“(У тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам эҳсон қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар” (Оли Имрон, 134).
 
Аллоҳ таоло муттақийлар учун жаннатни ҳозирлаб қўй­ганини маълум қилгач, бандаларнинг унга етишишлари учун тақводорлар сифатларини баён этади. Ўша сифатлардан бири фаровон кунда ҳам, танг кунда ҳам инфоқ-эҳсон қилишдир.
“(У тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам эҳсон қиладиган...” Оят матнидаги “ас-сарро ваз-зарро” ибораларини Ибн Аббос (р.а.), Калбий ва Муқотил “осонлик ва қийинчилик пайтларида”, деб тафсир қилишган бўлса, Убайд ибн Умайр ва Заҳҳок “торчилик ва кенгчиликда”, деб шарҳлашган. Яна, “Соғ ва касал пайтларида”, деб ҳам тафсир қилинган. Шунингдек, “ҳаётлик чоғида эҳсон қилиш ва ўлганидан кейин ҳам буни васият этиш”, деган шарҳлар бор. Бундан ташқари, айрим муфассирлар “сарро” – тўй ва зиёфат пайтидаги инфоқ, “зарро” эса мотам маросимларидаги эҳсон эканини айтишган.
Имом Қуртубий “ас-сарро ваз-зарро” иборалари ҳамма турдаги инфоқ-эҳсонни қамраб олишини айтган (“Ал-Жомеъ лиаҳкомил Қуръон”).
Муфассир Фахриддин Розий айтади: «Умуман олганда, оятда бойлик ва фақирлик пайтларида инфоқ-эҳсон қилиш назарда тутилган. Ўтган солиҳ инсонлар  ҳеч нарса топа олишмаса, бир дона пиёзни бўлса ҳам садақа қилишарди. Ҳатто Ойша онамиз (р.а.) бир гал узум донасини садақа қилганлари ривоят этилган. Чунки улар Пайғамбаримиз (а.с.)нинг: “Яримта хурмони садақа қилиб бўлса ҳам ўзингизни дўзах оловидан қутқаринг!” деган сўзларига амал қилишарди.
Оятдан яна: “Тақводорлар қувончли ёки қайғули, кенгчилик ёки қийинчилик кунларида ҳам инфоқ-эҳсонни қолдиришмайди”, деган маънони англаса бўлади.
Шунингек, оятни: “Тақводорлар, табиатларига уйғун келгани учун уларни хурсанд қилса ҳам ёки табиатларига зид келгани учун уларни хафа қилса ҳам, эҳсонни тарк этишмайди”, деб изоҳлаш мумкин»  (“Мафотиҳул ғайб”).
“...ғазабларини ютадиган...” Улар учун жаннат тайёрлаб қўйилган тақводорларнинг иккинчи сифати ғазабини ютиш экани айтилмоқда. Зеро, қасосини олишга ёки жазолашга қудрати етгани ҳолда жаҳлини тийиш жуда қийин иш бўлгани учун у тақводорлар сифати дея баҳоланган. Пайғамбаримиз (а.с.) марҳамат қиладилар: “Жаҳли чиққанида лозим бўлган ишни қилишга қодир бўлгани ҳолда ғазабини ютган кишининг қалбини Аллоҳ таоло амният ва имон билан тўлдиради” (Абу Довуд ривояти).
Яна у зот (с.а.в.) айтадилар: “Паҳлавон курашда ғолиб бўлган эмас, балки ҳақиқий паҳлавон ғазаби келганида нафсига ҳоким бўла олган кишидир” (“Жомиъус сағир”).
“...одамларни(нг хато ва камчиликларини) афв этади­ганлардир”. Ояти каримадаги “одамлар”дан мурод кимлар экани ҳақида турли фикрлар билдирилган. Абул Олия, Калбий ва Зажжож бундан хизматчилар назарда тутилганини айтишади. Ибн Атийя дейди: “Бу жуда ўринли изоҳ. Зеро, хизматкорлар хўжайинларининг хизматидаги кимсалардир, улар кўп хато қилади. Уларни жазолаш эса осон. Ҳар ким уларга бемалол жазо бера олади. Шунинг учун ҳам бу оятни тафсир қилганлар айнан хизматкорларни мисол қилиб кўрсатишган”. 
