Умайр ибн Ваҳб

Умайр ибн Ваҳб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг кўрсатган мўъжизаларига бевосита гувоҳ бўлиб, Исломни қабул қилган йигитдир. У мусулмон бўлмасидан олдин Қурайшнинг мардлиги ва довюраклиги билан машҳур кишиларидан эди. Бадр жангида мушриклар сафида бўлди. Мушриклар уни мусулмонлар сонини аниқлаш ва орқаларида қўшин бор-йўқлигини билиш учун жўнатишди. Қабиладошлари олдига қайтиб кўрганларини мусулмон кишидек гапириб берди: “Эй Қурайш аҳли! Уларнинг сони оз. Мадад кучлари келмайди. Лекин улар кўзимга ўлимга ҳарис кишидек кўринди. Сафингиздан одам ўлмагунича, улардан бирор кишини ўлдириб бўлмайди. Сизлардан йўқотиладиган одам улардан йўқотиладиган билан тенг бўлса, ҳаётнинг нима қизиғи бор?! Шунга қараб иш тутинг…”

Унинг гапларидан Қурайшнинг баъзи сардорлари таъсирланиб, ортга қайтишни ўйлаб қолишди. Лекин Қурайш иблиси Абу Жаҳлнинг фикри қатъий қолди ва мушриклар жангга киришди. Бироқ уларнинг бошига келган балони на у, на қабиласи тўса олди. Умайр эса яраланган ҳолда Маккага қайтди, ўғли асир тушиб Мадинага олиб кетилди.

Умайр ўзи Маккада бўлса-да, фикру хаёли Мадинадаги ўғлида эди. Кунларнинг бирида маккалик зодагон, амакиваччаси Сафвон ибн Умайя Умайр билан суҳбатлашаётиб, агар қариндошларининг ўлимига сабаб бўлган Муҳаммадни ўлдирса, Умайрга қарзларини тўлаб, бола-чақасини умрининг сўнгига қадар боқишни ваъда қилди. Умайр Сафвоннинг шартларига рози бўлди ва келишув қатъий сир тутилишини сўраб, сафарга тайёргарлик кўра бошлади.

Умайр қиличини заҳарлаб белига боғлади. Туясини миниб, Мадина сари равона бўлди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг масжидларига яқинлашиб, туядан тушди. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) туясидан тушиб, масжидга йўл олган қуролли Умайрни кўриб: “Бу Аллоҳнинг душмани Умайр-ку. Бу ерга ёмонлик қилгани келганлиги аниқ”, дея масжидга кириб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни вазиятдан хабардор этди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни чақириб келишни буюрдилар. Умар (розияллоҳу анҳу) Умайрнинг ёнига келиб ёқасидан олди ва қиличини ушлаганча уни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) томон олиб кетди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) Умайрнинг аҳволини кўриб “Қўйвор уни, Умар! Ўзинг эса нари тур. Бери кел, эй Умайр. Яқинроқ кел”, дедилар.

Кейин ораларида қуйидаги суҳбат бўлиб ўтди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сўрадилар:

– Бу ерга нега келдинг, Умайр?

– Ўғлим қўлингизда асир бўлиб ётибди, яхшилик қилиб қўйиб юборарсиз, дея келдим…

– Бўйнингдаги қилич-чи?

– Қилич бўлмай кетсин! Бизга фойдаси тегдими? Бадрда нафи теккани йўқ-ку!

– Менга ростини айт, бу ерга нима мақсадда келдинг?!

– Шунинг учун келдим, холос…

– Унда Сафвон ибн Умайя билан Ҳижрда гаплашганларинг нима? У ерда сизлар Бадрда ҳалок бўлганларни ёдга олдингиз. Кейин сен агар қарзларим ва фарзандларим бўлмаганида, бориб Муҳаммадни ўлдирардим, дединг. Сафвон эса, қарзларингни тўлаб, бола-чақангнинг ҳолидан хабар олиб туришга ваъда берди. Сўнг сен бу ерга келдинг. Бироқ Аллоҳ режалаштирган ишингга йўл бермайди…

Умайр бу гапларни эшитиб тарашадек қотиб қолди. Юзидан ранг қочиб, дудуқланганича деди: “Бу мавзуда фақат Сафвон иккимиз гаплашгандик. Ёнимизда ҳеч ким йўқ эди. Валлоҳи, сизга бу хабарни Аллоҳ етказган. Сиз унинг элчиси эканингизга ишондим. Мусулмон бўлиш учун мени бу ерга келтирган Аллоҳга ҳамд бўлсин!” Шундан сўнг шаҳодат калимасини айтиб, Исломга кирди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Биродарингизга дин ва Қуръонни ўргатинг. Асирини озод қилинг”, дедилар. Қисқа муддат ичида динни яхшилаб ўрганган Умайр Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан изн олиб, Маккага қайтди.

Буёқда Сафвон Маккадаги йиғилишларда яқин орада катта хушхабар бўлишини ваъда берар, лекин Умайрнинг ҳаяллаётганидан хавотирда эди. Ўша тарафдан келаётганлардан уни дараклади ва Умайрнинг Исломга кирганини эшитиб, қулоқларига ишонмади. Умайрнинг Исломга кириб, Маккага қайтиши катта воқеага айланди. У дин йўлида ғайрат қилиб, кўп одамларнинг, Макка фатҳидан кейин эса Сафвоннинг Исломга киришига туртки бўлди.

Умайр Уҳуддан илгари Мадинага ҳижрат қилди ва барча ғазотларда иштирок этди.

Умайр ибн Ваҳб ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) даврларининг сўнгги йилларида вафот этди.

Аллоҳ у кишидан рози бўлсин!

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: