Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг энг яқин дўстларидан, Ислом тарихидаги забардаст шахслардан бири бўлмиш Убай ибн Каъб Мадинанинг Ҳазраж қабиласидан эди. Туғилган йили аниқ эмас. Отасининг исми Каъб, онаси Суҳайло. Убайнинг икки куняси бор эди – Абу Мунзир ва Абу Туфайл.

Исломни ҳижратдан аввал, иккинчи ақаба байъатида етмиш нафар мадиналик қатори қабул қилди. Ҳижратдан кейин ашараи мубашшарадан бўлган Саид ибн Зайд билан қиёматли дўст тутинди. Жоҳилияда ёзиш ва ўқишни биладиган кам сонли инсонлардан бири; битикларининг тагига фалончи ёзди, деб имзо қўйган илк мусулмон эди.

Мадина даврида Убай Пайғамбаримиз (с.а.в.)га котиблик қилди. Жаброил (а.с.) ваҳий келтиргач, ёзгани ҳамоно ёдлаб олар ва Расулуллоҳ (с.а.в.)га ўқиб берарди.

Убай ибн Каъб ширали овозга эга бўлиб, Қуръони каримни энг чиройли қироат қиладиган саҳобалардан бири эди ва Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг: “Умматнинг энг яхши қориси Убайдир!” деган эътирофларига сазовор бўлганди. Кейинчалик Саййидул қурро, яъни, қорилар етакчиси деган лақаб орттирган. Анас ибн Молик айтади: “Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳаётлик чоғларида Қуръонни тўрт киши тўла ёд олганди. Булар: Убай ибн Каъб, Муоз ибн Жабал, Абу Зайд ва Зайд ибн Собит” (Имом Бухорий, Имом Термизий).

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос айтади: «Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг бундай деганларини эшитдим: “Қуръонни тўрт кишидан ўрганинглар: Абдуллоҳ ибн Масъуддан, Абу Ҳузайфанинг қули Солимдан, Муоз ибн Жабалдан ва Убай ибн Каъбдан» (Имом Бухорий).

Убай Қуръон қироатини шахсан Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ўрганди. Қуръонга бўлган рағбат ва муҳаббати туфайли фазилати ортиб, Пайғамбаримиз (а.с.) олқишлари, саҳобалар ҳурматига сазовор бўлди.

“...Бир куни аср намозидан кейин Сарвари анбиё (с.а.в.) асҳобга ўгирилдилар, Мавло ҳузурида нурланган юзларини нурланиш истаган кўзларга қаратдилар. Ҳамиша гўзал эдилар. Аммо баъзан ваҳий кетидан ёки намоздан сўнг шундай ҳолга тушардиларки, кўзлар бу гўзаллик ва ҳайбатга бардош беролмай, ерга қарарди. Ҳозир ҳам шундай ҳолат рўй берди. Нигоҳлари масжид ичида сайр этиб, бир четда жим ўтирган одамда тўхтади. Кулимсираб:

– Эй Убай! — дея овоз бердилар.

Убай ибн Каъб дарҳол оёққа турди.

– Лаббай, ё Набиюллоҳ! – деди. Одоб ва ҳурмат билан қошларига келиб ўтирди.

– Аллоҳ таоло сенга Баййина сурасини ўқишимни буюрди, – дедилар Расулуллоҳ (с.а.в.).

Бу сўзлар Убайнинг қулоқларини қиздирди. Кўзлари ҳаяжондан ёнди.

– Менинг исмимни айтиб, шуни буюрдими, ё Набиюллоҳ?!

– Ҳа!

Убай қуйилиб келган ёшларни тўхтатишга уринмади ҳам. Зотан, йиғлаётган фақат у эмасди. Бундай хушхабарни эшитганлар орасида ҳам кўзёшларини артганлар бўлди.

– Қулоғим сизда, ё Расулуллоҳ, Раббимнинг амри бошим устига.

Пайғамбарлар имоми (с.а.в.) бу хос амрни жойига келтириш учун “Бисмиллоҳ...”ни айтдилар ва ўқий бошладилар... 

Ўша кеча Убай севинч кўзёшларини тўкди. Пайғамбарига бу бандасининг отини билдириб ўқишини буюрган Раббига ҳамду санолар айтди. Руҳида мавж урган туйғуларни тилда ифодалаш имконсиз эди. Ўша куни ҳис қилган бахтга ҳаёти давомида эришмаганди. Ҳа, Қуръонни Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг тақдирларига лойиқ даражада чиройли ўқийдиган Убайнинг Қуръонга бўлган хизмати мукофоти эди бу!” (“Саодат асри қиссалари”).

Убай Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳаётлик чоғларида фатво бера олган озчиликдан бириб бўлган. Саҳл ибн Муҳаммад ривоят қилади: “Расулуллоҳ (с.а.в.) даврларида фатво берган уч муҳожир ва уч ансор бор эди. Муҳожирлар Умар, Усмон, Али, ансорлар эса, Убай ибн Каъб, Муоз ибн Жабал ва Зайд ибн Собитдир”.

Убай ибн Каъб Абу Бакр халифалиги вақтида муҳим вазифаларни бажарди. Ҳазрат Абу Бакр бирор аҳамиятли масалага дуч келиб, ечимини Қуръон ва суннатдан топа олмаса, олим саҳобаларни тўплаб кенгашарди. Убай ибн Каъб эса ана шу кенгашнинг доимий аъзоси эди. Шунингдек, ўша пайтда фатво бериш билан ном қозонганди.

Убай иккинчи халифа ҳазрат Умар назарига тушганди. Уни қаттиқ ҳурмат қилар, Саййидул муслимин (мусулмонлар улуғи) дея эъзозларди. Умар кунларнинг бирида халққа юзланиб деди: “Қуръон ҳақида саволи борлар Убайга, фароиз (мерос илми)дан саволи борлар Муозга, мол-мулк кераклар менга мурожаат қилсин. Чунки Аллоҳ мени хазинабон ва тарқатувчи қилиб қўйди”.

Убай ибн Каъб таровеҳ намозини илк бор жамоат билан ўқиган инсондир. Расулуллоҳ (с.а.в.), у кишининг вафотларидан кейин Абу Бакр, кейинроқ Умар ибн Хаттоб даврларида таровеҳ, айрим ҳолатлардан ташқари, жамоат билан эмас, якка ҳолда адо этиларди. Кунларнинг бирида ҳазрат Умар масжидга келиб таровеҳни ҳар ким ўзича ўқиётганини кўрди. Кимдир ўзи, кимдир кичик жамоат билан ўқирди. Ҳазрат Умар жамоатни битта имом ортига жамлашга қарор қилди ва эртасига Убай ибн Каъбни таровеҳ намозига имом қилди. Шундан кейин таровеҳ жамоат билан ўқиладиган бўлди.

Убай ибн Каъб ривоят қилган ҳадислардан бири қуйидагича: “Одамнинг бир водий тўла моли бўлса, иккинчисини истайди. Иккита водий тўла моли бўлса, учинчисини хоҳлайди. Одамнинг ичини тупроқдан бошқа нарса тўлдиролмайди. Аллоҳ эса, тавба қилганнинг тавбасини қабул қилади”.

Убай ибн Каъбнинг вафоти ҳақида турли фикрлар бор. Баъзи маълумотларга кўра,  ҳазрат Умар даврида вафот этган.

Аллоҳ таоло у зотдан рози бўлсин!

 

Шоакмал Шоакбар ўғли

Дўстларга тавсия этиш
2016 йил 4 январда эълон қилинган  917 марта кўрилган