Исми Абдуллоҳ, куняси Абу Абдурраҳмон. Отаси Масъуд Бани Зуҳра қабиласидан, онасининг исми Умму Абд.

У Расулуллоҳ (с.а.в.) билан танишувини қуйидагича хотирлайди: «Мен Уқба ибн Абу Муайтнинг қўйларини боқардим. Кунларнинг бирида Расулуллоҳ (с.а.в.) Абу Бакр (р.а.) билан ўтиб қолдилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) мендан сут сўрадилар. У зотга чўпонлигим ва қўйлар менга омонат эканлигини айтдим. Буни эшитиб Пайғамбар (с.а.в.): «Сут бермайдиган қўйинг борми? Менга кўрсат», дедилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) мен кўрсатган қўйни соға бошладилар. Сўнгра сутни Абу Бакрга узатдилар. Олдин Абу Бакр ичди, кейин идишни Расулуллоҳ (с.а.в.) олдилар ва ўзлари ҳам ичдилар. Кейин қўйни қўйиб юбордилар» (Ибн Саъд, «Табақот»).

Абдуллоҳ Исломни қабул қилганларнинг олтинчиси. Имон келтирганда Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳали Арқамнинг уйига кўчмагандилар. Мусулмон бўлганидан кейин Қуръонни ёдлашга киришди. Бу борада ҳеч бир саҳоба Абдуллоҳнинг олдига тушолмасди. Охир-оқибат Қуръонни тўлиқ ёд олди.

Абдуллоҳ ибн Масъуд Каъбада баланд овоз билан тиловат қилган биринчи саҳобийдир. Шунинг учун ҳам у Қурайш кофирларининг таъқибига учраб, Ҳабашистонга ҳижрат қилишга мажбур бўлди. Кейинчалик Мадинага ҳижрат қилиб, Муоз ибн Жабалнинг уйига тушди.

Ҳазрат Умар ўз даврларида, ҳижрий йигирманчи йилда Абдуллоҳни Куфа қозиси этиб тайинладилар. Бундан ташқари, Ибн Масъуд Байтулмолни тасарруф қилиш ва ҳалққа таълим бериш мажбуриятини ҳам олди. Бу ҳақида Умар ибн Хаттоб (р.а.) Куфа аҳлига мактуб жўнатдилар: «Сизларга Аммор ибн Ёсирни амир, Ибн Масъудни устоз қилиб жўнатяпман. Байтулмол муҳофазасини Ибн Масъудга топширдим. Иккови ҳам Бадр аҳлидандир. Уларга қулоқ солинг ва бўйсунинг. Ибн Масъудни ёнимда олиб қолмоқчийдим, лекин сизларни ўзимдан афзал билдим».

Ибн Масъуд Исломга киргани ҳамон илм олишга ғайрат қилди. Расулуллоҳ (с.а.в.) ундаги ғайрат ва шавқни кўриб: «Сен муаллим бўладиган йигитсан», деб марҳамат қилдилар. Ибн Масъуд Қуръонни шахсан Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан ўрганди. У Қуръонни энг яхши билган ва мукаммал ёд олган камсонли cаҳобийлардан ҳисобланарди. Шунинг учун Расулуллоҳ (с.а.в.): «Қуръонни тўрт кишидан ўрганинг: Ибн Масъуд, Муоз ибн Жабал, Убай ибн Каъб ва Абу Ҳузайфанинг қули Солимдан», деб айтганлар (Имом Бухорий ривояти).

Ибн Масъуд «муксирун» – энг кўп ҳадис ривоят қилган саҳобалардан бири. Бу борада жуда эҳтиёткор эди. Ундан ривоят қилиниб, саҳиҳ китоблардан ўрин олган ҳадисларнинг адади 848 та. Шулардан 64 тасини Имом Бухорий ва Имом Муслим биргаликда (муттафақун алайҳ), Имом Бухорий 21 та, Имом Муслим 38 та ҳадис ривоят қилишган.

Ибн Масъуд фиқҳ илмининг ҳам билимдонларидан эди. Хусусан, ҳанафий мазҳаби асоси унинг ривоят ва ижтиҳодларига таянади. Юқорида эслаб ўтганимиздек, Ибн Масъуд Куфа қозиси бўлган. Унинг пешқадам шогирдларидан бири Алқама ибн Қайс эди. Ундан кейин Иброҳим Нахаъий Куфада машҳур бўлди. У бутунлай Ибн Масъуднинг ижтиҳодларига суянарди. Ибн Масъуднинг илм хазинаси Иброҳим Нахаъийдан Ҳаммод ибн Сулаймонга ўтган. Ҳаммод эса Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собитнинг устозидир.

Ибн Масъуд йирик муфассир сифатида ҳам Ислом тарихида машҳур.

Абдуллоҳ ибн Масъуд ёши олтмишга етганида касалланди. Бир куни тушида Расуллоҳ (с.а.в.)ни кўрди. Пайғамбаримиз (с.а.в.) уни ёнларига чақираётган эдилар. У ҳижрий ўттиз иккинчи йилда вафот этди. Зубайр ва ўғли Абдуллоҳ уни ювиб кафанладилар. Саҳиҳ ривоятларга кўра, жанозасини Усмон ибн Аффон (р.а.) ўқидилар. Усмон ибн Мазъун қабрга қўйди.

Аллоҳ у зотдан рози бўлсин!

 

Шоакмал Шоакбар ўғли тайёрлади

Дўстларга тавсия этиш
2012 йил 13 июнда эълон қилинган  2501 марта кўрилган