Жарир ибн Абдуллоҳ Бажалий. Куняси Абу Амр. Отаси Абдуллоҳ ибн Жобир Бажалий. Онаси Бажила бинти Саъб (Мусъаб) ибн Али.
Бир куни саҳобийлар билан суҳбатлашиб ўтирганларида Пайғамбар (а.с.): “Сизларнинг олдингизга бу тарафдан хайрли инсон келмоқда. Унинг юзида фариштанинг аломати бор”, дедилар. Шунда Жарир (р.а.) кириб келди.
Жарир Яманнинг машҳур Аҳмас қабиласи бошлиғи эди. Бир куни қабила номидан Расули акрам (с.а.в.)нинг ҳузурларига келганида, “Олдингизга бир қавмнинг улуғи келса, уни эҳтиром қилинг”, деб устиларидаги ридони Жарирга кийдириб қўйдилар. Бунга жавобан ридони ўпиб, кўзларига суриб: “Мени иззат қилган бўлсангиз, сизни Аллоҳ иззат қилсин”, деди. Кейин ридони Пайғамбаримиз (а.с.)нинг устиларига ташлаб қўйди. Шунда Расули акрам (с.а.в.) айтдилар: “Ким Аллоҳга ва қиёмат кунига имон келтирган бўлса, бир қавмнинг ҳурматлиси келса, уни икром қилсин”.
Видолашув ҳажида Жарир (р.а.) Расулуллоҳ (с.а.в.) билан бирга эди. Набий (а.с.) Мадинага қайтганларида химярийлар раҳбари Зул-Калб ва Яман ҳукмдори Зу-Амрни исломга чақириш вазифасини юкладилар. Ярим йўлга етганида Пайғамбар (а.с.)нинг вафот этганларини эшитди. Атрофидагиларга вазифани якунига етказишни топшириб, ўзи Мадинага қайтди.
Жарир (р.а.) Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларига тўсиқсиз кира олар, у зотнинг ишончларини қозонган эди. Уни ҳар кўрганларида Пайғамбар (а.с.) табассум қилардилар. 
Набий (а.с.) Жарирга махсус вазифалар топширардилар. Бу ҳақда унинг ўзи бундай дейди: «Расулуллоҳ (с.а.в.): “Сен мени Зул-халасадан халос қиласанми?” деб сўрадилар. “Ҳа”, деб жавоб бердим ва аҳмаслик бир юз эллик отлиқ чавандозни олиб келдим. Лекин мен от устида мустаҳкам ўтира олмас эдим. Буни Расулуллоҳ (с.а.в.)га айтганимда, у зот қўллари билан кўксимга уриб: “Ё Аллоҳ! Уни собит қил, ҳидоятга бошловчи ва ўзини ҳам ҳидоят берилганлардан айла”, деб ҳақимга дуо қилдилар. Шундан кейин бирор марта отдан йиқилмадим». 
Зул-халаса – Ямандаги Хасъам ва Бажила қабилаларига тегишли уй бўлиб, ичида бутлар бор эди. Уни “Яманнинг Каъбаси” деб ҳам аташарди. Жарир ўша бутларнинг ҳаммасини синдириб, ёқиб юборди. Пайғамбар (а.с.) Жарир ва ҳамроҳлари ҳамда Аҳмас қабиласини дуо қилдилар.
Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг вафотларидан кейин Жарир анча маҳзун бўлиб юрди. Шунга қарамай, суннатларини бажариб, ҳар бир амалида у кишига эргашган ҳолда ҳаёт кечирди. Абу Бакр (р.а.) халифа бўлганидан кейин Жарирнинг Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларида қандай мавқега эга эканини билгани сабабли ҳурматини жойига қўйди ва ўзи ҳам у кишидан рози ҳолда вафот этди. Абу Бакр (р.а.) даврида Жарир Хасъам ва Бажила қабилалари орасидан чиққан муртадларга қарши жанг олиб борди. Исёнлар бостирилгач, Нажрон минтақасига масъул бўлиб турди. Ироқдаги жангларда иштирок этди ва бу жангдан кейин Холид ибн Валид (р.а.)га ёрдам бериш учун Ямомага кетди.
Ҳазрат Умар (р.а.) даврида Жалиладаги жангларда қатнашди. 
Ҳазрат Усмон (р.а.) даврида Куфа волийси Муғирага ёрдамчи сифатида Ҳамадонга вақтинчалик ҳоким бўлди. Саъд ибн Ос қўмондонлигида Озарбойжон фатҳида ҳам иштирок этди. Усмон (р.а.) Жарирга Фурот яқинидаги ерлардан берди.
Юзга яқин ҳадис ривоят қилган бу улуғ саҳобий 51/671 йили вафот этди. Аллоҳ ундан рози бўлсин!
 
Салоҳиддин Сиддиқов тайёрлади.
Дўстларга тавсия этиш
2017 йил 24 июнда эълон қилинган  153 марта кўрилган