Эй, имон келтирганлар, тақволи бўлишларингиз учун сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, саноқли кунларда. Бас, сизлардан кимки бемор ёки сафарда бўлса, саноғи бошқа кунлардандир. Мадори етмайдиганлар зиммасида бир мискин кимсанинг (бир кунлик) таоми фидядир. Кимки ихтиёрий равишда зиёда хайр қилса (лозим бўлганидан ортиқ фидя берса), ўзига яхши. Агар билсангиз, рўза тутишингиз (фидя бериб тутмаганингиздан) яхшироқдир” (Бақара, 183 – 84).

Рўза диннинг асосий рукнларидан бири бўлиб, нафси аммора у билан тарбияланади, ёмонлик истаган ҳирслар сокинлик топади. Рўза кун бўйи ейиш-ичиш ва аёли билан жинсий алоқа қилиш каби истаклардан нафсни тийишдан иборат курашдир. Ҳаётнинг лаззатини, ироданинг қийматини англаб етишга хизмат қиладиган рўза, айни пайтда, илоҳий амрлар ичида нафсга энг оғир келадиган амалдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ ўз ҳикмати билан даставвал намоз, сўнг закот хусусидаги буйруқларни нозил этган. Шундан кейингина рўза тутиш ҳақидаги амр етиб келган. Бу билан мукаллаф бандаларнинг диний ҳукмларга аста-секин кўникиб боришлари таъминланган.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг дастлаб нафл сифатида ойда уч кун ва ашуро кунида рўза туардилар. Бу илк рўза ҳисобланарди. Ҳижратдан бир йил ўтиб, қибла ўзгарганидан кейин шаъбон ойида рамазон рўзаси фарз қилинди.

Юқоридаги ояти карималардан маълум бўладики, Аллоҳ таоло биздан олдин ўтган умматларга ҳам рўзани фарз қилган. Масалан, Одам (а.с.)га бийз кунлари (ойнинг 13-14-15 кунлари), Мусо (а.с.)нинг қавмларига эса ашуро кунлари рўза тутишни буюрган. Бу хусусни тасдиқловчи ҳадиси шариф ҳам мавжуд. Унда айтилишича, Аллоҳ аввал яҳудийларга рамазон ойида рўза тутишни буюрган. Ўшанда рўза йилнинг энг иссиқ кунларига тўғри келгани учун, улар кўп ва қаттиқ қийналдик деб, бошқа ойга кўчирганлар. Бунинг устига нафслари Худо буюрганини тњкис бажаришга тоқат топмади: фақат гўшт ва шунга њхшаш егуликлардан њзларини тийишни кифоя билдилар, тутган рњзалари шундан иборат бўлди. Худо кейинчалик насронийларга ҳам рамазон ойида ана шундай рўзадор бўлишни буюрган. Улар ҳам иссиқни рњкач қилдилар, бошқа баҳоналарни кўрсатдилар, рўзанинг ойи ва тартибларини ўз билганларича ўзгартирдилар.

Рамазон арабча “ар-рамад” деган сўздан олинган бўлиб, қуёш ҳароратининг жуда исиб, қайнаб кетишини англатади. “Рамазон” дейилишига сабаб, бу ойда гуноҳлар куйдирилади, ёндириб йўқ қилиб юборилади. Уларни ёндириб, кул қиладиган нарса солиҳ амаллардир. Бу ҳақда Имом Замахшарий шундай деган: “Ҳар бир ойни номлаш вақтида унинг ўзига хос хусусияти, белгиси эътиборга олинган. Рамазон ойи эса йилнинг энг иссиқ кунларида келар эди. Шу боис ҳам уни жуда иссиқ, жазирама маъносига яқин “рамазон” сўзи билан атаганлар”.

Ўзбек тилига “рўза” деб таржима қилинадиган “савм”, “сиям” сўзи луғатда нафснинг истакларидан ўзини ти-йишни билдиради. Истилоҳий маъноси эса ният қилиб, нафснинг энг катта истаклари қаторига кирувчи ейиш-ичиш ва жинсий алоқа каби зарурий эҳтиёжлардан кун бўйи тийилишдир.

Рўза шаҳватни кесади, нафснинг ҳою-ҳавасларини мағлуб қилади. Турли ёмонликлардан, туғёнга кетишдан сақлайди. Рўза тутмаганлар шаҳватли орзулар қўлида ўйинчоқ бўлиб, ақлу иродаларини бошқара олмаганлари, жозибадор келувчи гуноҳлар тўрига ўралашиб қолганлари ҳолда, рўзадорлар, аксинча ақлу ирода, майлу хоҳишларига тўла ҳокимлик қила оладилар. Шунинг учун ҳам
Расулуллоҳ (с.а.в.) нафслари ғолиб келувчи кимсаларга рўза тутишни тавсия қилар эканлар.

Булардан ташқари, рўзанинг тиббий жиҳатдан баданга фойдалари ҳам бугун барчага яхши маълум. Аммо бу фойдалар рўзанинг фарз бўлиши сабаби ва ҳикмати ҳисобланмайди. Рўза фарз бўлишининг асл ҳикмати Аллоҳнинг амрига бўйинсуниш орқали бандаликнинг завқини тотиш, руҳни риё асоратларидан поклаб, қувват ва ихлосни ошириш ҳамда ўзини бевосита Аллоҳнинг ҳимоясига топшириш учун нафсига жиҳод қилишдир.

...саноқли кунларда”. Яъни, сизга фарз қилинган рўза йилнинг саноқли кунларида – ўн икки ойдан фақатгина бир ойидадир. Ҳамда сизнинг саломатлигингизга зиён келтирмайдиган, тоқатингизни тоқ қилмайдиган шаклда, узрли бўлсангиз маъзур кўрилиб, енгиллик беришни кўзда тутилган ҳолатда буюрилгандир.

Бас, сизлардан кимки бемор ёки сафарда бўлса, саноғи бошқа кунлардандир”. Бу ўринда юқорида мазкур бўлган енгилликлардан бири ҳақида сўз бораётир: агар рўза тутиш сиҳатингизга жиддий зарар етказадиган даражада бемор эсангиз ёки сафарда бўлсангиз, рўза тутмасликка рухсат берилади. Соғайгач ёки сафардан қайтганингиздан кейин, неча кун рўза тутолмаган бўлсангиз, шунча кун тутиб, зиммангиздаги фарз қазосини адо этасиз.

Оятнинг мана бу қисмида ҳам меҳрибон Раббимиз марҳамати туфайли бизга енгиллик беришда давом этади: “Мадори етмайдиганлар зиммасида бир мискин кимсанинг (бир кунлик) таоми фидядир”. Оят нозил бўлган пайтлар одамлар уни бошқача фаҳмлашган. Бу борада Ибн Абу Лайлодан қуйидагилар ривоят қилинади: “Рамазон рўзаси фарз қилинган дастлабки пайтда одамлар ҳали бунга кўникмаган эдилар. Уларга кун бўйи оч юриш жуда оғир келарди. Шунинг учун рўза тутолмаганлар “Мадори етмайдиганлар...” қисмига асосланиб, бир камбағални тўйдириш билан ўзларини фарзни адо этган деб ҳисоблайдиган бўлдилар. Кейин “Сизлардан ҳар ким у ойга шоҳид бўлса рўза тутсин”, деган оят нозил бўлди. Шу билан рўза тутмай фидя беришга рухсат фақат беморлар ва мусофирларгагина тегишли бўлиб қолди. Қолган барчамиз рўза тутишга буюрилдик”.

Аммо “Мадори етмайдиганлар” қаторига жуда ҳам қартайиб, рамазон очлигига тоқати етмай қолган кишилар ҳам киришига кўпгина муфассирлар иттифоқ қилишган.

Кимки ихтиёрий равишда зиёда хайр қилса (лозим бўлганидан ортиқ фидя берса), ўзига яхши”. Энди ҳар ким кўнгилли равишда буюрилганидан ортиқроқ фидя берса ёхуд ҳам фидя бериб, ҳам рўза тутса, ўзи учун яна-да яхшироқдир.

Агар билсангиз, рўза тутишингиз (фидя бериб тутмаганингиздан) яхшироқдир”. Яъни, гарчи қийин бўлса ҳам фидя бергандан ёки қазо қилгандан кўра вақтида рўза тутганингиз ўзингиз учун афзалдир. Агар рўзанинг фазилатини билганингизда эди, албатта рўза тутмаслик жоиз бўлган вазиятларда ҳам тутган бўлардингиз.

 

Тафсир китоблари асосида Нўъмон Абдулмажид тайёрлади

Дўстларга тавсия этиш
2015 йил 4 июнда эълон қилинган  1354 марта кўрилган