v «Сизлар экаётган зироатларингиз ҳақида ўйлаб кўрдингизми?! Уни сизлар ундирурмисиз ёки Биз ундирувчимизми?! Агар Биз хоҳласак, уни (офат юбориб) қуруқ чўп қилиб қўйган бўлур эдик, сизлар эса ажабланиб қолаверар (ва айтар) эдингиз: “Бизлар зиён кўрувчилармиз. Балки бизлар (ризқимиздан) маҳрумдирмиз” (деб надоматда қолган бўлур эдингиз)» (Воқеа, 63–67).

Аллоҳ таоло бу ояти карималари билан биз бандаларини тафаккурга чорламоқда, кундалик турмушимизда Ўзи яратган қонуниятлар асосида такрор-такрор содир бўлиб тургани учун одатий ҳолга айланиб қолган экиннинг униб чиқиш ҳодисаси ҳақида бир дам ўйлаб кўришга чақирмоқда: “Сизлар экаётган зироатларингиз ҳақида ўйлаб кўрдингизми?” Эккан уруғингизни ундирувчи, уни экин ва сунбулага айлантириб, мева ёки бошоқ-дон берадиган ҳолатга келтирувчи сизми, Менми? Ишларинг фақат ерни кавлаб, уруғ сочиш (экиш) ва суғориб қўйишдан иборат эмасми? Бошоқнинг уруғдан ундирувчи эмаслигингизни эътироф этганларинг ҳолда, ердан ўликларни чиқариб, ҳаётга қайтарилишини қандай инкор қиласизлар?

Фахруддин Розий оят тафсирида бундай ёзади: «Ояти каримадаги “ҳарс” ва “заръ” сўзлари орасидаги фарқ бундай: “ҳарс” экиннинг бошланғичи бўлиб, ерни ҳайдаш, уруғ қадаш (сепиш, экиш) ва суғоришдан иборат.

“Заръ” (ундириш) эса, экиннинг ердан униб чиқиши, ўсиши, бошоқ ёки ҳосил бериши каби экишнинг натижасидир».

“Уни сизлар ундирурмисиз ёки Биз ундирувчимизми?!” Аллоҳ таоло бу билан экин экишни бандага, ундириб чиқаришни Ўзига хосламоқда. Чунки экиш банда ҳаракатининг натижаси ҳисобланиб, унинг ихтиёри туфайли содир бўлади. Ундириб-ўстириш эса, Аллоҳ таолонинг иши ва бу бандаларининг эмас, Ўзининг ихтиёрида. Мовардий Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинган ушбу ҳадисни келтиради: «Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай марҳамат қилдилар: “Ҳеч қайсиларинг “(экин) ўстирдим” демасин, балки “экдим” десин. Зеро уни ўстирувчи (зориъ) зот Аллоҳ таолодир». Сўнг Абу Ҳурайра (р.а.) айтди: Аллоҳ таолонинг: “Уни сизлар ундирурмисиз ёки Биз ундирувчимизми?!” деган оятини эшитмаганмисиз?” (Имом Муслим, Ибн Ҳиббон, Байҳақий).

Қуртубийга кўра, ҳадисдаги қайтариқ вожиб эмас, одоб моҳиятига эга. Бу маънода Пайғамбаримиз (а.с.)дан яна кўплаб ҳадислар ворид бўлган.

Ҳар ким ерга уруғ сепаётганда истиъоза (Аъузу...)ни ўқигандан кейин “Сизлар экаётган зироатларингиз ҳақида ўйлаб кўрдингизми?! Уни сизлар ундирурмисиз ёки Биз ундирувчимизми?!" оятини ўқисин. Сўнгра: “Йўқ, ундириб-ўстирувчи, вояга етказувчи Аллоҳ таолодир. Эй Аллоҳ, Муҳаммад (с.а.в.)га салавот ва салом йўлла, бу экиннинг мевасидан бизни баҳраманд эт, зараридан узоқ қил. Бизни неъматларингга шукр қилувчи, лутфу-эҳсонларингни зикр қилувчи бандаларингдан айла. Эй оламларнинг Парвардигори, буни бизга баракали қилгин”, деб дуо қилсин. Бу ўзи учун яхши бўлади. Бундай дуо ўқиш экин-тикиннинг қурт-қумурсқа, чигиртка каби барча бало-офатлардан сақланиши гарови дейилган. Қуртубий бу дуони ишончли кишилардан эшитгани ва у тажрибадан ўтганини айтади (“Ал-Жомеъ лиаҳкомил Қуръон”).

