“Мўминлар – Аллоҳ (номи) зикр этилганда диллари қўрқувда бўладиган, оятлари уларга тиловат қилинганда имонлари зиёда бўладиган, Парвардигорларигагина таваккул қиладиган, намозни мукаммал ўқийдиган ва ризқ қилиб берганимиздан эҳсон қиладиган кишилардир. Айнан ўшалар ҳақиқий мўминлардир. Улар учун Парвардигорлари ҳузурида даражалар ва фаровон ризқ (бордир)” (Анфол, 2–4).
 
Табарий айтади: “Бу ояти каримада ҳақиқий имон келтир­ганларнинг сифатлари баён этилмоқда, уларга Аллоҳ таолонинг оятлари тиловат қилинганида қалблари қўрқувдан дир-дир тит-раши ва шу тариқа Аллоҳнинг буйруқларига маҳкам ёпишиб, қайтариқларидан дарҳол чекланишлари айтилмоқда. Мўминга ярашадигани бирор гуноҳ иш қилиб қўйса, дарров тавбага шошилишдир. Бу хусусда бошқа ояти каримада бундай марҳамат қилинади: “Улар бирор фаҳш иш қилиб қўйсалар ёки ўзларига зулм қилиб қўйсалар, (дарҳол) Аллоҳни эслаб, истиғфор айтадилар. Ваҳоланки, гуноҳларни фақат Аллоҳгина мағфират этар. Яна, била туриб, қилмишларида давом этмайдиган кишилардир” (Оли Имрон, 135).
“Мўминлар – Аллоҳ (номи) зикр этилганда диллари қўрқувда бўладиган...” Суддий айтади: “Ояти каримада васфи келтирилган киши шундайки, у зулм қилмоқчи бўлганида: “Аллоҳдан қўрқ!” дейилса, дарҳол бу қилмишидан воз кечади ва қалби қўрқувга тушади”.
Аллоҳ таоло бу оятда мўминларни Ўзининг гўзал исмлари зикр этилганида қўрқишлари ва қалблари титрашини баён қилмоқда. Бунга сабаб эса имонларининг қуввати, Парвардигорнинг буйруқларига итоат этишлари ва ўзларини Унинг ҳузурида тургандек ҳис қилишларидир. Шу маънодаги оят бошқа ўринда ҳам келган: “Улар Аллоҳ зикр қилинганида диллари қўрқувга тушадиган, ўзларига етган балоларга сабр қиладиган, намозни мукаммал адо этадиган ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан эҳсон қиладиган зотлардир” (Ҳаж, 35).
Оятдаги қўрқув Аллоҳнинг азобидан қўрқишдир. Шу маънода, қўрқиш билан қалбнинг ҳаловати топиши ўртасида зиддият йўқ. Чунончи, Аллоҳ таоло бу икки хусусни ушбу оятда бирга зикр қилган: “Аллоҳ гўзал Сўзни, (оятлари балоғатда) бир-бирига ўхшаган, (ҳукмлари) такрор-такрор келувчи бир Китоб қилиб нозил қилдики, ундан (ўқилганда) Парвардигоридан қўрқадиган зотларнинг терилари титраб кетар, сўнгра терилари ва диллари Аллоҳнинг зикрига юмшар (мойил бўлур)” (Зумар, 23).
Қуртубийга кўра, оятдан кўзда тутилган маъно будир: “Мўмин Аллоҳ таолодан қўрқсагина (ҳақиқий) мўмин бўлади” (“Ал-Жомеъ лиаҳкомил Қуръон”).
Муфассир Розий бундай дейди: “Ҳақиқат арбобларига кўра, қўрқув икки хил бўлади: Аллоҳнинг азобидан қўрқиш; азамат ва жалол қўрқуви. Гуноҳкорлар азобдан қўрқади. Жалол ва азамат қўрқувига келсак, бу, хоҳ муқарраб фаришталар бўлсин, хоҳ пайғамбарлар бўлсин, махлуқотлардан ҳеч бирининг қалбидан чиқмайдиган қўрқув. Бу шундайдир. Зеро, Аллоҳ таолонинг ҳеч кимга эҳтиёжи йўқ, аксинча ҳамма яралмишлар Унга муҳтождирлар.
“...оятлари уларга тиловат қилинганда имонлари зиёда бўладиган...” Имом Бухорий ва бошқа олимлар имон қалбларда даража ва мартабада бир-биридан фарқли бўлиши, имоннинг ортиб-камайиб туришига шу ва бошқа оятларни далил қилишган. Жумҳур уламолар ҳам шу фикрда.
Бизнинг ҳанафий-мотуридий ақидамизга кўра, имон яхлит ва бир бутун маънавий нарса, кўпайиб-озаймайди, балки унинг нури зиёда бўлади ёки хиралашади. “Фиқҳи Акбар”да бундай дейилган: “Имон иқрор ва тасдиқдан иборатдир. Осмонлару Ер аҳлининг имонлари имон келтирувчи нарсалар жиҳатидан кўпаймайди ҳам, камаймайди ҳам. Аммо ишонч ва тасдиқ жиҳатидан озайиб-кўпайиб туради. Мўминлар имонда, тавҳидда ўзаро тенг, аммо амалда бир-бирларидан ортиқ-камдирлар”.
