Асъад ибн Зурора

Асъад ибн Зурора (р.а.) Расулуллоҳ (с.а.в.) билан Ақабада байъатлашган илк мадиналик саҳобалардан. Тўлиқ исми Абу Умома Асъад ибн Зурора ибн Удас бўлиб, ансорийлар ва Ҳазраж қабиласининг етакчиларидан биридир. Исломнинг Мадинада ёйилишида муносиб хизмат кўрсатган Асъад ҳижратдан бироз вақт ўтиб, Бадр жангидан аввалроқ шаввол ойида вафот этди.

Мадиналик араблар яҳудийлар билан ёнма-ён яшаганлари боис пайғамбарлик борасида озми-кўпми билимга эга эдилар. Яҳудийлар тез орада сўнгги пайғамбар келиши ва барча унга эргашишини айтишар, бу ташрифни интиқлик билан кутишарди. Бинобарин, Асъад ҳам пайғамбарни кутиб олишга маънан ва руҳан тайёр эди. Ҳатто баъзи манбаларда унинг ҳанифлардан эканлиги айтилади. Хусусан, Ибн Саъднинг айтишича, Асъад Тангри бир эканлигини гапириб, дўсти Абул Ҳайсам билан тавҳид борасида баҳс-мунозара қиларди.

Асъад Расулуллоҳ (с.а.в.) билан илк маротаба кўришганида нубувватнинг ўн биринчи йили, ҳаж мавсуми эди. У беш нафар ҳазражлик ҳамроҳлари билан бирга Расулуллоҳ (с.а.в)ни Ақабада учратди. Пайғамбаримиз (с.а.в.) уларнинг кимлигини билгач, суҳбатлашишни истадилар. Мадиналиклар у зот (с.а.в.)га қулоқ тутишди. Расулуллоҳ (с.а.в.) даставвал уларга ўзларини танитдилар, сўнгра Қуръондан бир-икки оят ўқиб бердилар. Зукко мадиналиклар бу инсон яҳудийлар айтган сўнгги пайғамбар эканлигига ишонч ҳосил қилиб: «Унга эргашишда яҳудийлар биздан илдамлик қилишмасин», дедилар ва мусулмон бўлдилар. Хайрлашаётиб бир йилдан кейин худди шу жойда кўришишга ваъдалашдилар.

Мадинага қайтишгач, Асъад дастлаб дўсти Абул Ҳайсамни исломга чақирди. Дўсти ҳам ортиқча тараддудсиз мусулмон бўлди. Оз муддатда Ҳазраж ва Авс қабилаларидан бир неча киши исломни қабул қилди.

Ваъдага мувофиқ бир йилдан сўнг Ақабада Расулуллоҳ (с.а.в.) билан учрашув бўлди. Ўтган йилгидан фарқли ўлароқ, мадиналик олтовлоннинг ёнида яна етмиш олти киши бор эди. Улар Расулуллоҳ (с.а.в.)га байъат қилишди. Ушбу воқеа тарихга биринчи Ақаба байъати бўлиб кирди. Орадан бир йил ўтиб худди шу ерда яна Расулуллоҳ (с.а.в.) билан бўлган учрашув иккинчи Ақаба байъати дея ном олди. Бу гал ҳам илк байъат қилган одам Асъад ибн Зурора эди. Айни шу куни маккаликларнинг Мадинага ҳижрат қилиши келишиб олинди.

Ҳижратнинг тўққизинчи ойида, Масжиди Набавий қурилишида вафот этган Асъад Бақиъ қабристонига қўйилган илк ансорий саҳоба бўлди (баъзи ривоятларда илк мусулмон). Яъни, вафотидан сўнг ҳам биринчи бўлиш анъанасини давом эттирди. У, зотан, Мадинада илк жума намозига имомлик қилган инсон ҳам эди. Гарчи ҳижратдан кейин узоқ яшамаган бўлса-да, фидокорлик ва ихлос бобида барчага ўрнак бўларли эди ҳаёти.

Асъад ибн Зурорадан Кабша, Ҳабиба ва Фариа исмли қизлар қолган.

Аллоҳ у зотдан рози бўлсин!

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: