“Рамазон ойи одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир...” (Бақара, 185).
 
“Рамазон ойи...” Тарихчиларнинг гувоҳлик беришича, бирин­чи бўлиб ҳазрат Нуҳ (а.с.) кемадан тушган пайтларида рўза тут­ган­лар. Аммо Имом Қуртубий бу фикрга унчалик қўшилмайди, у муфассир Мужоҳиднинг: “Аллоҳ таоло рўзани ҳар бир умматга фарз қилган”, деган сўзларини келтириб, Нуҳ пайғамбар (а.с.)дан олдин ҳам умматлар яшаб ўтганига эътибор қаратади.
Рамазон арабча “рамаз” деган сўздан олинган бўлиб, қуёш ҳароратининг жуда исиб, қайнаб кетишини англатади. “Рамзо” эса қуёш оламни тандирдек ловуллатиб қиздиришини билдиради.
Рамазон дейилишига сабаб, бу ойда гуноҳлар куйдири­лади, ёндириб йўқ қилиб юборилади. Уни ёндириб, кул қиладиган нарса солиҳ амаллардир. Айтишларича, араблар ой номларини эски тилларидан ўзгартирганларида ўша ойлар тўғри келган вақтга мослаб ном беришган. Рўза ойини эса, ўша пайтда йилнинг энг иссиқ кунларига тўғри келгани учун, жазирама маъносида “рамазон” деб аташган.
Рамазон ойи ва унда рўза тутишнинг фазилати борасида кўп-лаб ҳадислар ворид бўлган. Биз уларни тақвим саҳифаларида кундалик ҳадислар сифатида бериб борганимиз учун бу ўринда такрорлаб ўтирмадик ва фақат биргина ҳадисни келтириш билан кифояландик. Абдураҳмон ибн Авфдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (а.с.): “Аллоҳ таоло сизларга Рамазон рўзасини фарз қилди. Мен эса сизга бу ойнинг (таровеҳ) намозини суннат қилдим. Ҳар ким бу ойни (рўзаси фарз, таровеҳини суннат) эканига ишониб, ажрини умид қилиб рўза тутса ва (таровеҳ) намозини ўқиса, онасидан туғилган кунидаги каби гуноҳлардан пок бўлади”, дедилар» (Насаий).
Аллоҳ толо бу оятларда Қуръони каримнинг сифатларидан баъзиларини алоҳида таъкидлайди: “...одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл...” Яъни, Аллоҳ Қуръони каримни бандаларни ҳидоятга элтувчи қилиб юборган. Зеро, Қуръон инсонлар учун тўғри, ҳақ йўлни кўрсатувчи маёқдир. Бундан Қуръони каримни муҳкам, муташобиҳ, носих-мансух – барча оятлари мақсад қилинган. Оят матнидаги “баййинот” эса ҳалол, ҳаром, насиҳатлар ва ҳукмлардир. Қуръон инсонларга шулар орқали тўғри йўлни кўрсатади.
“...Ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат...” Ояти каримадаги “ажрим этувчи” деб таржима қилинган “фурқон” сўзи ҳақиқат билан сохталик, яхшилик билан ёмонлик, савоб билан гуноҳ ўртасидаги фарқни белгилаб, ажрим этувчи деганидир. Шунинг учун ҳам Қуръони каримнинг номларидан бири Фурқондир.
“...Қуръон нозил қилинган ойдир...” Ушбу ояти карима Қуръони каримнинг Рамазон ойида нозил бўлганига очиқ-ойдин далилдир. Бундан ташқари, ушбу оятлар ҳам мазкур маънони тасдиқлайди: “Ҳо, Мим. Аниқ Китоб (Қуръон) билан қасамёд этурманки, албатта, Биз уни муборак кечада (яъни, Қадр кечасида) нозил қилдик. Дарҳақиқат, Биз огоҳлантирувчидирмиз” (Духон, 1–3); «Албатта, Биз уни (Қуръонни “Лавҳул маҳфуз”дан биринчи осмонга) Қадр кечасида нозил қилдик...» 
Қуръон – “қараъа” (ўқимоқ маъносидаги) сўзининг исми масдари бўлиб, “ўқиладиган нарса” деган маънони билдиради. Ақоид илми уламолари Қуръонга бундай таъриф берганлар: Қуръон – Аллоҳнинг каломи. У мусҳафларда битилган, қалбларда ёдланган, тилларда ўқилган, Муҳаммад (а.с.)га нозил қилинган. Қуръон билан қилган талаффузимиз, уни ёзган битигимиз, уни қилган қироатимиз махлуқ (яратилган)дир, лекин Қуръон махлуқ эмасдир (Имоми Аъзам, “Ал-Фиқҳул акбар”).
Юқоридаги ояти карималар, айни пайтда, Қадр кечасининг бошқа ойда эмас, айнан Рамазон ойида эканига далил. Восила ибн Асқо Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг бундай деганларини ривоят қилган: “Иброҳим (а.с.)нинг саҳифалари Рамазон ойининг биринчи кечасида, Таврот олтинчи кечада, Инжил ўнинчи кечада, Қуръони карим эса йигирма тўртинчи кечада нозил бўлган” (Ҳайсамий). 
Имом Қуртубий ушбу ривоят Қадр кечаси Рамазоннинг йигирма тўртинчи кечасидалигига далил эканини айтади (“Ал-Жомеъ лиаҳкомил Қуръон”).
Қуръони каримнинг Лавҳул маҳфуздан дунё осмонидаги Байтул Иззага Қадр кечасида, яхлит ҳолида нозил бўлгани ҳақида ихтилоф йўқ. Сўнгра Жаброил (а.с.) Пайғамбаримиз (а.с.)га буйруқ, қайтариқ ёки бошқа турли сабаблар билан пайдар-пай, оят-оят ҳолида олиб тушган. Бу ҳол йигирма уч йил давом этган.
Расулуллоҳ (с.а.в.) тушган оятларни ваҳий котибларига ёздириб қўярдилар, саҳобалар ҳам ёдлаб боришарди. Шунингдек, қайси оят қайси сурадан жой олишини ҳам шахсан Пайғамбаримиз (а.с.) кўрсатиб берардилар. Чунки Қуръон яхлит ҳолида нозил бўлмаганидек, ҳозирги мусҳафлардаги тартиб бўйича ҳам тушмаган. Баъзан, вазият тақозосига кўра, бир сура тамом бўлмасидан туриб, бошқа суранинг оятлари нозил бўларди. Зеро, биринчи тушган оятлар мусҳафдаги биринчи сурадан эмас, балки 96–Иқраъ сурасидан жой олган.
 
Тафсир китоблари асосида тайёрланди.
Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 23 июнда эълон қилинган  136 марта кўрилган