Усмон ибн Мазъун ибн Ҳабиб ибн Ваҳб ибн Ҳузофа ибн Жумаҳ ибн Амр ибн Мусайс ибн Каъб Жумаҳий (р.а.). Куняси Абу Соиб. Ота-онаси ҳақида маълумотлар учрамайди.

Усмон ибн Мазъун ниҳоятда зийраклиги, тақво, садоқат ва қаноати билан танилган Ҳавла бинти Ҳаким исмли аёлга уйланганди. У яхши тарбия кўрган оила фарзанди эди.  Қабиладошлари орасида чиройли хулқи ва одоби билан ажралиб турарди. Жоҳилиятда ҳам ичкиликка асло яқинлашмади. У ичкиликни танқид қилиб: “Ақлни кетказадиган ва масхараланишга сабаб бўладиган, ўзимга номуносиб аёлга уйланишимга мажбур қиладиган бу нарсани асло ичмайман”, дерди.

Фитрати тоза Усмон ибн Мазъун исломни ўн учинчи бўлиб қабул қилган. У Убода ибн Ҳорис ибн Абдулмутталиб, Абдураҳмон ибн Авф, Абу Салама ибн Абдул Асад, Абу Убайда ибн Жарроҳ билан келиб, Пайғамбар (а.с.) ҳузурларида исломга кирган. У пайтда ҳали “Дорул Арқам” даъват уйига айлантирилмаган эди.

Усмон ибн Мазъуннинг исломга кириш воқеаси қуйидагича келтирилган: «Бир куни Пайғамбар (а.с.) уйлари олдида ўтирар эдилар. Усмон ибн Мазъун ўша кўчадан ўтаётиб, у зотга кўзи тушди ва табассум қилди. Шунда икки дунё сарвари унга юзланиб: “Бир оз ўтириб дам олмайсанми?” дедилар. Усмон ибн Мазъун Пайғамбар (а.с.)нинг ҳузурларига келиб ўтирди. Ўзаро суҳбат асносида Расулуллоҳ (с.а.в.)да бир ҳолат пайдо бўлди. Не ҳолки, у зотнинг қаршиларида бир одам пайдо бўлиб, баъзи нарсаларни гапирди ва ғойиб бўлди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.) муборак бошларини қимирлатиб, розилик ва тушунганлик ишорасини билдирдилар. Усмон ибн Мазъун бундан таажжубланиб: “Сизга нима бўлди?” деб сўради. Пайғамбар (а.с.) эса Аллоҳнинг элчиси Жаброил (а.с.) келгани ва Наҳл сурасининг 90-оятини таълим берганини айтдилар» (Аҳмад Ҳанбал, “Муснад”). Бу ҳодиса Усмон ибн Мазъуннинг қалбида имон нури порлашига сабаб бўлди.

Манбаларда Усмон ибн Мазъун дунёга муҳаббат қўймаган обид ва зоҳид киши сифатида таърифланади. У кечалари кўп ибодат қилар, кундузлари эса рўза тутарди.

Усмон ибн Мазъун ислом тарихидаги биринчи Ҳабашистон ҳижрати вақтида илк ўн беш муҳожирга бошчилик қилди. Қурайшнинг исломга киргани ҳақида хабар тарқалгач, фурсатни қўлдан бермай бир неча муҳожир билан Макка сари отланди. Лекин Маккага яқинлашар экан, бу хабар ёлғонлигини билди. Шунда ўзаро кенгашиб, муҳожирларнинг ҳар бирлари Маккадаги дўстлари ҳимоясига киришга қарор қилдилар. Усмон ибн Мазъун Валид ибн Муғира ҳимоясига кирди. Бошқа муҳожирлар ҳам ўз яқинлари уйидан жой олиб, кўнгиллари бир оз таскин топгандай бўлсада, лекин қилган ишларда афсусда эдилар.

