“Агар Аллоҳ бандаларининг ризқларини кенг-мўл қилиб юборса, албатта, улар ер юзида тажовузкорликка ўтиб кетган бўлур эдилар. Лекин, У Ўзи хоҳлаганича ўлчов билан (ризқ) туширур. Албатта, У бандаларидан хабардор ва кўриб турувчидир” (Шўро, 27).

Ояти кариманинг сабаби нузули ҳақида муфассир уламолар бундай дейишган: “Оят Суффа аҳлидан бир неча кишининг кенг ризққа эга бўлишни орзу қилишгани сабабли тушган”. Ҳаббоб ибн Арат (р.а.) айтади: “Оят биз ҳақимизда нозил бўлган. Бану Назир, Бану Қурайза ва Бану Қайнуқонинг молларига қараб, ҳавас қилардик, биз ҳам ўшандай мол-дунёга эга бўлишни орзулардик. Шунда ушбу оят нозил бўлди”.

“Агар Аллоҳ бандаларининг ризқларини кенг-мўл қилиб юборса...” яъни, одамларнинг ризқларини фаровон, яшашларини яхши қилиб қўйса, “албатта, улар ер юзида тажовузкорликка ўтиб кетган бўлур эдилар”. Яъни, ҳаддиларидан ошиб, исён, тажовуз қилишга ўтиб кетишарди.

Ибн Аббос (р.а.) айтади: “Улар ҳаддиларидан ошишларининг маъноси бир мартабадан кейин бошқа (баландроқ) мартабани, бир уловдан кейин бошқа (яхшироқ) уловни... хоҳлашларидир”.

Яна бир бошқа тафсирга кўра, агар уларга кўпгина мол-дунё берилган бўлсайди, янада кўпроғини исташарди. Зеро, Пайғамбаримиз (а.с.) бундай марҳамат қиладилар: “Агар Одам боласининг икки водий тўла олтини бўлсайди, у албатта учинчисини ҳам хоҳларди” (Имом Термизий).

Демак, оят матнидаги “бағй” сўзи хоҳламоқ, ҳаддидан ошмоқ маъноларида келган. Ибн Аббос (р.а.) шу маънода тафсир қилган.

Оят бошқача ҳам тафсир қилинган: “Агар Биз уларни мол-давлат борасида тенг қилганимизда эди, бир-бирларига бўйсунмасдилар, натижада, жамиятлар ҳаёти издан чиқарди”.

Яна бир тафсирда айтилишича, Аллоҳ таоло “ризқ” сўзи билан ризққа боис бўладиган ёмғирни мақсад қилган. Яъни, агар У тинимсиз ёмғир ёғдирганида, бандалар ўша билан банд бўлиб, дуо қилмасдилар. Шунинг учун Ўзидан ёлвориб сўрасинлар дея баъзи вақтлар ёмғир ёғдирмайди, баъзида эса шукр қилишсин учун кенг-мўл ризқ беради.

Замахшарий айтади: «...албатта, улар ер юзида тажовузкорликка ўтиб кетган бўлур эдилар”, яъни бир-бирларига зулм ва ноҳақлик қилишга ўтишарди. Чунки бойлик ҳаддан ошиш ва бошқаларга ҳақсизлик қилиш сабабларидан биридир. Бунга ибрат (мисол) сифатида Қорунни эслаш кифоя».

Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ушбу ҳадислари ҳам айни маънони тасдиқлайди: “Умматим учун энг қўрққан нарсам дунё ҳаётининг зийнати ва мўллигидир” (Имом Муслим).

“Лекин У Ўзи хоҳлаганича ўлчов билан (ризқ) туширур”. Яъни, У ризқни ҳаммаларига етсин дея Ўзи истаганича туширади. Муқотил айтади: “Яъни, истаган бандасини бой, истаганини эса камбағал қилади”.

Уламолар айтади: “Аллоҳ таолонинг маслаҳат (бандаларга фойдали) ишни қилиши вожиб бўлмагани каби, Унинг иши бандаларнинг манфаатига зид келмайди. У қайсидир бандасига кенг ризқ берса, бу ризқ ўша бандани ёмонликка бошлашини билади. Шунинг учун унинг фойдасини кўзлаб унга озроқ мол беради. Шундай экан, ризқнинг танглиги камчилик бўлмаганидек, ризқнинг мўллиги ҳам фазилат эмас. Аллоҳ таоло баъзи қавмларга, гарчи ризқларини фасод йўлларга ишлатишини билса ҳам, бойлик беради. Агар уларга қилганидан бошқача иш қилганида, балки улар салоҳиятга яқинроқ бўлишарди. Умуман, бу борада ишлар Аллоҳ таолонинг иродасига ҳавола этилади”.

“Албатта, У бандаларидан хабардор ва кўриб турувчидир”.

Яъни, Аллоҳ таоло бандаларининг холиқи бўлгани учун уларнинг ҳолини ўзларидан ҳам яхши билади: бирини бойлик бузишини билгани учун унга мўл ризқ бермайди. Яна бировини камбағаллик бузишини билгани учун унга фақирликни раво кўрмайди. Шунингдек, Аллоҳ таоло бандаларнинг ризқ-ни қайси йўл билан топаётганини, ўзига берилган имкониятни қайси мақсадга сарфлаётганини кўриб-кузатиб турувчи Зотдир.

Ризқни фақат Аллоҳдан деб билинади. Ҳар ким ўзи учун тақдир қилинган ризқни ейди, ҳеч ким бошқанинг ризқини ея олмайди. Шунингдек, ҳеч ким ўз ризқини еб бўлмай туриб ўлмайди ҳам. Ризқ масаласи унчалик ташвишланарли масала эмас. Шунинг учун ҳам киши ризқ учун эмас, Аллоҳ учун меҳнат қилиши керак бўлади.

Раззоқ Парвардигор бир бандасининг яшашини ирода қилса, бутун олам тўсқинлик қилса ҳам унга ризқини маълум йўллар орқали етказиб бераверади. Агар бир бандасининг ҳаётига якун бермоқчи бўлса, унинг ризқини узиб қўядики, ундан кейин ҳеч ким бу бандага ҳеч бир йўл орқали бирор луқма таом едира олмайди.

Улуғ олим Абу Усайддан: “Қаердан (ризқ топиб) ейсиз?”  деб сўрашди. У киши: “Субҳаналлоҳ, Аллоҳ буюкдир. У зот бир итга ризқ беради-ю, Абу Усайдни оч қолдирармиди?” деб жавоб берди.

Худди шу саволни Аллоҳнинг дўстларидан бири Хотами Асоммдан ҳам сўрадилар. У киши: “Аллоҳнинг ҳузуридан”, деб айтди. Шунда бир киши: “Аллоҳ сизга осмондан динорлар ва дирҳамлар ёғдирадими?” дея истеҳзо қилганида, у зот: “Эй сен! Нима фақат осмон Аллоҳникими? Осмон ҳам ер ҳам Уникидир. У зот мени осмондан ризқлантирмаса ҳам, ердан мен учун  ризқ ундириб қўяди”, деган экан.

Нўъмон Абдулмажид

Манбалар асосида тайёрланди.

Дўстларга тавсия этиш
2015 йил 1 декабрда эълон қилинган  898 марта кўрилган