Сумома ибн Усол

Ҳижратдан кейин Мадинада Ислом жуда тез ёйила бошлади. Пайғамбаримиз (а.с.) атрофдаги қабилаларга элчилар юборар, уларни тўғри йўлга чақирар, ўзлари ҳам уларнинг элчиларини қабул қилардилар. Бир куни ҳузурларига Сумома ибн Усол келди. У Ямома қабиласининг раиси бўлиб, асл мақсади Расулуллоҳ (с.а.в.)ни ўлдириш эди. Ёвуз ният билан Пайғамбаримиз (а.с.)га ташланганида саҳобалар тўхтатиб қолишди. Тўс-тўполонда Сумома қочишга муваффақ бўлди. Расулуллоҳ (с.а.в.) уни тутиб жазо беришни буюрдилар ва қўлга тушиши учун дуо қилдилар.

Ҳижратнинг олтинчи йили бошларида Сумома ибн Усол умра учун йўлга чиқиб, Мадина яқинига келди. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг  суворийлари уни тутиб олишди ва ҳузурларига келтиришди. Ушлаб олганлар асирни танишмас эди. Пайғамбар (а.с.) айтдилар:

– Кимни олиб келганингизни биласизларми? Бу Сумома ибн Усол. Унга яхши муомала қилинг. Озор берманг!

Сумома масжидга ҳибс этилди. Расулуллоҳ (с.а.в.) уйларига келиб, аҳлларига:

– Қўлингизда ейдиган нима бўлса, тўплаб Сумомага юборинг! – дедилар.

Пайғамбар (а.с.) масжидга келганларида асирдан сўрадилар:

– Эй Сумома, кўнглингдан нималарни ўтказяпсан, мендан нима кутяпсан?

Сумома жавоб берди:

– Ичимда яхшилик умиди бор. Чунки сиз кечиримлисиз. Агар мени ўлдирсангиз, битта жиноятчини йўқ қилган бўласиз. Агар кечирсангиз, яхшиликни биладиган, неъматга шукр айтадиган одамга эҳсон этган бўласиз. Агар мендан озод бўлишим учун эваз истасангиз, мана, молим, истаганингизча олинг.

Пайғамбаримиз (а.с.) кетма-кет уч кун ҳар масжидга келганларида шу саволни сўрадилар ва айни жавобни олдилар. Сўнгра оламларга раҳмат Пайғамбаримиз (с.а.в.) яна юксак марҳаматларини кўрсатдилар – Сумомани қўйиб юбордилар. Шу онда асирликдан халос бўлган Сумоманинг кўнгли ҳам ширк зулматидан нажот топди – шаҳодат калимасини айтиб мусулмон бўлди, Расулуллоҳ (с.а.в.)га байъат қилди. Пайғамбаримиз (а.с.)нинг сўзларига бўйсуниб, ғусл олди ва масжидга қайтди. Сўнгра Расулуллоҳ (с.а.в.)га бундай деди:

– Аллоҳга қасам, кеча кечқурун ёнимга келганингизда ҳам бу дунёда мен учун сизнинг юзингиздан ёқимсизроқ юз йўқ эди. Бугун тонгда сизнинг юзингиз мен учун энг севимли юзга айланди. Аллоҳга қасам, кеча кечқурун ҳам бу дунёда мен учун сизнинг шаҳрингиздан ёқимсизроқ шаҳар йўқ эди. Тонг отганида эса сизнинг шаҳрингиз мен учун энг севимли жойга айланди. Аллоҳга қасам, кеча кечқурун ҳам сизнинг динингиз мен учун энг хато эътиқод эди. Тонг отганида энг севимли дин бўлди.

Шундан кейин Сумома Пайғамбаримиз (с.а.в.)га:

– Ё Расулуллоҳ, мени суворийларингиз умра учун кетаётганимда ушлашди. Энди нима қилишимни амр этасиз? – деди. Пайғамбаримиз (а.с.) унга дунё ва охират саодати хушхабарини бериб, умра қилишни буюрдилар.

Ҳазрат Сумома Маккага талбия айтиб кириб борди. Бундан мушриклар ғазабга минишди, уни ўлдиришга чоғланишди. Лекин шу пайт ораларидан бири: “Қўйворинглар уни! – деди. – Егуликлар борасида Ямома халқига муҳтожлигингизни унутманг. Сумомага бир нарса бўлса, ҳаммамиз оч қоламиз”. Мушриклар бу гапни маъқул кўришди. Улардан бири сўради:

– Демак, диндан чиқдинг, шундайми?

– Йўқ, – деди ҳазрат Сумома, – диндан чиқмадим. Аксинча, мен ҳақ йўл бўлган Исломни қабул қилдим. Муҳаммадни (а.с.) ва у зот келтирган нарсаларни тасдиқладим. Аллоҳга қасам, Расулуллоҳ (с.а.в.)дан изнсиз Ямомадан фойдаланолмайсиз!

Сумома умрасини қилиб бўлиб, Ямомага кетди. Аҳолининг Маккага озиқ-овқат жўнатишини тақиқлади. Мушриклар танг ҳолда қолгач, Расулуллоҳ (с.а.в.)га мактуб ёзиб, аҳволлари ёмонлигини айтишди. Ҳатто Абу Суфён Мадинагача келди, ҳолатни баён қилиб, ёрдам сўради. Расулуллоҳ (с.а.в.) Ямомадан Маккага озуқа келишига тўсқинлик қилмаслигини айтиб, Сумомага хат ёздилар. Ҳазрат Сумома амрга бўйсунди.

Расулуллоҳнинг (с.а.в.) вафотларидан кейин, Сумома ибн Усол ва у билан бирга бўлганлардан бошқа барча ямомаликлар диндан қайтди. Бу пайтда ҳазрат Сумома ҳам Ямомада эди. Халқни пайғамбарлик даъво қилаётган Мусайламага эргашишдан, уни қўллаб-қувватлашдан қайтаришга уринди.

– Эй Бани Ҳанифа! Исломдан қайтиш зулмат демакдир. Бундан сақланинг. Охирги пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.), у зотдан кейин пайғамбар келмайди, – деди.

Шундан кейин ҳазрат Сумома Ғофир сурасининг илк уч оятини ўқигач:

– Эй Ямома халқи! Мана бу Аллоҳ таолонинг каломидир, – деб айтди. Бироқ Ямома халқи бу насиҳатни қулоққа олишни истамади. Улар Мусайламага эргашиш борасида якдил эдилар. Бу орада Ало ибн Ҳадрамий бошчилигида Баҳрайнга кетаётган мусулмонлар қўшини Ямомага яқинлашди. Бундан хабар топган Сумома шериклари билан уларга қўшилди. Тамим қабиласидан ҳам бир қанча аскарлар билан қувватланган қўшин Ҳотам бошчилигидаги муртадларга қарши жанг бошлади. Ниҳоят, бир кеча сархуш бўлиб, ғафлатда қолган мушриклар устига босқин уюштирилди. Душманнинг бир қисми ўлдирилди, бир қисми асир олинди. Қолганлари қочди. Ҳазрат Сумома бу жангдан қайтишда йўлтўсарлар томонидан шаҳид этилди.

Аллоҳ таоло у зотдан рози бўлсин!

Нўъмон Абдулмажид

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: