Жобир ибн Абдуллоҳ ибн Амр Ансорий (р.а.). Куняси Абу Абдуллоҳ, Абу Абдураҳмон, Абу Муҳаммад.

Отаси Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ҳаром ибн Каъб ибн Ғанм ибн Салма Ансорий. У киши мадиналик улуғ саҳобий бўлиб, Уҳудда шаҳид кетган ва ансорий дўсти Амр ибн Жамуҳ билан бир қабрга кўмилган эди. Кейинчалик Жобир сув тошган қабрни таъмирлаш учун очганида отаси соқолининг ерга теккан жойигина ўзгарган, қолган жойи ўзгармагани маълум бўлган. Расулуллоҳ (с.а.в.) у киши билан Аллоҳ пардасиз гаплашгани ҳақида башорат берганлар.

Жобир ибн Абдуллоҳ мадиналик илк олти мусулмондан бири. Мазкур олти киши биринчи марта Пайғамбар (а.с.) билан “Ақаба” олдида кўришган. Бир йилдан сўнг яна шу жойда улар сабабли мусулмон бўлган етмиш уч нафар мадиналик билан бирга байъат қилган. Тарихда бу воқеа “Ақаба байъати” номини олди. У зот иккинчи “Ақаба байъати”да иштирок этганлар ичида энг охирги вафот этган кишидир.

Бадр ва Уҳудда иштирок этмаган бўлса-да, кейинги ўн тўққизта ғазотда қатнашган. Яна “Байъатур-Ризвон”да иштирок этган. Расулуллоҳ (с.а.в.) саҳобийларига қарата: “Сизлар Ер юзидаги энг яхши одамларсиз”, деганлар.

Пайғамбар (а.с.) Жобирни эъзозлар, бетоб бўлиб қолса, шахсан ўзлари зиёратга борар эдилар. Бу ҳақда Жобир айтади: “Расулуллоҳ менинг олдимга хачир ҳам, барзувон ҳам минмай келдилар”. Яна бир ҳадисда ривоят қилади: « Расулуллоҳ (с.а.в.) билан Абу Бакр (р.а.) ўзимни билмай ётганимда Бану Саламага яёв келиб, мени кўргани кирибдилар. У зот сув келтириб таҳорат қилибдилар. Юзимга сув сепиб ҳушимга келтирдилар. Мен: “Молимни (меросимни) қандай тақсимлай, ё Расулуллоҳ?” дедим. Шунда “Аллоҳ фарзандларингизга (мерос тақсимида) бир ўғил учун икки қиз улуши баробарида (беришни) буюради. Агар (меросхўрлар) иккидан ортиқ аёл бўлса, уларга (марҳум) қолдирган нарсанинг учдан иккиси, агар якка қиз бўлса, унга (мероснинг) ярми берилур” (Нисо, 11) ояти тушди». Жобирнинг саволига Қуръони каримда оят нозил қилингани ҳам унинг даражаси улуғлигини намоён этади.

У зотда ўзидан кўра бошқаларни афзал кўриш хислати кучли эди. Отаси Абдуллоҳ (р.а.) Уҳудда шаҳид бўлгач, тўққиз синг­лисининг тарбияси Жобир зиммасига қолди. Сингилларига яхши тарбия бериш ниятида бокира қизга уйланиш ўрнига олдин турмуш кўрган аёлга уйланди. Бу амали туфайли Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг барака тилаб қилган дуоларига ҳам мушарраф бўлди.

Жобирнинг уйи масжиддан узоқда жойлашган эди. Шунинг учун ҳовлисини сотмоқчи бўлди. Расулуллоҳ (а.с.) уни бундан қайтариб: “Албатта, сизга ҳар бир қадамингиз учун даража, ажр-савоб бордир”, дедилар.

Жобир тарихда “Лайлатул-баъир”, яъни “туя кечаси” номини олган ва Расулуллоҳ мўъжизаларидан бири зоҳир бўлган воқеанинг асосий қаҳрамонидир. Бу ҳақида унинг ўзи ҳикоя қилади: «Расулуллоҳ (с.а.в.) билан Зотур-Риқоъ ғазотига чиқдим. Мен минган туя нимжон эди. Расулуллоҳ қайтишга амр қилганларида мен орқада қола бошладим. Шунда Пайғамбар (а.с.): “Сенга нима бўлди, эй Жобир?” деб сўрадилар. “Мана бу туя юришимни секинлаштиряпти”, дедим. Шунда у киши: “Уни энгаштир”, дедилар. Мен айтганларини қилдим. У зот ўзлари ҳам эгилиб: “Менга қўлингдаги таёқни бер”, дедилар. Бердим. У билан туяни бир неча бор ниқтаб, “Мин”, дедилар. Аллоҳга қасамки, шундан сўнг туя барчадан ўзиб кета бошлади. Расулуллоҳ: “Уни менга сотмайсанми?” дедилар. “Сизга ҳадя қиламан”, дедим. У киши: “Йўқ, сотақол”, дедилар. “Уни баҳолаб беринг”, дедим мен. “Уни бир дирҳамга олишим мумкин”, дедилар. “Нархини паст айтиб юбордингиз”, дедим. “Икки дирҳам”, дедилар. “Йўқ!” дедим. Нархни бир уқияга кўтаргунларича “Йўқ!” деб туравердим. Шундан сўнг: “Розимисиз, ё Расулуллоҳ?” дедим, “Ҳа”, дедилар. “У сизники”, дедим мен».

Мазкур кечада Расулуллоҳнинг Жобир ҳақига йигирма беш марта истиғфор айтганлари машҳурдир.

Ибн Мардавайҳдан ривоят қилинади: «Толқ ибн Ҳабиб айтади: “Мен шафоатни қаттиқ инкор қилар эдим. Бир куни Жобир ибн Абдуллоҳга рўбарў келиб, дўзах аҳли жаҳаннамда абадий қолиши ҳақида Қуръондан билган барча оятларимни ўқиб бердим. Шунда у: “Эй Толқ, ўзингча Аллоҳ китобини ва Расулуллоҳ суннатларини мендан кўра яхши биламан, деб ўйлайсанми? Сен қироат қилган оятлардаги дўзах аҳллари мушриклардир. Аммо, анавилар гуноҳ қилиб, азобланиб, сўнгра дўзахдан чиқарилганлардир”, деди ва икки қўли билан қулоғини ушлаб туриб: “Агар Расулуллоҳдан дўзахга кирганларидан кейин чиқарилурлар, деганларини эшитмаган бўлсам, манавилар кар бўлсин! Биз ҳам сен ўқиган нарсани ўқиганмиз”, деб айтди».

Жобир Миср ва Шом, айниқса, Мадинада кўп одамларга илм берди, ўз даврида Мадина муфтийси бўлди.

Жобир энг кўп ҳадис ривоят қилган саҳобийлар ичида олтинчиси бўлиб, ундан 1540 та ҳадис ривояти етиб келган. Икки шайх (Бухорий ва Муслим) 85 тасига иттифоқ қилганлар. Бухорий унинг 26 та, Муслим эса 120 та ҳадисини ўз тўпламига киритган.

У зот 74/693 йил Мадинада вафот этди. Жанозасини Абон ибн Усмон ўқиди.

Аллоҳ бу саҳобийдан рози бўлсин!

 

Салоҳиддин Сиддиқов

Дўстларга тавсия этиш
2018 йил 19 февралда эълон қилинган  585 марта кўрилган