“Бас, Мени ёд этинг, Мен ҳам сизларни ёд этурман. Менга шукр қилинг, ношукрчилик қилманг!” (Бақара, 152).

Аллоҳ таоло бу оятда биз бандаларни икки нарсага мукаллаф этган: бири зикр, бири шукр. Зикр баъзан тил билан, баъзан эса аъзолар билан қилинади. Аллоҳни тил билан зикр қилиш (ёд этиш) ҳамд, тасбеҳ, мадҳ ва Қуръон тиловати билан бўлади.

Аъзолар билан зикр эса буюрилган ишларга машғул бўлиш ва қайтарилган амаллардан бутунлай қайтишдир. Жумъа сурасидаги “Эй имон келтирганлар, қачонки, жумъа кунидаги намозга (азон) чақирилса, дарҳол Аллоҳнинг зикри сари ҳаракатга тушинглар ва савдо-сотиқни тарк қилинглар!” оятида зикрнинг шу иккинчи маъноси кўзда тутилган (9-оят)

Демак, Аллоҳ таолонинг “Мени ёд этинг” оятидаги илоҳий буйруқ барча турдаги тоатларни ўз ичига олади.

Абу Усмон Наҳдий: “Мен Аллоҳ таоло бизни қачон ёд этишини аниқ биламан”, деди. “Қаердан биласан?” деб сўралганида бундай жавоб берди: “Аллоҳ таоло: “Бас, Мени ёд этинг, Мен ҳам сизларни ёд этурман”, деб марҳамат қилган”.

Зуннун Мисрий (раҳ.а.) айтади: “Аллоҳни ҳақиқий зикр қилган одам Унинг ёди билан бўлиб, бошқа ҳамма нарсани унутади. Аллоҳ таоло ҳам унинг ҳамма нарсасини асрайди ва Ўзи унинг учун ҳамма нарсанинг бадали бўлади (мукофотини беради)”.

Саид ибн Жубайр (раҳ.а.)га кўра, ояти кариманинг маъноси бундай: “Сизлар Мени итоат билан зикр қилинг, Мен ҳам сизларни савоб ва мағфират билан ёд этай”.

Муоз ибн Жабал (р.а.) айтади: “Одам боласининг амаллари ичида зикрчалик Аллоҳнинг азобидан қутқарадиган ҳеч бир амали йўқдир”.

Бир бадавий Пайғамбаримиз (а.с.)га: “Исломнинг ҳукмлари менга оғир келмоқда. Менга маҳкам ёпишиб (амал қилиб) юрадиган бирор нарса ўргатинг!” деди. У зот (а.с.): “Тилинг доимо Аллоҳ азза ва жалла зикри билан нам бўлсин”, дедилар (Ибн Можа ва Термизий).

Яна Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтадилар: “Аллоҳ таоло “Бандам Мени зикр қилиб, лаблари қимирлар экан, Мен у билан биргаман!” дея марҳамат қилган” (Бухорий ва Ибн Можа).

“Менга шукр қилинг...” Ояти каримадаги шукрнинг луғавий маъноси ошкор қилмоқ, зоҳир этмоқ дегани бўлиб, истилоҳда яхшиликни билиш ва у ҳақида сўзлаш маъносида қўлланади. Банданинг Аллоҳ таолога шукр қилиши берган неъматлари учун  Уни мақташи ва Унга ҳамду сано ўқишидир. Бир сўз билан айтганда, Аллоҳга шукр қилиш Унинг тоатида бардавом бўлиш билан бирга берган неъматларини тил билан айтиб, қалб билан иқрор этишдир.

“Ношукрчилик қилманг!” Бу оят матнидаги “куфр” сўзи неъматларни беркитишдир, уни ёлғонга чиқариш эмас. Шунга кўра, оятнинг маъноси “Нонкўрлик қилманг! Менинг сизларга берган неъмат ва лутфу эҳсонларимни инкор этманг!” демакдир.

Олимлар бу оятни турлича тафсир қилишган:

Менга итоат этиш билан Мени зикр қилингки, Мен ҳам сизни раҳматим ила ёд этай;

Мени ҳамду сано айтиб зикр қилингки, Мен ҳам сизни неъматларим билан сийлаб ёд этай;

Сиз Мени дунёда ёд этингки, Мен сизни охиратда ёдга олай;

Сиз Мени ҳеч ким йўқ жойларда зикр қилингки, Мен ҳам сизни кимсасиз ерларда, бепоён чўлларда зикр қилай, ёлғиз қўймай;

Сиз Мени мўл-кўлчиликда эслангки, Мен сизнинг бошингизга ташвиш тушганида эслай (ёрдам берай);

Менинг йўлимда ғайрат билан ҳаракат қилингки, Мен ҳам сизни тўғри йўлга йўллаш билан ёдга олай;

Мени сидқу ихлос билан зикр этингки, Мен ҳам сизни азоб-лардан қутқариб, Ўзимга яқин қилиб зикр этай;

Сиз Менинг Парвардигорлигимни ёдда тутиб, зикр қилингки, оқибатда Мен сизни раҳматим ва бандалигимга қабул этиш билан ёдга олай (мукофотлай).

Нўъмон Абдулмажид

Тафсир китоблари асосида тайёрланди.

Дўстларга тавсия этиш
2016 йил 4 январда эълон қилинган  961 марта кўрилган