намоз яқин орада уни (бу ишларидан) тўхтатади”, дедилар (Ҳайсамий. “Мажмаъуз завоид”). Ҳақиқатан ҳам, кўп ўтмай ўша йигит тавба қилди ва ўнгланди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Мен сизларга айтмаганмидим?” дедилар».

Ояти кариманинг тафсири борасида муҳаққиқлар маъқуллаган, тасаввуф шайхлари айтган ва муфассирлар зикр этган учинчи хил қараш ҳам бор. Унга кўра, “намозни баркамол адо этинг!” деган буйруқдан мурод, намозни давомли ўқиш, унинг аҳкомлари ва шартларига риоя этишдир. Сўнгра Аллоҳ таоло барча шартларига кўра мукаммал адо этган кишининг намози соҳибини бузуқ ва ёмон-мункар ишлардан қайтариши ҳақидаги хабарини баён этади. Бунинг боиси эса панд-насиҳатларни ўз ичига олган Қуръони карим тиловатидир. Намоз бутун баданни машғул қилади. Намоз ўқимоқчи бўлган одам қиблага қараб Парвардигори ҳузурида турганини ҳис этса, хушу ва хорлик билан эгилса ҳамда Рабби унинг ҳар бир ҳолатини кўриб туришини эсласа, нафси ислоҳ бўлади. Аллоҳ таолонинг кузатуви остида эканини яқиндан ҳис қилади, унинг ҳайбати эса аъзоларида ўзини кўрсатади. Ана шундай тарзда ўқилган намоздан сўнг кўп ўтмай навбатдаги намознинг вақти киради. Бу сафар у олдингидан ҳам афзалроқ ҳолатда намозини адо этади. Бу борадаги хабарларнинг маъноси шудир. Зеро, мўминнинг намози ана шундай бўлиши керак.

Имом Қуртубий айтади: «Айниқса, киши ўзида бу охирги намози бўлиши мумкинлиги ҳақидаги ҳиссиётни уйғотиши юқорида васфи келган мартабага эришувида катта ўрин тутади.  Чунки ўлимнинг аниқ бир ёши, алоҳида вақти ва маълум бир касаллиги йўқ, бу борада ҳамма якдил фикрда. Ўтган уламолардан бири намоз вақти кириши билан титрар, ранги сарғая бошлар экан. Сабаби сўралганида бундай жавоб берибди: “Мен Аллоҳ таолонинг ҳузурида тураман. Дунё ҳукмдорлари олдида шундай туришим мақбул экан, қандай қилиб бутун оламлар Парвардигори ҳузурида бундай турмай?»

Ояти каримани хабар кўринишидаги амр сифатида шарҳлаганлар ҳам бор. Уларга кўра, оят маъноси бундай: “Намоз ўқийдиган киши фаҳш ва мункар ишлардан узоқ турсин. Акс ҳолда, намознинг ўзи ёмонликлардан тўсмайди, балки фақат улардан воз кечиш учун сабабдир”.

“Албатта, Аллоҳнинг зикри (барча нарсадан) улуғдир”. Яъни, Аллоҳ таолонинг сизни савоб ва мақтов билан эслаши сизнинг ибодат ва намозларингизда Уни зикр қилишингиздан кўп бора улуғдир.

Оятни бундай деб ҳам шарҳланган: “Аллоҳ таолонинг фаҳш ва ёмон ишлардан қайтарганини эслаш энг улуғ ишдир”.

Ибн Зайд ва Қатода оят тафсирида бундай дейишган: “Аллоҳ таолони зикр қилиш ҳамма нарсадан улуғ. Яъни, зикрсиз қилинган бутун ибодатлардан фазилатлидир”.

Яна бундай ҳам шарҳланган: “Аллоҳни зикр қилиш инсонни маъсиятлардан тўхтатади. Чунки Уни эслаган киши буйруқларига зид иш қилмайди”.

Ибн Атийя айтади: «Аллоҳни зикр қилиш мутлақо энг улуғ иш. Яъни, аслида фаҳш ва ёмон ишлардан қайтарадиган нарса шу. Намозда бу зикрнинг бир парчаси ҳам бунинг учун етарли. Намоздан ташқарида ҳам худди шундай. Зеро, Аллоҳни доимо ёдида тутадиган, Унинг кузатуви остида эканини идрок этадиган кишигина гуноҳлардан тийила олади. Унинг мукофоти эса Аллоҳ таоло у бандани зикр этишидир. Қудсий ҳадисда айтилганидек: “Ким Мени бир жамоа орасида зирк қилса, Мен ҳам уни улардан яхшироқ бир жамоа орасида зикр қиламан» (Муттафақун алайҳ).

Бирор гуноҳдан тийилишда намоздаги ҳаракатларнинг ҳеч қандай таъсири йўқ. Бунга фақат зикр билан эришилади. Ҳақиқий зикр эса илм билан, бутун вужуд билан, Аллоҳдан бошқа барча нарсани қалбдан чиқариш билан қилинган зикрдир. Тилдан нарига ўтмайдиган зикрнинг даражаси, албатта, ундай бўлмайди.

Аллоҳнинг бир бандасини зикр қилиши унинг устига ҳидоят ва илм нурини ёғдиришидир. Бу ҳам банданинг Парвардигорини зикр қилганининг мевасидир. Зеро, Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Бас, Мени ёд этинг, (Мен ҳам) сизларни ёд этурман. Менга шукр қилинг, ношукрчилик қилманг!” (Бақара, 152).

“Аллоҳ қилаётган ишларингизни билур”. Оятнинг тафсирида Имом Табарий бундай дейди: “Эй инсонлар, Аллоҳ таоло намозингизни аҳкомларига, арконларига қай даража амал қилиб ўқиётганингизни ва бошқа ишларингизни билиб-кузатиб туради. Шундай экан, намознинг рукнларидан биронтасини зое қилманг!”

Тафсир китоблари асосида тайёрланди.

Дўстларга тавсия этиш
2018 йил 3 январда эълон қилинган  766 марта кўрилган