Маймун ибн Меҳрондан ривоят қилинишича, бир куни меҳмони билан ўтирганида, чўриси иссиқ овқат солинган идишни олиб келаётиб қоқилиб кетди ва овқатни хўжайинининг устига тўкиб юборди. Маймун уни урмоқчи бўлганида чўриси: «Хожам, Аллоҳ таолонинг: “...Ғазабларини ютадиганлар...” оятига амал қилинг», деди. “Амал қилдим”, деб айтди хўжайини. Чўри: «Оятнинг давомидаги “одамларни афв этадиганлар” деган қисмига ҳам амал қилинг», деди. Хожаси: “Амал қилдим ва сени кечирдим”, дегач чўри: “Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар”, деб оятнинг охирини ўқиди. Шунда Маймун: “Мен ҳам сенга яхшилик қилай, боравер, Аллоҳ розилиги учун озодсан!” деди (“Ал-Жомеъ лиаҳкомил Қуръон”).
Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деганлар: “Ҳар ким чора кўришга қодир бўла туриб ғазабини ютса, Қиёмат куни Аллоҳ таоло ҳамманинг кўз ўнгида уни чақиради ва хоҳлаган ҳурини танлаш ихтиёрини беради” (Термизий ва Абу Довуд ривояти).
“Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар”. Яъни, Аллоҳ уларнинг яхшиликларини муносиб тақдирлайди, мукофотлайди. 
Ҳазрат Исо (а.с.)нинг бундай деганлари ривоят қилинади: “Эҳсон сенга яхшилик қилганга яхшилик қилишинг эмас. Бу шунчаки жавоб қайтариш бўлади. Эҳсон сенга ёмонлик қилганга ҳам яхшилик қилишингдир”.
Сиррий Сақатий ҳазратлари айтади: “Эҳсон имкон борида яхшилик қилиб қолишдир. Чунки ҳар доим ҳам бу иш учун имконият топилавермайди”.
Муфассир Розий дейди: «Билгинки, кишиларга эҳсон-эзгулик қилиш ё уларга фойда келтириш ёки улардан зарарни кетказиш тарзида бўлади. 
Одамларга фойда келтириш оятнинг “(У тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам эҳсон қиладиган...” қисми билан ифода этилганки, бунга илмни инфоқ қилиш ҳам киради. Бу эса билимсиз кишиларга илм ўргатиш, адашганларни тўғри йўлга солиш билан бўлади. Яна бу оят турли яхшилик ва ибодат йўлида молини инфоқ қилишни билдиради.
Одамлардан зарарни кетказиш икки хил бўлади: дунёвий ва ухровий. Дунёвий зарарни кетказиш, уларнинг ёмонлигига ёмонлик қайтармаслик билан бўлади. Оятнинг “...ғазабларини ютадиган...” қисмида кўзда тутилган хусус шу. Ухровийси эса, ўзининг бошқалар зиммасидаги ҳаққидан кечиш орқали уларни охиратдаги ҳисоб-китоблардан қутқаришдир. Бу эса  “...одамларни(нг хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир”, иборасидан кўзда тутилган хусус. Шу тариқа бу оятда одамларга эҳсон-эзгулик қилишнинг барча йўллари кўрсатилган. Шу учта нарса одамларга яхшилик қилишда муштарак бўлгани учун Аллоҳ таоло уларнинг савобини “Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар”, деб ифодалаган. Чунки Аллоҳнинг бир бандасини яхши кўриши унга ҳар турли мукофот ва даражаларни инъом этишини англатади».
 
Имом Қуртубий ва Фахриддин Розий 
тафсирлари асосида тайёрланди.
Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 3 сентябрда эълон қилинган  145 марта кўрилган