“Ақоиди Насафия”да эса: “Имон Аллоҳ томонидан келган барча хабарларни тил билан иқрор ва дил билан тасдиқ этишдир. Амаллар эса кўпайиб-озайиб туради. Имон эса кўпаймайди ҳам, камаймайди ҳам (балки унинг нури зиёда ва кам бўлиб туради). Бандада мазкур тасдиқ билан иқрор топилса, у «Мен ҳақиқатан мўминман», дейиши дуруст бўлади. «Мен, иншааллоҳ, мўминман», дейиши мумкин эмас”, деб қайд қилинган.
“Парвардигорларигагина таваккул қиладиган...” Яъни, Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч кимдан бирор нарса кутмайдилар, фақат Унга юзланадилар, фақат Унга сиғинадилар, эҳтиёжларини фақат Ундан сўрайдилар. Улар билишадики, Аллоҳнинг хоҳлагани бўлур, хоҳламагани бўлмас. Мулкида ягона тасарруф соҳибидир, ягонадир, шериги йўқдир. Ҳукмини кечиктира оладиган киши йўқ. Шу туфайли Саид ибн Жубайр: “Аллоҳга таваккул имоннинг аслидир, асосидир”, деган.
“...намозни мукаммал ўқийдиган...” Аллоҳ таоло олдин ҳақиқий мўминларнинг имонларини васф этгач, бу ўринда уларнинг амалларига ишора қилади. Намоз улуғ ибодатлардан ва Аллоҳнинг бандалари зиммасидаги ҳақидир. Намоз барча яхшиликларни ўз ичига олган. 
“Муқотил ибн Ҳайён: “Намоз таҳоратни мукаммал қилиш, ўз вақтида адо этиш, руку ва сужудларни тўғри қилиш, қироат қилиш, ташаҳҳуд ва Пайғамбаримиз (а.с.)га салавот айтиш билан мукаммал бўлади”, деган (Ибн Касир).
“...ва ризқ қилиб берганимиздан эҳсон қиладиган кишилар­дир...” Аллоҳ таоло ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ қилишга закот ва бошқа вожиб ҳамда мустаҳаб эҳсон-садақалар киради.
Қатода оятни бундай тафсир қилган: “Аллоҳ сизга берган нарсалардан инфоқ қилинг! Эй Одам фарзанди, бу моллар сенинг қўлингда вақтинчалик омонатдир”.
“Айнан ўшалар ҳақиқий мўминлардир”. Ана шу сифатларга эга бўлганлар ҳақиқий мўминлардир. Бир одам Ҳасан Басрийдан: “Эй Абу Саид, сиз мўминмисиз?” деб сўраганида бундай жавоб берди: “Имон икки хил бўлади. Агар сен менга Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, жаннатга, дўзахга, қайта тирилишга ва ҳисоб кунига имонимни сўраётган бўлсанг, мен уларга ишонаман, мўминман. Аммо сен Аллоҳ таолонинг: “Мўминлар – Аллоҳ (номи) зикр этилганда диллари қўрқувда бўладиган, ...Айнан ўшалар ҳақиқий мўминлардир”, оятлари ҳақида сўраётган бўлсанг, Аллоҳга қасамки, мен уларданманми ёки йўқми, билмайман” (Фахриддин Розий).
“Улар учун Парвардигорлари ҳузурида даражалар ва фаровон ризқ (бордир)”. Ана шундай ҳақиқий мўминлар учун Аллоҳнинг ҳузурида юксак даражалар, гуноҳларнинг мағфират этилиши ва мўл ризқлар бор. Даҳҳок оят тафсирида бундай дейди: “Жаннат аҳли ҳар хил даражаларда бўлади. Юқоридагилари ўзларидан пастдагиларни кўришади. Пастдагилар эса ҳеч ким ўзларидан устун эканини кўришмайди”. Пайғамбаримиз (а.с.) бундай марҳамат қилганлар: “Шубҳасиз, Иллиюн жаннати аҳлини улардан пастроқдагилар осмон уфқларидан бир уфқда ботаётган юлдузни кўрганингиздек кўрадилар. “Эй Аллоҳнинг элчиси, улар пайғамбарларнинг даражалари ва бошқалар унга етолмайдими?” деб сўрашганида у киши (а.с.): “Йўқ, жоним измида бўлган зотга қасамки, (у жой) Аллоҳга имон келтириб, пайғамбарларига эргашганларнинг даражасидир”, деб айтдилар (Муттафақун алайҳ).
Бошқа ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в.) бундай деганлар: “Шубҳа­сиз, жаннат аҳли юксак даражалар соҳибларини сиз осмон уфқида ботаётган юлдузни кўрганингиздек кўришади. Абу Бакр ва Умар улардандир ва ҳатто улардан ҳам устундирлар” (Аҳмад ривояти).
Мазкур оятларда ҳақиқий мўминларнинг сифатлари зикр этилар экан, фақат намоз ўқишлари, закот беришлари ва таваккал қилишлари баён этилмоқда. Ҳолбуки, банда зиммасида яна қанча зарурий ибодатлар бор. Бу каби мулоҳазаларга Имом Фахриддин Розий бундай жавоб беради: “Бандадан талаб қилинадиган барча мажбуриятлар ушбу икки жумланинг ҳукмига дохилдир. Аммо Аллоҳ таоло ботиний ҳолларнинг энг шарафлиси таваккул, зоҳирий амалларнинг энг қийматлиси эса намоз ва закот эканига эътиборни тортиш учун уларни алоҳида зикр қилган”.
 
Тафсир китоблари асосида тайёрланди.
Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 21 июлда эълон қилинган  59 марта кўрилган