Мовардий айтади: “Бу ояти карима икки нарсани ўз ичига олган: биринчиси, Аллоҳ таоло экинларни ўстирган зот Ўзи эканини эслатиб, бандалари Унинг марҳамати билан ҳаёт кечиришларини билдирмоқда. Бундан эса уларнинг ана шу неъматларга шукр қилишлари кераклиги кўзланган.

Иккинчиси, ибрат олиниши лозим бўлган далил келтирилиши. Зеро қадалган уруғни ўстириб чиқаришга, мўрт ва заиф ниҳолни кучли экинга айлантириб, яшнатишга қодир Зот учун ўлган бандаларини қайтадан тирилтириш яна ҳам осонроқ ва қулайроқ. Бу далил соғлом ақл эгалари учун етарли ва қониқарлидир”.

“Агар Биз хоҳласак, уни қуруқ чўп қилиб қўйган бўлур эдик...” Яъни, Агар хоҳласак, экинларингга офат юбориб бир зумда озуқа ва емишга ярамайдиган, қуруқ ўтинга айлантириб қўярдик.

Бу билан Аллоҳ таоло икки жиҳатга диққатимизни тортмоқда: биринчиси, бандалари Ўзига шукр қилишлари учун, экинларини қуруқ чўпга айлантирмасдан, неъматларини эҳсон қилиши.

Иккинчиси, бандалар ўзларига ҳам ҳушёр бўлсинлар, ибрат олиб, ёмонликлардан воз кечсинлар, дея истаган вақтда экинларни қуритиб юбориши мумкинлиги каби, хоҳлаган пайти уларни ҳалок қила олишини баён этмоқда.

“ажабланиб...” Икрима ва бошқа муфассирлар бу ояти каримани “бир лаҳзада қуриб битган экин-тикинингизга маҳзун қараб, қилмишларингиз касри экинларингизга урганидан афсус ва надомат қиласиз” деб тафсир қилишган.

“Бизлар зиён кўрувчилармиз...” Ибн Аббос (р.а.) ва Қатода бу отяни “Шубҳасиз, биз азобланувчимиз”, деб; бошқа баъзи тафсирчилар “Биз ҳалок бўлувчимиз”, тарзида таъвил қилишган.

Даҳҳок ва Ибн Кайсонга кўра, ояти каримадаги “муғрам” “ғарам” сўзидан олинган бўлиб, молнинг эвазсиз йўқ бўлиши маъносини беради. Бунга кўра оят “Эккан донимиз йўқ бўлиб кетди”, деган маънода шарҳланади.

 

“Балки бизлар маҳрумдирмиз” яъни, кутган ҳосилимиздан маҳрум бўлдик. Қатода маҳрум бўлиш ризқдан тўсилиб қолиш эканини айтган.

Анас (р.а.)дан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (с.а.в.) ансор ерларидан ўтаётиб улардан сўрадилар: “Сизларни экин экишдан нима тўсмоқда?” Улар: “Қурғоқчилик”, деб жавоб беришди. Шунда у зот: “Йўқ, ундай қилманг, чунки Аллоҳ таоло: “Ундириб-ўстирувчи зот Менман. Истасам, сув билан, истасам, шамол билан, истасам, уруғ билан ўстираман”, деб марҳамат қилган”, дедилар. Сўнг: “Сизлар экаётган зироатларингиз ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингларми? Уни сизлар ундириб-ўстирурмисизлар ёки Биз ундиргувчимизми?!” ояти карималарини ўқидилар (“Ал-Жомеъ лиаҳкомил Қуръон”).

Қуртубийга кўра, бу ва бундан олдинги ҳадисга кўра, “Зориъ” (ундириб-ўстирувчи) исмини Аллоҳ таолонинг исмлари орасига қўшиш тўғридир. Жумҳур уламолар ҳам буни тасдиқлаганлар.

 

Тафсир китоблари асосида 
Нўъмон Абдулмажид
тайёрлади.

 

Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 19 октябрда эълон қилинган  798 марта кўрилган