Бировни ўз ҳимоясига олиш араб қавмларига хос одатлардан ҳисобланган. Усмон ибн Мазъун бундай ҳимояда туришни ўзига эп кўролмай қалби қаттиқ изтиробда эди. Бир куни ўзига ўзи: “Аллоҳга қасам, менинг дўстларим Аллоҳ йўлида азият ва машаққат чекар экан, бир мушрик ҳимоясида роҳат ва омонликда яшашим дуруст эмас”, деб ўзини айблай бошлади. Дарҳол ўрнидан турди ва Валид ибн Муғиранинг олдига бориб: “Эй Абу Абдушшамс! Ортиқ сенинг ҳимоянгда қололмайман”, деди. Валид сабабини сўраганида, у: “Мен Аллоҳнинг ҳимоясини қабул этаман. Ундан бошқасининг ҳимоясига киришни истамайман”, деб жавоб берди. Валид: “Ундай бўлса, Каъбага бориб, ўша ерда ҳам шу гапингни айтасан”, деди. Икковлари бирга Каъба томон йўл олди. Усмон ибн Мазъун: “Мен Аллоҳдан бошқанинг ҳимоясида бўлишни хоҳламайман. Шунинг учун қариндошим Валиднинг ҳимоясидан чиқаман”, дея эълон қилди.

Шундан сўнг Усмон ибн Мазъун катта мусибат ва балолар гирдобида қолди. Ҳижратга рухсат берилганидан кейин аёли ва ўғлини олиб Мадинага ҳижрат қилди. Пайғамбар (а.с.) Усмон ибн Мазъунни Мадинада Абул Ҳусайм билан биродар қилдилар.

Усмон ибн Мазъун Расулуллоҳ (с.а.в.) билан эмикдош саҳобийлардан бири эди. У хайрли ишларда пешқадам, ҳақ йўлда мустаҳкам ва ислом йўлида фидокор инсон бўлиб танилди. Мадинага ҳижратдан сўнг Уммул Аълонинг оиласидан паноҳ топди. Ўша жойда хасталаниб, вафот этди. Унинг вафотини эшитиб Расулуллоҳ (с.а.в.)  келдилар. Усмон ибн Мазъунни эгнидаги кийимига кафанлашди.

Уммул Аъло вафотидан кейин тушида Усмон ибн Мазъун учун оқиб турган булоқни кўрганини айтади: «Уйғонганимдан сўнг Пайғамбар (а.с.) ҳузурларига бориб, кўрган тушимни айтиб бердим. “Бу унинг яхши амаллари эвазидир”, деб марҳамат қилдилар».

Усмон ибн Мазъун Мадинада вафот этган илк муҳожир саҳобий ҳисобланади. Бу ҳодиса ҳижратдан ўттиз ой кейин содир бўлган эди. Дунёдан кўз юмганида Расулуллоҳ (с.а.в.) унинг жасадига қараб: “Аллоҳ ва Расулини севарди”, деб кузатарканлар, кўз ёшларини тутолмадилар. “Эй Абу Соиб! ...Аллоҳ сени ўз раҳматига олсин! Дунёдан ўтдинг... на сен дунёга муҳаббат қилдинг, на у сенга муҳаббат қилди”, деб марҳамат этдилар. Дафн қилинганидан сўнг: “У бизнинг қандай яхши биродаримиз эди...” дедилар. У пайтда ҳали мусулмонларнинг алоҳида қабристонлари ҳам йўқ эди. Шунда Пайғамбар (а.с.) Усмон ибн Мазъунни Бақиъ қабристонига дафн этишни буюриб, ўзлари бу ишда бош-қош бўлдилар. Усмон ибн Мазъуннинг жанозасини ўзлари ўқиб бердилар. У Бақиъ қабристонига қўйилган дастлабки муҳожир сифатида тарихда қолди. Аллоҳ бу саҳобийдан рози бўлсин!

Салоҳиддин Сиддиқов тайёрлади.

Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 12 августда эълон қилинган  229 марта кўрилган