Абдуллоҳ ибн Равоҳа

Тўлиқ исми Абдуллоҳ ибн Равоҳа ибн Саълаба ибн Имриул Қайс. Куняси – Абу Муҳаммад, унвони – “Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг шоири”.

Буюк саҳобалардан бири бўлмиш Абдуллоҳ ибн Равоҳа (р.а.) Мадинада туғилган бўлиб, Ҳазраж қабиласига мансубдир. Иккинчи Ақаба кунида мусулмон бўлиб, Расулуллоҳ (с.а.в.)га байъат қилган. Ҳижратдан кейин Миқдод ибн Асвадий билан қиёматли дўст бўлди. Абдуллоҳ Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг котибларидан эди.

Абдуллоҳ ибн Равоҳа кучли нотиқ ва буюк шоир бўлиб, Пайғамбаримиз (с.а.в.)га шеър йўли билан ҳужум қилган шоирларга жавоб шеърлари ёзарди. Ундан ташқари яна Каъб ибн Молик ва Ҳассон ибн Собит каби мусулмон шоирлари, керак бўлиб қолганда, кофирларни ҳажв қилишарди. Қуръони каримнинг “Шуаро” сураси, 224-227-оятлари Пайғамбаримиз(с.а.в.)ни чин дилдан суювчи ушбу уч шоир ҳақида нозил бўлгани борасида тафсир китобларида айтилади.

Абдуллоҳнинг шеърлари ҳақида Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Қурайш мушрикларига қарши ўқ ёмғиридан таъсирлироқ”, деганлар.

Мутъа жангига кетишдан олдин йиғлаган Абдуллоҳдан кўз ёшининг сабабини сўрашганда: “Менинг дунёга муҳаббатим, сизлардан эса даъвом йўқдир. Лекин Расулуллоҳ (с.а.в.)дан: (Эй, Муҳаммад,) айтинг: “Ким залолатда бўлса, бас, Раҳмон унинг муддатини узайтирсин, токи ўзларига ваъда қилинган (дунё) азобини ёки қиёматни кўрганларида, албатта, кимнинг мартабаси ёмонроқ ва лашкари ожизроқ эканини билурлар” (Марям, 75), оятини эшитгандим. Оятда айтилганидек, жаҳаннамга тушсам, ҳолим нима кечишини ўйлаб йиғлаяпман”.

Абдуллоҳ ибн Равоҳа Мутъа жангида шаҳид кетади. Ундан ташқари, Зайд ибн Ҳориса, Жаъфари Содиқ ҳам ҳалок бўлишади. Расулуллоҳ (с.а.в.)га бу уч саҳобанинг ўлими ҳақида хабар келтирилганда, чуқур қайғу ва ғамга ботдилар.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) Абдуллоҳ ибн Равоҳа ҳақида: “Биродарингиз ҳеч ботил гап айтмайди”, дея марҳамат қилганлар.

Аллоҳ у зотни раҳматига олган бўлсин!

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Сайт спам билан курашиш учун Akismet’дан фойдаланади. Кўпроқ маълумот бу ерда.

@irfonuz

Бизни Telegram’да ҳам кузатинг

Каналга қўшилиш
Ёпиш

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: