Усайд ибн Ҳузайр ибн Саммок ибн Атийк ибн Рофеъ ибн Имриулқайс. Мадинанинг Авс қабиласидан бўлиб, насабда Саъд ибн Муоз (р.а.) билан боғланади. Отаси Ҳузайр ибн Саммок Авснинг раисларидан эди. Онаси Умму Усайд бинти Сакан бўлиб, иккинчи Ақабада имонга келган.

Ҳазрат Усайд ниҳоятда камтар, лекин шижоатда ўткир, хайр-саховатда илғор зот эди. Исломга қадар ўз қабиласи, қолаверса, атрофдаги араб қабилалари орасида моҳир жангчи ва мерган сифатида танилган. Исломга киришига Мусъаб ибн Умайр (р.а.) сабабчи бўлди. У кишига эргашиб, Саъд ибн Муоз ҳам имон келтирди.

Усайд ибн Ҳузайр Мусъаб ибн Умайрдан Қуръонни ўрганиб, у зотнинг етук шогирдларидан бирига айланди. Қироати ниҳоятда ёқимли ва ўта ширали бўлган. Абу Саид Худрийдан ривоят қилинади: «Усайд ибн Ҳузайр тунда Бақара сурасини ўқиётган эди. Бир пайт ёнгинасида боғланган от ҳурка бошлади. У қироатдан тўхтади. От ҳам тинчланди. Яна ўқий бошласа, от ҳам безовталанар эди. Қироатни тўхтатса, яна жим бўларди. Ўша вақтда ўғли Яҳё от ёнида эди. От босиб олмасин деб, қироатни тўхтатиб унинг олдига борди. Ўғлини отдан узоқроққа қўйгач, осмонга қараса, унда соябонларга ўхшаш, остида нур таратиб турган нарсалар бор экан. Тонг отгач, бўлган воқеани Расулуллоҳ (с.а.в.)га айтиб берди. У зот (а.с.): “Ҳузайрнинг ўғли, қироатингни давом эттиравермадингми?” дедилар. Усайд айтди: “Боламни от босиб қолишидан қўрқдим. У отнинг яқинида эди. Отдан узоқроққа қўйиб осмонга қарасам, у ерда соябонга ўхшаш, ичида чироғи бор нарсалар турган экан. Уйимдан чиқиб қарасам, йўқ бўлиб қолибди”. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Улар нималигини биласанми?” деб сўрадилар. Усайд: “Йўқ”, деди. Расулуллоҳ: “Улар овозингни эшитиш учун пастга тушган фаришталар эди. Агар тонггача ўқиганингда, одамлар ҳам уларни кўрган бўларди. Фаришталар ҳам улардан қочмас эди”, деб айтдилар».

Ҳижратдан кейин Усайд ибн Ҳузайр кўп жангларда иштирок этди. Жанг майдонида қўлланилиши мумкин бўлган ҳийла ва усуллар юзасидан доим Расулуллоҳ (с.а.в.) билан маслаҳатлашиб турди. Шундай воқеалардан бири Хандақда содир бўлди. Жангда мусулмон аскарларининг заифлашиб бориши кузатилди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.) душман билан музокарага киришишни ҳам режа қилдилар. Лекин Усайд ибн Ҳузайр, Саъд ибн Убода ва Саъд ибн Муоз жонбозлик кўрсатиб, Расулуллоҳни бу фикрдан қайтишга кўндирдилар. Тез орада жанг мусулмонлар фойдасига ҳал бўлди.

Усайд ибн Ҳузайр эрка саҳобийлардан бўлиб, Расулуллоҳ унинг эркалигини кўтарар ва гапини доим инобатга олардилар. Шунинг учун Пайғамбар (а.с.)га яқин юришни канда қилмасди.

Абдураҳмон ибн Абу Лайло отасидан ривоят қилади: «Усайд ибн Ҳузайр хушчақчақ ва хушрўй киши эди. Бир куни Расулуллоҳ ҳузурларида гапириб қавмни кулдираётган пайтида у зот бармоқлари билан биқинига ниқтадилар. Шунда у: “Менга азоб бердингиз!” деди. Набий (а.с.): “Ўчингни ол!” деб айтдилар. “Эй Аллоҳнинг расули, сизни эгнингизда кўйлагингиз бор, менинг эгнимда кўйлак йўқ эди”. У зот кўйлакларини кўтардилар. Шунда Пайғамбар (а.с.)ни қучоқлаб олиб, биқинларидан ўпиб: “Ота-онам сизга фидо бўлсин, мен шуни хоҳлаган эдим”, деди».

Усайд ибн Ҳузайр саҳобийлар орасидаги баъзи келишмовчиликларни ислоҳ қилиш борасида доно маслаҳатларини бера олган. Пайғамбаримиз вафотларидан кейин мусулмонлар халифасини тайинлаш вақтида ҳам унга хос бўлган сифатлар иш берди. Абу Бакр ислом давлатининг бошлиғи Қурайшдан бўлиши керак деган сўзда қаттиқ турди. Натижада, муҳожир ва ансорлар ўртасида тортишув бошланди. Вазиятни синчковлик билан кузатиб турган Усайд ибн Ҳузайр сўз олиб, ансорларни тинчлантира олди, мусулмон умматини катта хатардан сақлаб қолди. Бу билан ислом тарихида жиддий муаммога тўғри ечим топиб, адолат бобида Пайғамбар (а.с.)нинг чинакам уммати эканини исботлади. У киши ансорларга айтди: “Расулуллоҳ муҳожирлардан бўлганларини биласиз. Демак, у зотнинг халифалари ҳам муҳожирлардан бўлиши лозим. Биз Расулуллоҳнинг ансорлари бўлдик ва бугун ҳам у зот халифасининг ансорлари бўлишимиз керак”. Бу сўзлар мажлис аҳлига манзур келди.

Абу Бакр Сиддиқ даврида ўз маслаҳатлари билан доим ҳозир бўлди. Хасталик етиб, Абу Бакр ўзидан кейинги халифани сайлаш хусусида ҳузурига Усайд ибн Ҳузайр, Усмон ибн Аффон, Абдураҳмон ибн Авф, Саид ибн Зайдни чорлади. Барчанинг фик-ри бир овоздан Умар ибн Хаттоб номзодида тўхтади.

Усайд ибн Ҳузайр ҳазрат Умар пайтида ҳам давлатнинг йирик арбобларидан бири бўлди. У 641 (ҳижрий 20) йили шаъбон ойида вафот этди. Жанозасини Умар ибн Хаттоб ўқиди.

Аллоҳ рози бўлсин!

Манбалар асосида Салоҳиддин Сиддиқов тайёрлади.

Дўстларга тавсия этиш
2018 йил 9 январда эълон қилинган  515 марта кўрилган