“Одамларга чиқарилган (маълум бўлган) умматнинг энг яхшиси бўлдингиз (эй мусулмонлар! Зеро, сиз) амри маъруф, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга имон келтирасиз...”(Оли Имрон, 110).

Оятнинг нозил бўлиш сабаби ҳақида Икрима ва Муқотил (рҳ.) бундай дейишган: “Оят Ибн Масъуд, Убай ибн Каъб, Муоз ибн Жабал ва Абу Ҳузайфанинг қули Солим (р.а.) ҳақида нозил бўлган. Яҳудийлардан баъзилари уларга: “Бизнинг динимиз сиз даъват қилаётган диндан яхшироқ, биз ҳам сиздан яхшироқмиз!” дейишди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди” (Найсабурий, “Асбоб ан-нузул”).

Мазкур ояти карима ҳақида Пайғамбаримиз (а.с.) бундай марҳамат қилганлар: “Сизлар етмиш умматнинг тамомловчилари ҳамда Аллоҳ таоло ҳузурида уларнинг энг яхшилари ва қадрлиларисиз” (Термизий ривояти).

Оятда зикр қилинган “умматнинг энг яхшиси” таърифини муфассир уламолар турлича тафсир қилганлар. Жумладан, Ибн Аббос (р.а.): “Улар Маккадан Мадинага ҳижрат қилиб, Бадр ва Ҳудайбияда қатнашганлар”, деб айтган. Ҳазрат Умар ибн Хаттоб (р.а.): “Улар каби амал қилган, ўшалардек (мақомда) бўлади”, деганлар. Ахфаш эса оятни: “Энг хайрли дин мансубларисиз”, деб таъвил қилган.

Мужоҳиднинг фикрига кўра оят тафсири бундай: “Сизлар инсонлар учун энг яхши умматсиз. Чунки сиз яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарасиз”.

Оят қуйидаги мазмунда ҳам шарҳланган: “Муҳаммад (с.а.в.) умматларининг энг яхши уммат бўлиши улар орасида мусулмонликнинг ёйилгани, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш кенг тарқалгани туфайлидир”.

Аллоҳ таоло оятда шу давргача келиб-кетган умматларнинг энг яхшиси Ислом уммати эканини билдирмоқда. Бу мартабага эришишнинг, шу мақомга лойиқ бўлишнинг шарти бор: яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш. Демак, биз мусулмонлар яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтаришда давом этсак, Аллоҳга бўлган имонимиз тўғри, самимий ва бенуқсон бўлса, ана шу юксак мартабада тура оламиз.

Нима учун ояти каримада яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаришнинг имондан олдин зикр қилингани ҳақида Имом Фахруддин Розий бундай дейди: “Аллоҳга имон келтириш барча умматларнинг муштарак хусусиятидир. Аллоҳ таоло уммати Муҳаммад (с.а.в.)ни бошқа умматлардан устун қилганини таъкидлайди. Аммо энг яхши уммат бўлиш учун Аллоҳга имон келтиришнинг ўзи етарли эмас. Яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариши бу умматнинг бошқалардан устун жиҳатидир. Айнан шу хусусияти мусулмон умматини энг яхши уммат даражасига олиб чиққан” (“Мафотиҳул ғайб”).

Демак, мусулмонлар бир-бирларини яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаришмас экан, бу мақтовга эришишолмайди, балки бу ҳол уларнинг ҳалокатига сабаб бўлади (“Ал-Жомиъ лиаҳкомил Қуръон”).

Яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш биздан олдин ўтган умматларга вожиб қилинган эди (Оли Имрон, 21-22). Абу Мансур Мотуридий ҳазратлари “Таъвилоти Аҳлис сунна” номли асарида биз тафсирини кўриб чиқаётган оятни, Моида сурасининг 79-оятини ҳамда бир неча ҳадиси шарифларни далил келтириб, амри маъруф, наҳйи мункар ҳар бир мусулмон зиммасига фарз қилинган, деб таъкидлайди.

Аллоҳ таоло яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаришни мўминлар билан мунофиқлар ўртасидаги фарқ сифатида баён этади (Тавба, 67-71).

Пайғамбаримиз (а.с.)дан сўрашди: “Эй Аллоҳнинг расули, одамларнинг энг яхшилари кимлар?” У зот (а.с.) жавоб бердилар: “Ўрталарида яхшиликка энг кўп буюрадиган, ёмонликдан энг кўп қайтарадиган, Аллоҳдан энг кўп қўрқадиган ва қариндошлик алоқаларига энг кўп эътибор берадиганлардир” (Аҳмад ривояти).

Нўъмон Абдулмажид

Тафсир китоблари асосида тайёрланди.

 

Дўстларга тавсия этиш
2015 йил 5 июнда эълон қилинган  1141 марта кўрилган