Абу Саид ал-Худрий

Саъд бин Молик бин Синон бин Убайд, куняси Абу Саид ал-Худрий, Адийй бин Нажжор қабиласидан. У мусулмон оилада дунёга келган. Отаси Мадинада ислом ёйила бошлаган паллаларда исломни қабул қилган эди.

Абу Саид Мадинадаги Масжиди Набавий қурилишида қатнашди. Ҳали ёш бўлгани учун Бадр жангига бормаган бўлса-да, ўн уч ёшида Уҳуд ғазотида отаси билан бирга иштирок этди, отаси Молик бу жангда шаҳид бўлди. Шундан кейин оилани боқиш Абу Саиднинг зиммасига тушди. Оилада танглик юзага келгач, хонадон аёллари: “Расулуллоҳ (с.а.в.)га бор, у кишидан сен ҳам бир нарсалар сўра, ҳамма сўраяпти-ку”, дейишди. Абу Саид аввалига бу гапларга қулоқ солмаса-да, аҳвол оғирлашгач, мажбурият билан Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларига йўл олди ва у зот (с.а.в.)нинг хутба ўқиётганлари устидан чиқди: “Истиғно қилган ва номусини ҳимоя этганларни Аллоҳ оламлардан беҳожат қилади”. Бу сўзларни эшитиб, индамасдан ортига қайтди. Кейинги юз берган воқеалар ҳақида Абу Саиднинг ўзи шундай ҳикоя қилади: “Расули Акрам (с.а.в.)дан ҳеч нима сўрамай қайтганимдан сўнг, Аллоҳ таоло бизга ризқимизни етказди. Ишларимиз шу қадар юришдики, ансор орасида биздан бой киши йўқ эди”.

Абу Саид Бани Мустаълиқ ва Хандақ жангида, Ҳудайбия, Хайбар, Макка фатҳи, Табук муҳорабасида – жами Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ўн иккита ғазотларида иштирок этди. Ҳазрати Умар ва ҳазрати Усмон даврларида Мадинада фатво берувчилардан бири бўлди, ҳазрати Али даврларида Наҳравон жангида қатнашди.

Абу Саид ал-Худрий Расулуллоҳ (с.а.в.)дан мингдан ортиқ ҳадис ривоят қилган Абу Ҳурайра, Абдуллоҳ ибн Умар, Анас ибн Молик, ҳазрати Оиша, Абдуллоҳ ибн Аббос, Жобир ибн Абдуллоҳ ал-Ансорий билан бирга “муксирун” номи берилган етти саҳобийнинг биридир. Улар айтган ҳадислар ўн олти мингдан зиёд бўлиб, шундан бир минг бир юз етмиштасини Абу Саид ривоят қилган. Булардан қирқ учтаси Бухорий ва Муслимда, йигирма олтитаси фақат Бухорийда, элликтаси фақат Муслимда, қолганлари бошқа ҳадис китобларида келтирилган. Бу саҳобийнинг ривоятларини Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Аббос, Анас ибн Молик, Ибн Умар, Абу Қатода, Абу Туфайл, Саид бин ал-Мусайяб, Ториқ бин Шиҳоб, Ато, Мужоҳид нақл қилишган. Абу Саид Расулуллоҳ (с.а.в.)дан эшитганларини фақат эҳтиёж бўлганида, суннат янглиш татбиқ этилаётганини кўргандагина ривоят қилар эди. У камбағалларга, бева-бечораларга ёрдам қилар, уларни уйига олиб келиб бошпана берар ва тарбия қиларди. Лайс, Сулаймон ибн Амр шулар жумласидандир.

Асҳобнинг фақиҳ ва олимларидан ҳисобланган Абу Саиднинг Абдураҳмон, Ҳамза ва Саид номли фарзандлари бўлган. Абу Саид ал-Худрий ҳижрий 74-йилда саксон бир ёшда вафот этди.

Аллоҳ у зотдан рози бўлсин!

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: